Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Брифингда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди
2020-01-29 | Спорт
Бугун, 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги анжуманлар залида “Спортни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлиги ҳамда 2020 йилдаги истиқболли вазифалар” мавзусида брифинг ўтказилди. Мазкур брифинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 25 декабрдаги 02-4672-сонли топшириғига мувофиқ ташкил этилди.
Маълумки, 2018 йил 5 мартдан буён мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13 та Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 29 та қарорлари қабул қилинди. Тренерларнинг ойлиги 1,35 бараварга ошди. Соҳада мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилиб, ҳисоботлар сони кескин камайди. Ўрта махсус маълумотли тренерлар сони 54 фоиздан 47,4 фоизга камайди, олий маълумотли тренерлар билан таъминлаш даражаси 55,8 фоизга етказилди. 68 та спорт (янги қурилиш, реконструкция, мукаммал таъмирлаш) иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. 5 та ташаббус доирасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сони 1 624 143 нафарга ортиб, шуғулланувчилар сони 2,7 млн. нафаргача оширилди.
Брифингда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Оммавий спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Умид Ражабов аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича ОАВ вакиллари ва брифинг қатнашчиларига батафсил маълумот бериб ўтди.
Ортда қолган йил давомида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан республикамиз бўйлаб аҳоли ўртасида спортни янада оммалаштириш бўйича уларнинг спорт турларига бўлган қизиқишларини аниқлаш мақсадида сўровномалар ўтказилди. Унга кўра, 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4,2 млн.дан ортиқ ёшлар спорт тўгаракларида шуғулланиш истагини билдиришган.
Республикамиздаги 11 мингдан ортиқ спорт иншоотлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларда 2,7 млн.дан зиёд ёшларни қамраб олиш имкониятига эга эканлигимиз аниқланди ҳамда ушбу спорт иншоотларида шуғулланувчи ёшларимиз тақсимлаб чиқилди.
“Спортнинг оммавийлигини янада ошириш мақсадида бугунги кунга қадар аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан уюшмаган ёшлар, оилалар ўртасида жами 53 мингдан ортиқ оммавий спорт мусобақалари ўтказилди. Мазкур мусобақаларга 4 млн 200 мингдан зиёд фуқаролар қамраб олинди. Катта ёшдаги аҳоли қатламини ҳам жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш борасида асосан умумтаълим мактабларининг спорт иншоотларидан фойдаланилмоқда. Бунда, мактабларнинг спорт иншоотларидан соат 16:00 дан 21:00 гача, дам олиш кунлари эса эрталабдан кечгача 352 минг нафардан ортиқ аҳоли, шу жумладан банд бўлмаган ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун имконият яратилди.
2020 йилда Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг умумий сони 16 фоизни, шу жумладан 1-чоракда 9,6 фоизни ташкил этишига эришилади. Ўқувчи-ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш мақсадида 9та шаҳар, 26та чекка туман, қишлоқларда янгидан 36та болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилиб, 540 нафар тренерлар иш билан таъминланади, бир кунда 30 384 нафар ўқувчи-ёшлар спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб қилинади.
Йил давомида аҳолининг барча қатламлари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” жисмоний тайёргарлик синовларини ўтказишни жорий этиш орқали 18,1 млн. нафар (жами аҳоли сонига нисбатан 55%) аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражаси оширилади”, деди У.Ражабов.
Шунингдек, аҳоли ўртасида “Ёшлар ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафталиги”, “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги” доирасида 46 000 та жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари ташкил этиш белгиланган
.
Брифинг давомида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов 2020 йил Токио шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш ишлари бўйича батафсил маълумотлар берди.
Спортчиларимизнинг ҳозиргача қўлга киритган лицензиялари ва уларнинг Япониядаги мусобақалар бошланишига қадар олиб борадиган ўқув-йиғин машғулотлари бўйича аниқ йўналишлар белгиланган бўлиб, ОАВ вакиллари ушбу йўналишлар билан батафсил таништирилди.
Ўзбекистон футбол ассоцацияси бош котиби Аваз Махсумов брифингда сўз олиб, мамлакатимизда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар борасида йиғилганларга маълумот тақдим этди.
Брифингда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти ҳамда регби федерацияларининг мутахассислари мазкур спорт турларининг ривожи йўлида олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот беришди ва бу спорт турларининг юртимизда оммалаштирилиши юзасидан фикр-мулоҳазалари ва аниқ таклифларини ўртага ташлашди.
Тадбирда жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштиришнинг жорий йилдаги тартиблари борасида ОАВ вакиллари ва брифинг қатнашчиларига батафсил маълумот бериб ўтди.
Брифинг якунида мутахассислар томонидан журналистларни қизиқтирган саволлар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги