Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВнинг БРИФИНГДАГИ НУТҚИ
2020-01-05 | Сайлов
МСК Халқаро матбуот маркази.
Соат: 11.00. 2020 йил 5-январь.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Барчангизга яхши маълумки, 2019 йил 22-декабрь куни Мамлакатимизда катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови бўлиб ўтди.
Сайловларни ўнта нуфузли халқаро ташкилотдан ҳамда дунёнинг элликка яқин давлатидан келган 825 нафар халқаро кузатувчилар, шунингдек сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 70 мингдан зиёд вакиллар, 1200га яқин аккредитациядан ўтган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари кузатиб бориш имкониятига эга бўлди. Илк маротаба сайловларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 300 нафар кенгайтирилган таркибдаги миссияси ҳам бевосита кузатишди ва улар бўлиб ўтган сайловларни ижобий баҳолади.
Халқаро кузатувчилар – Ўзбекистон Республикаси янги Сайлов кодекси қабул қилинганлиги ва унинг умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига, демократик сайлов стандартлари талабларига тўла мос келишлигини, жорий сайловларда Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилганлигини, барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги бўйича билимлари ва амалий кўникмаларини ошириш учун ташкил этилган 8 босқичли семинар-тренинглар ижобий натижа берганлигини, сайловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юқори бўлиб, уларнинг овоз бериш жараёнидаги фаол иштирокини алоҳида эътироф этдилар.
“Янги Ўзбекистон — Янги сайловлар” шиори остида ўтаётган сайловларда мамлакатимиз тарихида биринчи марта бешта сиёсий партия номзодлари ўзаро рақобатга киришди. Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 15 ноябрдаги қарорига мувофиқ Сиёсий партиялар томонидан жами 750 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинган эди.
21-декабрь кунига қадар 750 нафар номзодларнинг 6 нафари Марказий сайлов комиссиясига ўз ихтиёрлари билан берган аризасига биноан, номзодлар рўйхатидан чиқарилди ва 22-декабрь куни бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун бешта сиёсий партиянинг 744 нафар номзоди кураш олиб борди.
Сайлов натижасига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини рўйхатга олиш тўғрисида”ги 1015-сонли қарорига мувофиқ 125 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи сайлов округларидан номзодлар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган деб топилиб, рўйхатга олинди.
Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида”ги 1016-сонли қарорига мувофиқ эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округларида биринчи турда ғолиблар аниқланмаганлиги учун, яъни бирорта ҳам номзод сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини олаолмаганлиги сабабли ушбу сайлов округларида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг энг кўп овозларини олган номзодлар ўртасида такрорий овоз беришни ўтказиш 2020 йил 5-январь кунига белгиланди.
Юқоридагиларга мувофиқ мамлакатимизда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та Сайлов округларидаги 1730 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш жараёни ўтказилади. Ушбу округлардаги сайловчилар сони 3 миллион 148 минг 921 нафарни ташкил этади.
Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят кенгашларига сайлов ўтказувчи 95 та Сайлов округидаги 1104 та сайлов участкасида ҳамда Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 587 та Сайлов округидаги 1117 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтади.
Барча участкаларда бугун эрталаб соат 8:00да такрорий овоз бериш жараёнлари бошланди.
Айни пайтда барча сайлов округлари ва сайлов участкалари билан доимий алоқа ўрнатилган.
Ушбу сайлов участкаларида, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 5 мингдан ортиқ кузатувчилар ҳам сайловларни бевосита кузатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 59-моддасига мувофиқ – Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.
Сайловда такрорий овоз бериш жараёни халқаро меъёрлар ва стандартларга ҳамда миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби демократик принципларга тўла мос ҳолда ўтказилмоқда.
Сайлов кодексига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси – сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди.
Сайлов қонунчилиги нормаларига мувофиқ, соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни ўша сайловчилар турган жойда ташкил этадилар. Бу талабларга қатъий амал қилинмоқда.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Биринчи тур якунларига кўра 125 та депутатлик ўринларидан 42 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакилларига, 34 нафари – Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси вакилларига, 20 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси вакилларига, 18 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакилларига ҳамда 11 нафари Ўзбекистон Экологик партияси вакилларига насиб этган эди.
Бугун такрорий овоз беришда иштирок этаётган 50 нафар номзодларнинг 15 нафарини – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакиллари, 11 нафарини – Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси вакиллари, 10 нафарини – Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси вакиллари, 9 нафарини – Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ҳамда 5 нафарини – Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари, уларнинг 18 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўпчилик депутатлик ўрнини қўлга киритиш учун сиёсий партиялар ўртасида иккинчи турда ҳам ҳар бир депутатлик ўрни учун баҳс жуда қизғин бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек, ҳудудий сайлов округларидан аккредитациядан ўтган маҳаллий журналистлар сайловлар жараёнини фаол ёритмоқда.
Ҳозирга қадар жойлардан Марказий сайлов комиссиясига сайлов жараёни давомида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумотлар тушмади.
Агарда кузатувчиларимиз ёки сайловчиларимиз, шунингдек ОАВ вакиллари ёки блогерлар сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлашгудек бўлса барча сайлов участкаларида ҳудудлардаги маъмурий судлар ва прокуратура органларининг телефон рақамлари осиб қўйилган, ушбу рақамлар орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки бўлмаса юқори турувчи сайлов комиссияларига бевосита мурожаат қилишлари мумкин.
Такрорий овоз бериш ўтказилаётган ҳудудлардаги сайловчиларимизни сайловларда фаол иштирок этишларини сўраб қоламиз.
Кенг жамоатчиликни Сайловда такрорий овоз беришнинг дастлабки натижалари тўғрисида хабардор этишга доир Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги брифинги эртага 6-январь куни соат 13.00 да ўтказилишини маълум қиламан.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Манба: Марказий сайлов комиссияси