Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Туризм соҳаси давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга тармоғи сифатида қайд этилди

2020-01-25 | Туризм

Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида туризм ва спорт соҳалари бўйича ҳам устувор вазифа ва йўналишлар белгилаб берилди.

Туризм давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга тармоғи сифатида қайд этилди, зиёрат ва тиббиёт туризми каби турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди ва зарур кўрсатмалар берилди. Бу эса бизнинг ишга бўлган муносабатимизни, дунёқарашимизни тубдан ўзгартиришни талаб этади.
 
Шу ўринда 2020 йилда Бухоро шаҳрининг Ислом олами маданияти пойтахти, дея эълон қилинганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан II Халқаро зиёрат туризми форумини янгиланган форматда ўтказиш кўзда тутилаётганини таъкидлаш жоиз. “Ўзбекистон зиёрат туризми ҳафталиги” номи остида ўтказиладиган ушбу тадбир “Ўзбекистон исломий мероси” илмий анжумани, “Halal in Travel” конференцияси, Ўзбекистон исломий архитектураси ва уни бугунги кунга татбиқ этиш” форуми каби маданий-маърифий тадбирларни ўз ичига қамраб олиб, юртимизнинг Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
 
Истиқболли туризм турларидан яна бири сифатида қайд этилган тиббиёт туризми йўналишида ҳам кенг кўламдаги ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, Ўзбекистонда биринчи марта Тиббиёт туризми уюшмаси ташкил қилинди.
 
Шу билан бирга, бу йўналишда республиканинг санаторийлари ва тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни соддалаштириш ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар ва объектларни хорижда ҳам кенг тарғиб қилиш орқали ушбу йўналишдаги сайёҳлар сонини ўтган йилги 55 минг 490 нафардан, жорий йилда 110 минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Тиббий хизматлар экспорти 6,3 миллион доллардан 12,6 миллион долларга етказилиши режалаштирилмоқда.
 
Тиббиёт туризми йўналишида туб ўзгаришлар кутилмоқда. Барча тиббиёт муассасаларимизда электрон платформа яратилади. Электрон платформада республика тиббиёт муассасаларидаги замонавий хизмат турлари, белгиланган нарх-наволар, жарроҳлик амалиётлари ҳақидаги барча маълумотлар жамланади. Унга асосан маҳаллий аҳоли манфаатларига халал бермаган ҳолда, хорижий мамлакатлардан тиббиёт туризми йўналишидаги мижозлар жалб қилиниши режалаштирилган.
 
Маълумки, моддий маданий мерос объектлари бизнинг асосий туризм ресурсимиз ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари бу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Мурожаатномада бугунги кунда мамлакатда 8 минг 200 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларнинг атиги 500 таси туризм маршрутларига киритилганлиги айтиб ўтилди ҳамда мурожаат давомида зиёрат ва анъанавий туризмни ривожлантириш мумкин бўлган маршрутлардаги объектлар сонини 800 тага етказиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш вазифаси юклатилди.
 
Яна бир вазифа – Ўзбекистондаги янги объектларни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва Номоддий маданий мероси рўйхатига киритишни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.
 
2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинганлигидан келиб чиқиб, қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси кўзда тутилади. Хусусан, жорий йилда республикамизнинг аксарият маданий мерос объектларида электрон чипталар орқали кириш имконини берувчи турникетлар ўрнатилиши, мамлакатимизнинг туризм соҳасини ривожлантиришда рақамли техникаларни кенг қўллаш устувор вазифалар сифатида кўрилмоқда.
 
Қолаверса, мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳларни замонавий жойлаштириш воситалари билан таъминлаш учун жорий йилда янги замонавий меҳмонхоналарни қуришга давлат бюджетидан 200 миллиард сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса жойлаштириш воситаларини ўтган йилга нисбатан деярли 2 баробарга кўпроқ барпо этиш имконини беради.
 
Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва юқори даражада таъминлаш орқали 2020 йилда юртимизга келадиган сайёҳлар сони 7,5 миллионга, 2025 йилга бориб эса 12 миллионга етказилиши кўзда тутилган.
 
Спорт йўналишига келадиган бўлсак, тиббиётни ривожлантириш нуқтаи назаридан, авваламбор, кераксиз харажатларнинг олдини олиб, соғлом ҳаёт тарзи фаол тарғиб қилиниши, спорт клублари, тўгаракларини ташкил этиш ҳамда спорт комплексларини қуриш ва уларга аҳоли, айниқса, ёшларни жалб қилиш лозим.
 
Ёшларимиз бугун спорт билан қанча кўп шуғулланса, эртага уларнинг тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш эҳтимоли шунча камаяди. Президентимиз таъкидлаганларидек, соғлом ҳаёт тарзини кишиларнинг кундалик турмуш тарзига сингдириш йўлида барча зарур чоралар кўрилади.
 
Парламентга мурожаат давомида бугунги кунда Ўзбекистоннинг олис ҳудудларида фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги айтилди. Мен, шахсан Бош вазир ўринбосари сифатида 70 фоиз вақтимни олис ҳудудларда ўтказиб, айнан ўша ерлардаги маҳаллий аҳоли даромадини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш учун оилавий меҳмон уйлари, янги меҳмонхоналар, янги туристик инфратузилма объектлари ҳамда спорт мажмуаларини барпо этишга доир такомиллашган тизим яратиш, тадбиркорлар билан учрашиб, уларга ер ажратиш бўйича зарур шароитларни яратиш ва шу тариқа жойларда тадбиркорликни ривожлантиришга сафарбар этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
 
Таъкидлаш жоизки, туризм ва спорт соҳаларини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган бу ишларнинг бари мамлакат бўйлаб кўплаб янги иш ўринларини яратиб, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилади.
 
Бизнинг ушбу лавозимларга тайинланишимиз Ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси учун Президентимиз томонидан билдирилган катта ишонч деб биламиз ва ишонтириб айтаманки, ўзимизда бор билим, тажриба ҳамда куч-ғайратни сафарбар этган ҳолда, олдимизга қўйилган мақсадларга эришишга сидқидилдан ҳаракат қиламиз.
 
Азиз Абдуҳакимов,
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазир ўринбосари,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.

Манба: ЎзА

Поделиться