Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси ва Face ID прототипи тақдимоти бўлиб ўтди
2020-01-22 | Технологиялар
2020 йил 21 январь куни Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ва Агентлик ҳузуридаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Марказнинг бир йиллик фаолияти натижаларидан бири фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари жараёнини сезиларли даражада енгиллаштиргани, ҳамда аҳоли учун бир қатор хизматлар йўлга қўйгани бўлса, яна бир натижа Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг MyGov мобил иловасининг ишга туширилиши бўлди.
Бугунги кунда республикамиз аҳолисининг 80%ини мобил интернет фойдаланувчилари ташкил этишини инобатга олсак, My.gov.uz мобил иловасининг ишга туширилиши интерактив давлат хизматлари кўрсатишда муҳим қадамдир.
Матбуот анжумани доирасида My.gov.uz мобил иловасининг имкониятлари намойиш этилди ва мобил иловада фақатгина тўлиқ автоматлаштирилган электрон хизматлар, яъни давлат органлари ходимлари иштирокисиз кўрсатиладиган хизматлар жорий этилганлиги эьтироф этилди. Мазкур иловалар орасидан йўл ҳаракати қоидаларини бузилганлик юзасидан жарималар, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағи ҳолати ҳақида маълумот олиш, СТИРни аниқлаш, иш ҳақи миқдорини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотнома олиш, коммунал хизматлар учун тўловлар ва бошқалар жой олган.
Мисол учун, бошқа ҳеч қаерда жарималар бўйича маълумот олиш имконияти мавжуд тўлақонли хизмат кўрсатилмайди. Фақатгина Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ЙҲҚ бузилгани учун белгиланган жарималар бўйича маълумотни бепул олиш мумкин. Бунда мазкур хизматдан фойдаланиш учун рўйҳатдан ўтгандан сўнг, жарималар ёзилган тақдирда улар тўғрисидаги маьлумотлар автоматик тарзда тақдим этилади.
Мобил илова ишлаш жараёнида унда кўрсатиб бориладиган электрон хизматлар сони ошириб борилади.
Шу нарсани алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган 2019 йил давомида Марказ ва Ягона интегратор UZINFOCOM билан ҳамкорликда My.gov.uz порталида 49 та электрон давлат хизматлари жорий этилди. Улар орасида 5 таси тўлиқ автоматлаштирилган (пенсия тўғрисида маълумот, ойлик маош тўғрисида маълумот, жарималар ва ҳоказолар).
Бугунги кунда ўз ичига туғилишни рўйхатга олиш, фарзанд туғилганда бир марталик нафақа тўланиши, болани мактабгача таълим муассасасига рўйхатга қўйиш каби хизматларни олган композит хизматни жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда. Бундай хизматлар давлат органларига қайта-қайта ташриф буюриш ва навбатлар кутиш амалиётини йўқ қилишга қаратилган.
OS Android учун мўлжалланган MyGov иловасини қуйидаги ҳаволадан орқали юклаб олишингиз мумкин:
https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.global.mygov
Айни кунларда мобил илованинг iOS талқинини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мобил иловада қуйидаги функционал имкониятлар мавжуд:
- Калит сўзлар бўйича қидирув;
- Хизматдан фойдаланиш учун юборилган аризаларнинг ҳолати билан танишув;
- Номингизда бўлган транспорт воситалари ва кўчмас мулк объектларини киритиш;
- Давлат хизматлари марказларининг жойлашуви тўғрисида геолокация маълумотларини олиш.
2020 йил давомида биометрик маълумотлар асосида масофадан туриб қулай усулда аутенфикация қилишни жорий этиш режалаштирилган. Бундай усул электрон хизматлардан масофадан туриб осон ва қулай фойдаланиш имкониятини яратади.
Матбуот анжумани якунида Агентлик ва Марказ вакиллари оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блоггерларнинг саволларига жавоб беришди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган. Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш ва “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини амалга ошириш доирасида, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида дастурларнинг келгусидаги стратегик йўналишлари, ягона ёндашув, механизм ва босқичларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги