Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ОТМ ректорлари Тошкентда янги очилган иккита ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан танишдилар
2020-01-06 | Таълим
4 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов бошчилигида республикадаги барча олий таълим муассасалари ректорлари, хорижий олий таълим муассасаси филиаллари директорлари, малака ошириш тармоқ марказлари директорлари, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқларидан иборат делегация Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган иккита ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан танишди.
Олий таълим тизими делегацияси дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши билан ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди.
Ижод мактабида яратилган шарт-шароит ва ўқув жараёнлари билан танишиш асносида вазир олий таълим муассасалари ижод мактаблари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга, ёш иқтидор эгаларини рағбатлантириш доимо тайёрлигини маълум қилди.
Шундан сўнг гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳридаги яна бир янги таълим маскани — Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб фаолияти билан ҳам танишдилар.
Делегация бу ерда ўқувчи иқтидорини намоён қилиш учун яратилган бутун бир мажмуа: замонавий жиҳозланган ўқув хоналари, илғор педтехнология ва инновацион методлардан фойдаланган ҳолда дарсларнинг олиб борилиши, дарсдан ташқари пайтда бола иқтидорини ривожлантириш учун йўлга қўйилган тизим, ўқувчилар турар жойларида кенг имкониятлар яратилганлигига гувоҳ бўлишди.
Ташриф давомида Иномжон Мажидов мактабда ўқувчи вақтини тўғри тақсимлаш ва дарс жараёнларини самарали олиб бориш, қолаверса, ўқувчининг иқтидорини рағбатлантириш мақсадида улар билан индивидуал ишлашни йўлга қўйишда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги