Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Миллий маркази директори Самир Аббосов билан Институтнинг ёш олимлар кенгаши аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Самир Аббосов кўп асрлик ўзбек-озарбайжон адабий-маданий алоқаларини янада ривожлантириш ва янги босқичга кўтаришдаги кенг кўламли фаолияти, хусусан, Низомий Ганжавий, Имодиддин Насимий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий, Мақсуд Шайхзода, Ҳусайн Жовид каби машҳур сўз санъаткорлари ҳаёти ва ижодини Ўзбекистон ва Озарбайжонда кенг тарғиб ва ташвиқ этиш, асарларини таржима қилдириш ва чоп эттиришдаги алоҳида хизматлари учун ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан фахрий диплом ва қатор китоблар билан тақдирланди.
Самир Аббосов ўзбек-озарбайжон адабий алоқлари ҳақида, бугунга қадар Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Миллий маркази томонидан бу борада амалга оширилган ишлар, қилиниши режалаштираётган лойиҳалар тўғрисида гапирар экан, “Ўзбекча-озарбайжонча ва Озарбайжонча-ўзбекча” луғатнинг нашр қилинаётганлиги ҳақида йиғилганларни хабардор қилди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг Озарбайжонда бир, икки ва уч ойлик малака ошириши учун танловлар эълон қилингани, келажакда Ўзбекистон матбуотида Озарбайжон билан боғлиқ материалларнинг “Йилнинг энг яхши мақоласи” номинацияси бўйича биринчи, иккинчи, учунчи ўринни қўлга киритадиган ғолиблари Миллий марказ томонидан диплом, сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши ва энг муҳимларидан бири Озарбайжоннинг Боку шаҳрига (бир ҳафталик семинарга) йўлланма берилиши ҳақида маълумотлар берди. Учрашув кўтаринки, қизғин руҳда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси