Ўзбекистон ва Малайзия муқаддас Рамазон ойида Ўзбекистон ҳақида 10 қисмли фильм намойиш этади
2020 йилнинг 14 январь куни Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Малайзия давлат телерадиокомпанияси (Radio Televisyen Malaysia – RTM) раҳбарияти билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон ҳақидаги 10 қисмли ҳужжатли фильмни биргаликда яратиш бўйича лойиҳани, кейинчалик Малайзиянинг етакчи телеканалларида ТV1 ва ТV2да намойиш этишни муҳокама қилдилар. Ушбу лойиҳани суратга олиш ишлари шу йилнинг февраль-март ойларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада режалаштирилган. Ҳужжатли сериал 2020 йилнинг май ойида, мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи давомида, праймвақтда намойиш этилади.
«Бизнинг қўшма лойиҳамиз малайзиялик томошабинларни халқимизнинг тарихи, урф-одатлари, маданияти ва сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда юз берган тарихий ўзгаришлар билан таништиради. Ислом дини тинчлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик дини эканлигини ёрқин тарихий далиллар билан бир қаторда, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш тарзи мисоллари билан намойиш этиш муҳим вазифадир. Шунинг учун ҳам бизнинг ҳамкорлигимизда буюк мутафаккир ва олимлар - Имом ал-Бухорий, Термизий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк аждодларимиз жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаларига эътибор қаратмоқдамиз, - дейди «Ўзбеккино» раҳбари.
Учрашувда бошқа қўшма Ўзбекистон-Малайзия лойиҳаларини амалга ошириш механизмлари ва ташкилий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди. Шундай қилиб, Малайзиянинг Aquiula Emas меди компанияси RTM кўмаги билан Марказий Осиё мамлакатлари учун GLOB деб номланган сайёҳлик дастурини суратга олишни режалаштирмоқда, унда 5 қисм Ўзбекистонга бағишланади. Фильм «Ўзбеккино» миллий агентлиги билан ҳамкорликда суратга олинади ва Малайзиянинг ТВ2 телеканалида прайм вақтда намойиш этилади.
«RTM» - бу 36 та радио ва 3 та телевизион каналлардан иборат бўлган Малайзиядаги энг йирик жамоат телерадиокомпанияси. Каналлар аудиторияси сони ўртача 25 миллион кишини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбеккино» миллий агентлиги кўмаги билан ўтган йилнинг охирида таниқли америкалик журналист Раин Чилкот ва Британиянинг I-Motus компанияси билан Ўзбекистон ҳақидаги олтита ҳужжатли фильмни яратиш бўйича халқаро лойиҳа бошланган эди, улар декабрь ойи охирида Американинг етакчи CNBC телеканали прайм вақтида намойиш этилди.
Манба: "Ўзбеккино" Миллий Агентлиги