Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

CNN Travel Ўзбекистонга саёҳатга доир тавсиялари билан бўлишди

2020-01-24 | Туризм

CNN Travel сайёҳлар Марказий Осиё жавоҳири ҳисобланган Ўзбекистонда нима билан шуғулланиши мумкинлигига оид ажойиб мақоласи билан бўлишди.

“Бир пайтлар, Ўзбекистон дунёнинг уриб турган юраги бўлган. У Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган бўлиб, Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта ер денгизигача бўлган мамлакатларда савдо учун энг сара товарларни ўзида жамлаб тарқатган. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу савдо тармоғидан алгебрадан тортиб то араб тили ва астрономияга оид билимлар оқими ўтган. Бугун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиб, ушбу ҳодисаларнинг излари ва бошқа кўп нарсаларни кўришингиз мумкин”, - дейилади нашрда.

Метрога тушинг

1977 йилда очилган Тошкент метроси ажойиб ихтиродир. 2018 йилгача метрода суратга ва видеога олиш тақиқланган эди, аммо энди ушбу қоида бекор қилинди. Агар метрода бутун шаҳар бўйлаб сайр қилишга вақтингиз бўлмаса, асосий линияни ўрганиш учун Мустақиллик Майдони бекатидан Пахтакор бекатигача боришингиз мумкин.

Нон ва паловни татиб кўринг

Ўзбек ошхонасида лойдан ёки ғиштдан ясалган тандир алоҳида ўрин эгаллайди. Унда ҳар замонда қовоқли, картошкали ва қўй гўштли сомса ёки сихланган қайноқ гўшт тайёрланади. Аммо ўзбекнинг ёпган нони ҳақида гап кетганда, буларнинг бари иккинчи даражага чиқади. Нон ҳамма жойда мавжуд ва у мамлакатнинг ҳар бир вилоятида ўзига хос кўринишда бўлиб, ҳар бир таом билан бирга тақдим этилади. Нон ҳаёт рамзи сифатида қабул қилинади.

Палов Ўзбекистоннинг асосий миллий таомидир, у гуруч, сабзи, гўшт ва пиёздан тайёрланадиган тўйимли таомдир. Таъбга кўра зира, нўхат, беҳи, саримсоқ қўшилиб, қўй думбаси ва пахта ёғида тайёрланади. Буларни бари қази бўлаклари ва қайнатилган бедана тухумлари билан безатилади. Палов кундалик оддий таом сифатида ҳам, шу билан бирга,  тўй, туғилган кун, дафн маросими каби тадбирларда ҳам тайёрланиши мумкин. Палов ҳамма жойда - энг кичик ошхоналардан тортиб то энг замонавий ресторанларга қадар мавжуд. Агар росмана ош маконида бўлиб, у ерда ўзига хос шукуҳдан баҳраманд бўлмоқчи бўлсангиз, менюсидаги ягона таом бўлган Тошкентдаги ош марказига боринг.

Кўзни қамаштирувчи мақбаралар бўйлаб сайр қилинг

Ҳар куни сайёҳлар оқими Бибихоним масжиди ва гўзал Регистон мажмуасини томоша қилиш мақсадида қадимий Самарқандни босиб ўтмоқда. Аммо уларнинг орасида энг ажралиб турувчиси – Шохи Зинда. Мақбаралар тарқоқ жойлашган бўлса-да, кўк рангли гўзал нақшлар худди мовий осмон каби мавжланиб.

Қорақалпоғистондаги Савицкий давлат санъат музейига ташриф буюринг

Қорақалпоғистоннинг узоқ бир қисмида Игор Савицкий йўқолиш эҳтимоли бўлган рус авангардининг улкан портретларини йиғиш устида ишлаган. 1966 йилда у музей очади. Бугун намойиш этилаётган ишлар ҳақиқатдан ҳайратланарли, жумладан Владимир Лисенко ва Александр Волковларнинг ишлари ҳозирги замон маҳаллий рассомларининг ишлари билан ёнма-ён.

Ипак йўли воҳасига ташриф буюринг

Бугун Хивадаги Ичан Қалъага бутун дунёдан сайёҳлар келмоқда. Бугунги кунда бу ЮНЕСКО рўйхатидан жой олган Ўзбекистон тарихининг улкан архитектураси - мақбаралари, мадрасалар ва музейлар билан ёнма-ён жойлашган. Барча бинолар тикланди, унинг кўчалари сувенир маҳсулотлар сотиладиган савдо расталари билан безатилган. Бу ер худди кино суратга олиш майдончасига ўхшайди. Шунга қарамай, буларнинг барчаси жуда мафтункор ва байрамона. Сиз Хивада қолиб, ўзингизни ўтмишдаги карвонсаройга тушгандек ҳис қила оладиган ягона жой шу ер бўлса керак.

ХV аср расадхонаси билан танишинг

Ўрта асрларда Ўзбекистон тикланиш даврини бошидан кечирди, жумладан бу ерда Муҳаммад Ал-Хоразмий туфайли Алгебра пайдо бўлди. Х асрда Ибн Сино томонидан тиббиёт ва фалсафа ривожлантирилган. Ал-Беруний ажойиб истеъдод соҳиби, ХI асрда математика, антропология, мунажжимлик ва география бўйича рисолалар ёзган. Бир неча асрлар ўтгач, Темурнинг набираси ва Самарқанд султони Улуғбек бу билимлардан фойдаланиб, Самарқандда замонавий астрономик расадхона ташкил қилди. Бошқа ихтиролар қаторида у 200 га яқин янги юлдузни кашф этди ва йилнинг аниқ давомийлигини башорат қилди.

Марғилондаги анъанавий ипак ишлаб чиқарувчилардан ипак сотиб олинг

Ипак йўлидан ўтган туялар қоғоздан тортиб то мўйна, зираворлар, ҳайвонлар териси ва олтингача турли хил товарларни ташиб ўтишган бўлса-да, шойи каби Буюк Ипак йўлини акс эттирувчи бирор бир мато йўқ. Шойи Марғилон тарихида жадал ривожланаётган соҳа бўлган, у Россия, Ҳиндистон, Сурия, Арабистон, Италия ва ҳатто Арабистон ярим оролига юборилган. Бугунги кунда Марғилон шаҳридаги "Ёдгорлик" ипакчилик фабрикаси Ўзбекистондаги анъанавий ипакчиликнинг сўнгги маркази ҳисобланади. ЮНЕСКО ушбу фабрикани номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритган. “Ёдгорлик” ипак йигириш фабрикаси улкан сайёҳлик маскани ҳисобланади. Ипак кийим ва дўппилар сотадиган дўконлар ҳамма жойда бор. Эҳтимол, янги Ипак йўлининг бошланиши шудир.

Қадимги буддавийлик монастирларини ўрганинг

Термиз Ўзбекистоннинг жануби-шарқида жойлашган. Мамлакатнинг буддавийлик тарихига оид кўплаб ступа ва монастирлар шу шаҳар бўйлаб тарқалган, ўз вақтида вайронага айланган қишлоқлар – Фаёзтепа, Қоратепа, Қоятош ичида яширилган лабиринтилар шулар жумласидандир. Буларнинг бари 2000 йил олдин Кушон даврида буддист роҳиблар томонидан ўз динларини Ҳиндистондан Узоқ Шарққа тарқатиш мақсадида қурилган.

Йўқотилган дунёга саёҳат

Қорақалпоғистон Республикаси текисликларида Зардуштий Форс империяси даврига ўтиш эшиги жойлашган, эҳтимол, бу дунёдаги биринчи қудратли давлат бўлиб, у бир вақтлар Индус дарёсидан Европадаги Болқонгача бўлган ерларга эгалик қилгандир. Ушбу ландшафтга йўл Қорақалпоғистон пойтахти Нукус орқали ўтади. Агар вақтингиз камроқ бўлса, Самарқанддаги Афросиёбни айланиб чиқинг ва қабристон билан чегарадош гўзал музей билан танишинг ёки Тошкентнинг сокин чеккасида яширинган Мингўрик қалъасини ўрганинг.

Кўҳна Бухорони кўриш

Бухорода Х асрдаги Исмоил Сомоний мақбарасига саёҳат қилинг, деворлари ажойиб тарзда безатилган истироҳат боғида сайр қилинг, V асрнинг қалъаси бўлган Аркнинг ён атрофида айланинг, 1220 йилда Чингизхон шаҳарни вайрон қилганида тегмаган улуғвор Калон минорасини кўздан кечиринг, Чорминор мадрасасининг сапфир эмали билан қопланган гумбазларини кўринг. Эски шаҳар бутунлай ўрта асрлардаги мусулмон меъморчилигининг ЮНЕСКО томонидан тан олинган жавоҳири. Эски шаҳарга бўлган саёҳатингизни якунлаш учун энг маъқул жой – Лаби Ҳовуз ансамбли бўлиб,  сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли бу ҳовуз суви атрофида бир пиёла қаҳва ёки музқаймоқ учун тўпланишади. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться