Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари матбуот анжумани ўтказди

2020-02-03 | Сиёсат

“Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон ва АҚШ делегациялари ўртасидаги бўлиб ўтган музокаралардан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео учрашув натижалари юзасидан маълумот берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Учрашувда Ўзбекистон – Америка ҳамкорлиги юқори суръатларда ривожланиб бораётгани, у тизимли ва доимийлик касб этгани қайд этилди”, – деди Абдулазиз Комилов.

Ташқи ишлар вазири ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлар асосида ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг Америка Қўшма Штатлари томонидан эътироф этилиши натижасида ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, музокараларда асосий эътибор Вашингтон шаҳрида 2018 йил май ойида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – АҚШ саммити доирасида эришилган келишувлар ижросига қаратилди. Томонлар янги руҳда давом этаётган стратегик ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиб, таълим, инновация, замонавий технологиялар ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни давом эттиришга келишиб олди.

“АҚШ мамлакатимизда сўнгги йилларда диний эркинликни таъминлаш, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сўз эркинлигини таъминлашда эришилаётган ижобий натижаларни яна бир бор эътироф этди. Биз кун тартибида турган ва ҳал этилиши керак бўлган бошқа масалалар бўйича мулоқотни давом эттирамиз”, – деди А.Комилов.

Шунингдек, минтақавий интилишларда Ўзбекистон ва АҚШ тутуми яқин экани, томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликка мустаҳкамлашда ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. “С5+1” шаклидаги музокаралар бу мақсаддаги кўп томонлама интилишларни самарали рўёбга чиқаришнинг дипломатик механизми экани билдирилди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари замонавий таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонда тинчликка эришиш, ушбу давлатда иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида Афғонистонни Марказий Осиёнинг савдо-иқтисодий жараёнларига жалб қилиш ва транзит-коммуникация тизимларига интеграциялашувига кўмаклашиш каби долзарб вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашилганини таъкидлади.

АҚШ Давлат котиби ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг олий даражадаги ташрифи тарихий аҳамият касб этгани, Ўзбекистонда сўнгги йилларда фуқаролик жамиятини ислоҳ қилиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, сўз ва диний эркинлик соҳаларида ижобий натижаларга эришилганини қайд этди ва буни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“Бугунги мулоқот якуни бўйича айтишим мумкинки, ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил давом этади. Истагимиз Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига Америка бизнеси вакиллари ҳам муносиб ҳиссасини қўшсин, янги иш ўринлари яратилсин. Биз Ўзбекистонда молия ва солиқ тизимида давом этаётган ислоҳотларга техник ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Учрашувда хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу ўринда Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз”, - дея қайд этди Майкл Помпео.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби AҚШ Ўзбекистон билан Aфғонистон ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш учун бир миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Давлат котиби АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг минтақа бўйича саъй-ҳаракатларига ҳам тўхталди. Унинг билдиришича, АҚШ Марказий Осиё бўйича янги стратегия ишлаб чиқмоқда. “Айни пайтда Тошкентда ўтадиган “Марказий Осиё – АҚШ” шаклидаги вазирлар учрашувини сабрсизлик билан кутмоқдамиз. Ҳамкорликнинг ушбу шакли терроризмга қарши курашиш, минтақавий, энергетик муаммоларни ҳал қилиш имконини беради”, - деди у.

Анжуманда журналистлар Афғонистон бўйича икки мамлакат интилишлари юзасидан саволлар билан мурожаат қилди.

Абдулазиз Комилов Aфғонистондаги хавфсизликни таъминлаш масаласига тўхталар экан, Ўзбекистон AҚШнинг Aфғонистон сиёсатига юқори баҳо беришини таъкидлади.

“AҚШнинг Aфғонистонда мавжудлиги минтақада тинчликни таъминлаш, терроризм ва наркотрафик хавфини камайтириш имконини бермоқда”, - деди у. “Биз толиблар билан тўғридан-тўғри музокараларни қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, улар ҳам афғон жамиятининг ажралмас қисмидир. Aфғонистондаги уруш 40 йилдан буён давом этмоқда ва бу можарога биргина ҳужжат имзолаш билан барҳам бериб бўлмайди. Тинчликка эришиш жараёни узоқ давом этиши мумкин”, - деди А.Комилов.

Ўз навбатида, Майкл Помпео Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини алоҳида қайд этди.

“Ўзбекистон қўшни мамлакат сифатида Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича изчил саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Биз буни юқори баҳолаймиз”, - деди у.

Бугун куннинг иккинчи ярмида “Марказий Осиё – АҚШ” (“C5+1”) шаклидаги вазирлар учрашувини ўтказиш режалаштирилган.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться