Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда электрон тиббиёт тизимини жорий қилиш масалалари муҳокама этилди
2020-01-27 | Технологиялар
Тошкент шаҳар ҳокими IHMG таъсисчиси Дўғру Саваш билан учрашди. Ўзаро мулоқот давомида Тошкент шаҳридаги соғлиқни сақлаш муассасаларида электрон тиббиёт тизимини жорий этиш масаласи муҳокама этилди.
IHMG таъсисчиси Дўғру Савашнинг маълум қилишича, бугунги кунда Туркиядаги барча давлат ва нодалат соғлиқни сақлаш муассасаларида электрон тиббиёт тизими амалга киритилган. Бунинг учун махсус дастурий таъминот яратилган бўлиб, унда соғлиқни сақлашга оид барча тизимларнинг фаолияти, ўзаро алоқадорлиги, ҳатто тиббий суғурта ҳам инобатга олинган. Уни жорий қилишнинг афзалликлари кўп. Хусусан, бу аҳоли жон бошига қанча ва қайси ихтисосликдаги тиббиёт муассасалари зарурлиги, бугунги кунда қандай касалликлар кўрсаткичи юқори эканлиги, дориларга бўлган талаб ва эҳтиёж каби қатор масалаларда аниқ статистика юритиш ва шундан келиб чиқиб, ишни ташкил этиш, тиббиётнинг маълум йўналишларини ривожлантириш кераклиги борасида хулоса қилиш имконини беради.
Учрашувда электрон тиббиётни жорий этиш ва ривожлантириш зарурати, бунинг учун талаб этиладиган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.
Жаҳонгир Артикходжаев IHMG таъсисчиси Дўғру Савашга пойтахтимиз аҳолиси сони ҳамда уларнинг тиббиёт йўналишидаги мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда шаҳримиз учун қанча даволаш-профилактика, таҳлил ва ташҳис муассасалари кераклиги борасида маълумот тайёрлашни таклиф қилди. Томонларнинг бу йўналишдаги фикр ва тажриба алмашинуви давом этади.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги