Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион қурилиш материаллари лойиҳалари муҳокама қилинди
2020-01-13 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш Вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” қўшма қарорига мувофиқ ташкил этилган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши томонидан бугунги кунга қадар 4 та лойиҳа молиялаштирилишга тавсия этилди. Жорий йилнинг 9 январь куни инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида бўлиб ўтган навбатдаги Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши йиғилишида эса учта лойиҳа муҳокама қилинди.
Тошкент кимё-технология илмий-тадқиқот институти ходими, т.ф.д. Масъуд Каримов автомобиль йўллари қурилишида қўллаш учун маҳаллий хом ашё асосида модификацияланган “серобетон” ишлаб чиқаришга қаратилган инновацион лойиҳасини тақдим этди. Тадқиқотчи юртимиздаги нефть ва газни қайта ишлаш кopхoналаpида мавжуд бўлган маҳаллий хoм ашёлар – oлтингугуpт, иккиламчи пoлиэтилен, майдаланган тoш ва қумдан бетoн ишлаб чиқаpиш концепцияси билан йиғилганларни таништирди. Oлтингугуpтли бетoн ишлаб чиқаpишда бoғлoвчи кoмпoнентни тайёpлаш учун техник oлтингугуpтдан (20-40%) ёки унинг ўpнига таpкибида oлтингугуpт бўлган санoат чиқиндилаpидан фoйдаланилади.
Олтингугуртли бетон оддий бетондан кўра сoвуққа ва агpессив муҳитга чидамлилиги юқори бўлгани боис йўл қoпламалаpи (oлтингугуpтли асфальтбетoн), автoмoбиль йўллаpи учун эксплуатация пайтида тузли муҳит тасиpига учpайдиган бинo элементлаpи (пoйдевopлаp, пoллаp, oқава латoклаp ва бoшқалаp), муҳандислик иншooтлаpи (канализация қувуpлаpи, кoллектop ҳалқалаpи, канализация тoзалаш иншooтлаpи)да қўлланилиши мумкин. Мазкур лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилса, тадқиқoт натижалаpи тижopатлаштиpилади ва ишлаб чиқаpишга жopий этилади.
ЎзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти катта илмий ходими, т.ф.н. Жалол ОдиловТаркибида глауконит ва темир мавжуд бўлган чўкинди жинслар асосида пигментлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича амалий лойиҳани тақдим қилди. Республикамизда бу муаммо илгари ўрганилмаган ва таркибида чўкинди темир бўлган глауконит асосидаги минерал пигментлар ишлаб чиқарилмайди. “Ўзқурилишматериаллари“ AК маълумотларига кўра, 2018 йили керамика, эмаль, шиша ишлаб чиқаришда қўлланиладиган 18,8 минг тонна тайёр пигментлар Хитой ва Туркиядан умумий қиймати 19 миллион AҚШ долларидан ортиқ бўлган маблағ ҳисобига республикага келтирилди. Аслида эса юртимиз пигмент хом ашёси захиралари ва манбалари жуда катта бўлиб, бу маҳаллий хом ашёлардан пигментлар олиш имконини беради. Ўз навбатида, минерал пигментлардан фойдаланиш кўлами ҳам кенг бўлиб, улардан декоратив-пардозлаш ишлари, қурилиш, лак-бўёқ ишлаб чиқариш, бадиий бўёқларни олишда фойдаланилади.
Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган тақдирда, чўкинди темир таркибидаги глауконит асосида пигментлар ишлаб чиқариш технологияси Ўзбекистоннинг қурилиш ва кимё саноатида қўлланилади.
“ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази билан ҳамкорликда Тошкент давлат техника университети (ТДТУ) қошидаги “Фан ва таррақиёт” ДУК катта илмий ходими т.ф.н. Деҳқонбой Йўлдошев “Ангрен ва Янгиангрен иссиқлик электр станцияларининг саноат чиқиндиларидан фойдаланиб том ёпиш қопламаси (шифер) ишлаб чиқариш технологияси” мавзусидаги инновацион лойиҳасини тақдимот қилди. Лойиҳанинг мақсади Тошкент вилоятидаги иссиқлик электр станцияларининг маҳаллий саноат чиқиндиларидан импорт ўрнини босувчи инновацион том ёпиш материаллари ишлаб чиқариш технологиясини жорий этишдир.
Ҳозирги пайтда Тошкент вилоятида экологик муаммо анчайин кескин саналади. Aнгрен ва Янгиоангрен иссиқлик электр станцияларининг кўмир чиқиндилари (кул ва шлаклар) 40 йил ичида 50 миллион тоннадан кўпроқ йиғилиб, бу атроф-муҳитга ва қўшни ҳудудларнинг экологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Лойиҳа ишлаб чиқаришга жорий қилиниши билан атроф-муҳитни тозалаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, харажатларни камайтириш, ресурсларни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш каби мақсадлар кўзда тутилган. Мазкур лойиҳада фақат маҳаллий хом ашёларнинг ишлатилиши унинг эътиборли жиҳати саналади.
Ҳозирда Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши томонидан тавсия этилган “Маҳаллий табиий ва иккиламчи ресурслар асосида юқори сифатга эга клинкерли цемент ишлаб чиқариш”, “Азбозурит ичидан асбестни саралаб олиш технологияси”, “Иссиқлик электростанцияларининг техноген чиқиндилари (золошлак)дан фойдаланиб, янги инновацион қурилиш материали — золобетон блоклари ишлаб чиқариш”, “Маҳаллий хом-ашё асосидаги энергия ва ресурс сарфини камайтирадиган янги куйдирилмасдан олинадиган боғловчилар” лойиҳалари молиялаштириб, улар бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги