Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адлия вазирлиги: муносиб маош коррупцияга қарши самарали воситадир

2020-01-06 | Жамият

Жорий йилнинг 3 январь куни адлия вазири Русланбек Давлетов “Umid 2.020” халқаро конференциясида: “Ҳозир маошларимиз қанчалигини яширишга ҳожат йўқ, ҳаммаси шаффоф. Масалан, Адлия вазирлигидаги бошқарма бошлиқлари [мукофот пуллари ва бошқа тўловлар билан бирга] камида 15-16 миллион сўм ойлик маош олишмоқда” деган маълумотни берган.

Адлия вазирлиги марказий аппарати бошқарув ходимларининг маошларини очиқлашдан мақсад халқаро миқёсдаги конференция минбаридан туриб хорижда фаолият юритаётган ўзбекистонлик кадрларни ўз юртимизга чорлаш ва улар учун давлат раҳбарияти томонидан етарли шароитлар яратилганини таъкидлашдан иборат эди.

Адлия вазирлиги ушбу маълумотни янада ойдинлаштириш учун қуйидагиларни маълум қилади.

Биринчидан, Адлия вазирлигида бошқарма бошлиқлари ҳақиқатдан ҳам 2019 йил давомида олган барча маблағларининг умумий суммаси 12 га бўлинганда 15-16 миллион сўм атрофидаги сумма келиб чиқади.

Бунда олинган маблағ таркиби қуйидагилардан ташкил топган:

ягона тариф сеткаси бўйича маош;

маошга устамалар – мартаба даражаси учун устама, кўп йил ишлагани учун устама, шахсий устама, давлат хизматчиси сифатида белгиланган устама;

Байрамлар (Янги йил, Хотин қизлар куни (фақат аёлларга), Наврўз, Мустақиллик куни, Конституция куни, Рўза ҳайит, Қурбон ҳайит) ва ҳар ярим йиллик якуни учун мукофотлар;

бир йилда бир марта икки ойлик иш ҳақи фонди миқдоридаги моддий ёрдам;

йиллик меҳнат таътили учун тўланадиган маблағ;

овқатланиш ва йўл ҳақи учун компенсация.

Иккинчидан, Адлия вазирлигида бу каби ойлик иш ҳақининг белгиланишининг асосий сабаби тизимга энг малакали ходимларни жалб қилиш ҳисобланади. Хусусий секторда яхши малакали ҳуқуқшунослар бир ойда 15 -30 млн сўмгача маблағ топишади. Бошқа ташкилотлар ҳам малакали ҳуқуқшуносга катта маблағ ажратишга тайёр.

2017 йил ва 2018 йилнинг 1-чорагида ойлик иш ҳақи камлиги туфайли вазирлик тизимидан жами 1280 та ходим бошқа ташкилотлар, жумладан хусусий секторга ишга ўтиб кетган. Ходимларнинг оммавий равишда бошқа ташкилотларга ўтиб кетиши тизимда вакансиялар сони бўйича ачинарли рақамларни келтириб чиқарди.

Учинчидан, маълумки Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритади. Бундан ташқари, халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳам вазирлик зиммасида. Бу эса тизимда энг малакали ҳуқуқшуносларнинг ишлашини талаб этади.

Шу сабабли ҳам бу борада киритилган таклиф қўллаб-қувватланиб, 2018 йил 13 апрелдаги Президент қарори билан қуйидагилар белгиланган:

адлия органлари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун устамалар ва мартаба даражалари учун қўшимчалар миқдорларини прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган миқдорларга тенглаштириш;

адлия органлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилиши;

адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган Адлия вазирлиги марказий аппарати ходимларига, ҳудудий бошқармалар бошлиқларига лавозим маошига 50 фоиз миқдорида устама тўланиши.

Тўртинчидан, коррупция даражаси ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қилувчи жиддий хавф ҳисобланади. Бунда кўп масала давлат ташкилотларидаги хизматчиларга келиб тақалади.

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг замонавий тизими яратилганлиги вазирликда коррупциявий хатарни минимумга туширди.

Шу ўринда вазирлик ходимларга қанча маош тўланишини доимо ошкор қилиб келганини, тизимдаги вакансияларни тўлдириш танлов асосида бўлаётганлигини эслатиб ўтамиз.

Бу ҳақдаги эълонлар билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиш мумкин.

1. https://t.me/huquqiyaxborot/1842

2. https://www.minjust.uz/uz/about/jobs/

Бундан ташқари бу каби ойлик тўланаётган бошқарма бошлиқларидан талаб ҳам шунга яраша бўлмоқда. Вазирликда ходимлар фаолияти интеграциялашган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб борилмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться