Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2020-01-20 | Сиёсат

2020 йил 20 январь куни Тошкент шаҳрида янги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлиси бўлиб ўтди. Парламент қуйи палатасининг биринчи мажлисини қонунга мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси М.Абдусаломов очди ва олиб борди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. 

Йиғилишда мамлакатимиз Ҳукумати аъзолари, марказий идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Қонунчилик палатаси биринчи мажлисининг Муваққат котибияти, Саноқ комиссияси ҳамда Овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинганидан сўнг депутатлар Қонунчилик палатаси биринчи мажлисининг кун тартибини тасдиқладилар. 

Тасдиқланган кун тартибига асосан, депутатлар Марказий сайлов комиссиясининг раиси М. Абдусаломовнинг Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахборотини эшитдилар. Таъкидланганидек, бўлиб ўтган парламент сайловлари мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди. Бу галги сайловлар ривожланган мамлакатларнинг тажрибалари ва қарор топган халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинган янги Сайлов кодекси қоидалари асосида ўтказилди.

Сайлов кодексида сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилди.  Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилди.

Сайловларда бевосита иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда элликка яқин давлатдан келган 825 нафар халқаро кузатувчи ҳамда 1155 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловлар очиқ, ошкора ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ мос равишда ўтганлигини баён этдилар.

Умуман олганда, 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолимизнинг ҳаёт ва турмуш даражасини янада юксалтириш, ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришиш йўлида халқимиз аҳиллик, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганини яна бир бор намойиш этди. 

Қонунчилик палатасига сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг таъсис йиғилишлари бўлиб ўтиб, мазкур йиғилишларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, шунингдек, янги тузилган Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси шакллантирилди, уларнинг раҳбарлари сайланди. Мажлис чоғида палата аъзолари сиёсий партиялар фракцияларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, қуйи палата аъзолари Қонунчилик палатаси Спикери лавозимизга номзод кўрсатиш учун депутатлар орасидан Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партиядан уч нафар депутатдан иборат Сиёсий партиялар вакиллари кенгашини туздилар. 

Қисқа танаффусдан сўнг Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.

Шундан сўнг мажлисга раислик қилиш ваколати Регламентга асосан Қонунчилик палатасининг янги сайланган Спикерига ўтди ва Нурдинжон Исмоилов мажлисни олиб боришни давом эттирди.

Депутатлар Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг Спикер ўринбосарларининг сонини 6 нафар, яъни, биринчи ўринбосари ва 5 нафар ўринбосаридан иборат таркибда сайлаш ҳақидаги қарорини ҳам маъқулладилар. Шунга мувофиқ, депутат Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари этиб сайланди.

Раислик қилувчи мажлис котибиятига келиб тушган, 5 та сиёсий партия фракцияси раҳбарлари томонидан фракциялар тузилганлиги тўғрисидаги таъсис баённомаларини ўқиб эшиттирди. Шунга асосан, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари рўйхатга олинди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитовни, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовни ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Борий Алихоновни сайладилар.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга ҳамда Сиёсий партиялар фракцияларининг қабул қилган яхлит (умумий) қарорига асосан қўмиталар раиси лавозимлари депутатларнинг қайси партияга мансублиги ҳамда сайловда партиялар эгаллаган ўрин ҳисобга олинган ҳолда аниқланади. Шу муносабат билан Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан қуйи палата қўмиталари раисларининг лавозимларини сиёсий партиялар фракциялари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Депутатлар парламент қуйи палатаси қўмиталарининг раисларини ҳам сайлаб олдилар. Унга кўра,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси этиб Шарафиддин Назаров;

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси этиб Мавлюда Ходжаева;

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси этиб Эркин Салихов;

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси этиб Дилором Файзиева;

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси этиб Мурод Қобилов;

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси этиб Равшан Мамутов;

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб Эркин Захидов;

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси этиб Шухрат Бафаев;

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси этиб Илхом Абдуллаев;

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси этиб Жаҳонгир Ширинов;

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси этиб Елена Борисова;

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси этиб Борий Алихонов сайландилар.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақидаги мурожаати эътиборга олинди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўз ишини якунлади. 

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться