Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳонгир Артикходжаев хорижий кузатувчи Адиш Агарвала билан учрашди
2019-12-25 | Сиёсат
Суҳбат аввалида Ҳиндистондаги Халқаро юристлар кенгаши президенти, ҳуқуқшунос Адиш Агарвала Тошкент шаҳар ҳокимига самимий ва дўстона қабул, ўзбекларгагина хос бўлган юксак меҳмоннавозлик учун миннатдорлик билдирди.
Юртимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқелик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ўтказилган сайловлар ҳақида тўхталиб, улар ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принциплар асосида ўтказилганлигини таъкидлаб ўтди.
Чет эллардаги Ўзбекистон фуқаролари, шифохоналарда даволанаётган фуқаролар, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этиши таъминланганини алоҳида эътироф этиб ўтди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев хорижий кузатувчи Адиш Агарвала билан суҳбатлашар экан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстона алоқалар тобора ривожланиб бораётганлиги, ҳамкорлик йўналишлари ҳам кенгаяётганлигига эътибор қаратди. Шунингдек, шаҳарлараро йўлга қўйилган ҳамкорликка ҳам тўхталиб ўтди. Туризм соҳасидаги алоқалар ҳақида сўз юрита туриб, охирги 3 йилда Ҳиндистондан келаётган сайёҳлар анча ортганлигини таъкидлади. Хусусан, жорий йилда Тошкентга келган ҳиндистонлик туристлар ўтган йилга нисбатан 29 фоизга кўпдир.
Ўз ўрнида Агиш Агарвала ҳам Ҳиндистон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари қадимдан йўлга қўйилгани ва янги босқичга кўтарилаётганлигини қайд этиб ўтди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги