Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Беларусь: энди ҳар иккала мамлакат дипломларини олиш мумкин
2020-01-24 | Таълим
Ўзбекистон ва Беларусь Республикаси ҳукумати ўртасида таълимга оид ҳужжатларини ўзаро тан олиш тўғрисида битим тасдиқланди.
2019 йил 1 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига ташрифи давомида Минск шаҳрида таълим ва ўқишга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш бўйича битим имзоланган эди.
2020 йил 22 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мазкур халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан ваколатли орган этиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси белгиланди.
Ҳужжатлар аккредитацияланган таълим муассасалари ёки илмий ташкилотлар томонидан берилган бўлиши лозим.
Икки давлатда ҳам берилган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномалар ўзаро тан олинади ҳамда ҳужжат ўз эгаларига умумий ўрта таълимнинг кейинги босқичида 10-11-синфда ёки ўрта махсус, касбий таълим дастурлари бўйича давом эттириш ҳуқуқини беради.
Беларусь Республикасида берилган умумий ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат, умумий ўрта маълумот билан бирга касб-техника маълумоти тўғрисидаги диплом ва Ўзбекистон Республикасида берилган умумий ўрта таълим тўғрисидаги аттестат, ўрта махсус, касбий таълим тўғрисидаги диплом ўз эгаларига таълимни олий таълимнинг бакалавриатида давом эттириш ҳуқуқини берувчи таълимга оид ҳужжат сифатида ўзаро тан олинади.
Икки томонда берилган олий маълумот тўғрисидаги бакалавр дипломи, ўз эгаларига ўқишни магистратура таълим дастури бўйича давом эттириш ҳуқуқини берувчи таълимга оид ҳужжат сифатида ўзаро тан олинади. Ўз ўрнида икки томонда ҳам берилган магистр дипломлари олий таълимдан кейинги таянч докторантура дастурлари бўйича ўқишни давом эттириш ҳуқуқини берувчи таълимга оид ҳужжат сифатида ўзаро тан олинади.
Шунингдек, олий таълим муассасаларининг маълум курсларидан икки давлат ўртасида ўқишни кўчириш ёки қўшма дастурлар асосида 2 йил Ўзбекистонда, кейинги 2 йилини Беларусь Республикасида ўқиш ва битиргач икки давлатнинг ҳам дипломларни олиш имкониятларни беради.
Касбий фаолият билан шуғулланиш учун эса Ўзбекистон Республикасида ҳам Беларусь Республикасида ҳам амалдаги қонунчилик доирасида синов орқали ёки белгиланган имтиёзларга эга бўлинган ҳолатларда махсус синовларсиз амалга оширилади.
Икки давлат ваколатли органлари орқали Битимнинг қоидаларини амалга ошириш юзасидан ўзаро маслаҳатлар ўтказиш, ўзгаришлар тўғрисида хабардор этиш, шунингдек, маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг номлари ва намуналарини ўзаро айирбошлаш мажбуриятини оладилар.
Ушбу битимнинг тасдиқланиши ҳар иккала давлатда ҳам таҳсил олаётган ва олмоқчи бўлган, шунингдек ўқиш ва изланишни мақсад қилган ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очади.
Манба: «Правда Востока»