Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иброҳим Абдураҳманов: Инновация – барча соҳа учун бирдек зарур
2019-12-24 | Инновация
Бугунги тезкор давр жаҳон фани ва инновация фаолиятининг ютуқларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда. Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини изчил ва барқарор ривожлантириш, мамлакатнинг муносиб келажагини барпо этиш учун бу жуда муҳим.
Айни пайтда ҳар бир соҳа инновацион ғоя ва технологиялар асосида ривож топиши мумкинлиги ўз исботини топаётир.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳманов билан айни шу мавзуда суҳбат ўтказилди.
– Иброҳим Юлчиевич, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 ноябрдаги фармони ҳамда ўша йили 30 ноябрдаги қарори асосида мазкур вазирлик иш бошлаганди. Фармонда янги ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун мавжуд имкониятдан етарлича фойдаланмаслик мамлакатнинг жадал инновацион ривожланишига тўсқинлик қилаётгани қайд этилган ва шу билан боғлиқ кўплаб муаммолар санаб ўтилганди. Ўтган вақт ичида мазкур муаммолар ечими борасида нималар қилишга улгурилди?
– Ҳақиқатан, соҳада муаммолар кўп эди ва бу қисқа вақтда осон ҳал бўладиган иш эмас, албатта. Инновацион ривожланиш вазирлиги МДҲ давлатларида ҳам, Ўрта Осиё ҳудудида ҳам шу пайтгача бўлмаган. Бундай вазирлик Араб Амирликлари, Канада ва Янги Зеландия каби ривожланган мамлакатларда мавжуд бўлган. Юртимиздаги иқтисодий ўсиш етарли эмаслиги, инновацион иқтисодиётни давлатимизга олиб киришга бўлган эҳтиёж туфайли ушбу вазирлик ташкил этилди. Вазирликнинг асосий мақсади, бир сўз билан айтганда, иқтисодиётни юқори кўтариш. Мамлакатимиздаги энг катта муаммолардан бири ишлаб чиқариш билан илмнинг мувофиқ келмаслиги, узвийликнинг йўқлигида. Бундай муаммо фақат бизда бор, деб айтолмайман, ривожланган давлатларда ҳам кузатилади бу ҳолат. Илмий ишланмалар, ихтиролар кўп бўлган, аммо амалиётга татбиқ қилинмаган. Илмий ишни, албатта, тўғридан-тўғри иқтисодиётга йўналтириб бўлмайди. Лойиҳани стандарт ҳолга келтиргунча катта маблағ зарур бўлади. Шунинг учун тадбиркорлар илмий ишларни сотиб олишга ёки амалиётда қўллашга қўрқарди. Сабаби, ҳали синовдан ўтмаган маҳсулотнинг сотилмай қолиш эҳтимоли юқори бўлади. Ҳар битта янги ишланмани амалиётга қўллаш ва шунга монанд технология яратиш эса доим қийин бўлган.
Биз ишни инновацион ривожланиш стратегиямизни белгилаб олишдан бошладик ва бу осон бўлгани йўқ, албатта. 2018 йил сентябрь ойида уч йиллик стратегиямизни тузиб, тасдиқладик. Унда асосий урғуни инсон капиталига қаратдик. Стратегиядаги яна бир муҳим вазифамиз 2030 йилгача Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати таркибига кириш этиб белгиланган. Давлатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Асосий маблағни мана шу ёшлар инновацион ишларига йўналтиришни маъқул кўрдик. Ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватласак, ривожлантирсак, уларга шароит яратсак, эртага давлатга биз сарф қилгандан ҳам кўра кўпроқ фойда олиб келиши аниқ. Шунинг учун асосий эътиборни таълим тизимига қаратяпмиз.
Олдимизга қўйган асосий вазифаларимиздан яна бири илмий ташкилотларимизни ривожлантиришдан иборат. Чунки инновация айнан шу ерда яралади...
– Вазирлик илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланади. Айни пайтга қадар қандай янги лойиҳалар устида иш олиб борилди ва борилмоқда?
– Аввало, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида” ҳамда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилганини таъкидлаб ўтмоқчиман. “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун орқали республикамизда илмий ва илмий-техникавий фаолиятни тартибга солишнинг қонуний асоси яратилди. Улар илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчиларни ҳуқуқий кафолатлаш, илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларнинг сифати, самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шулар асосида, биринчи навбатда, фанни молиялаштириш тизимини ўзгартирдик. Таълим соҳаси учун ажратиладиган ва уч-тўрт йилда бир марта ўтказиладиган грантлар учун танлов тизимини бутунлай бошқача йўналишда туздик. Энди илмий лойиҳалар танловлари ҳар ой эълон қилинади ва ғолибларга лойиҳаларни амалга оширишлари учун пул маблағлари тақдим этилади. Аввал ихтиролар учун ажратилган пулларнинг ҳаммаси қоғоз билан бошланиб, қоғоз билан тугарди. Ҳеч ким олимларга илмни маҳсулот кўринишигача етказиш керак, деган талабни қўймасди. Илмий ишларнинг номлари аксарият ҳолларда “оптималлаштириш”, “муқобиллаштириш”, “таҳлили” каби сўзлар билан тугарди. Эндиликда олимларга бўлган рағбат ҳам, эътибор ҳам ўзгарди, шу билан бирга илмий ишларнинг натижалари илмий ишланмага айланиши ва бу ишланмалар ўз навбатида тижоратлаштирилиб, мамлакатимиз иқтисодиётига фойда келтириши назарда тутилмоқда. Ҳозирда ҳар бир лойиҳа учун ўртача 500 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ажратилиб, шундан 40 фоизи моддий-техник базани ривожлантиришга сарфланмоқда. Олдинги эски тизимда олим бир миллиард сўм даромад олиб келадиган лойиҳани тақдим этган бўлса, 20 миллион сўм атрофида пул билан тақдирланарди. Кейинчалик ўша ишланмасидан қайта келадиган даромадга шерик ҳам бўлмасди. Эндиликда шундай имконият беряпмизки, олим ўзининг лойиҳаси асосида бемалол корхона ташкил этиб, унга раҳбар ҳам бўла олсин. Муҳими, қайсидир соҳага янгилик, новаторлик ғоялари кириб келиши керак. Жорий йилда 116 миллиард сўм пул маблағи эвазига юздан ортиқ лойиҳаларни ишга туширдик. Қолаверса, “стартап” лойиҳалари молиялаштирилиб, илмий ишлар тўғридан-тўғри бизнесга йўналтирилмоқда.
Кичик корхоналар янги, шу пайтгача республикамизда мавжуд бўлмаган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни, хизматлар кўрсатишни бошлади. Бундай самарали инновацион ишланмалардан бири – буғланишнинг олдини олиш ва резервуарлардаги нефть маҳсулотларининг тўсатдан оловини ўчиришга мўлжалланган такомиллаштирилган сузувчи понтонлардир. Янги конструкцияли понтондан фойдаланилганда 2000 квадрат метр ҳажмли резервуарда йилига 240 тонна енгил углеводород тежалади. Ҳозирда сузувчи понтонлардан фойдаланиш бўйича тажриба ишлаб чиқариш тестлари муваффақиятли ўтиб, улар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг газ-нефтни қайта ишлаш корхоналарига жорий этилди. Бугунги кунга қадар 150 минг дона сузувчи понтон ишлаб чиқарилди ва буюртмачиларга етказиб берилди. Мана шундай иқтисодиётимизга фойда келтирадиган лойиҳаларга 30 миллиарддан зиёд пул сарфлаб, ўттиздан зиёд корхонани ишга туширдик.
Бугунги кунда биз пул сарфлаган корхоналар фойда кўра бошлади. Мисол учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг Микробиология институти ва “Green biotech” МЧЖ қўшма корхонаси инновацион компанияси томонидан “Fosstim” ва “Rizokom” деб номланган кучли биоўғит ва биостимуляторларнинг янги авлоди яратилди ва уни тажрибавий ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Унинг ишлаб чиқариш қуввати 2 млн. гектардан ортиқ ерни таъминлашга етади. 2019 йилда мазкур биоўғитлар буғдой экинларида синовдан ўтказилиб, кутилгандан ортиқ ижобий натижалар олинди: кимёвий ва минерал ўғитлар сарфи қисқарди, тупроқ ва ўсимликларнинг фосфорланиш, шўрланиш, метатоксин билан ифлосланиш даражаси пасайди ва шўрланган ерларнинг унумдорлиги кўтарилди ҳамда атроф-муҳит ҳолати яхшиланди. Суғориш сувининг сарфи 30 фоизга камайди ва бунда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги 30-50 фоиз кўпайди. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг оширилишига олиб келди. Мазкур лойиҳани молиялаштириш учун 9,6 млрд. сўм инвестиция киритилган бўлиб, ишланмадан кутилаётган йиллик даромад 7,5 млрд. сўмни ташкил қилади. Ҳозир ФА Микробиология илмий тадқиқот институтининг ўртача йиллик даромади 472,5 млн. сўмлигини инобатга олсак, инновацион маҳсулотдан олинадиган фойданинг кўламини тасаввур қилиш мушкул эмас.
Шу каби кўпгина инновацион ғояларни амалга ошириш учун Жаҳон банкидан имтиёзли, узоқ йилларга мўлжалланган 50 миллион долларлик кредит ажратилди. Ушбу маблағни тўғри тақсимлаб, соҳани янада ривожлантириш, Глобал инновацион индексга кириш олий мақсадимиздир.
Айни пайтда ҳудудлар ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири олимларнинг камлиги, етишмаслигидир. Шунинг учун ҳудудий дастурларни ишлаб чиқдик. Ҳозир Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида хусусий капитал асосида инновацион марказлар ташкил этишга киришилди. Энди ҳар бир ҳудуд ўз иқтидорли ёшлари билан ўзи шуғулланади. Молиялаштириш тизими эса маҳаллий ташкилот ва ҳокимиятларга юкланди. Чунки ҳар бир вилоятнинг ўз инновацион ҳудуди, иқтидорли ёшлари, олимлари ва энг асосийси сифатли таълим тизимига эга мактаби бўлиши керак...
– Бугун қайси соҳада инновацион ғояларга кўпроқ эҳтиёж сезилаётир?
– Инновация барча соҳа учун бирдек зарур. Чунки бир соҳа иккинчиси билан бевосита узвий боғлиқ. Улардаги ана шу боғлиқлик бир бутун бўлиб жамият ривожланади. Қисқаси, янги ғоя ҳеч бир соҳа учун ортиқчалик қилмайди, аксинча. Илм-фан дейсизми, таълим ёки соғлиқни сақлаш тизимими, хуллас, энди кечаги эски тизим билан ишлаб бўлмайди. Масалан, қишлоқ хўжалиги тизимига кластерлар олиб кирилди. Шу боис, пахта, гуруч ва буғдойдан мўл ҳосил олинмоқда. Маҳсулотларимизни бемалол хорижга сота оляпмиз. Ёки Сирдарё вилоятида хорижий инвесторни жалб этган ҳолда “Пенг-шенг кластери”, “Бек-кластер” негизида уруғчиликка ихтисослашган кластерлар ташкил этилди. Наманган вилоятида эса “Момиқ сочиқлар уруғчилик кластери” фаолиятини йўлга қўйиш асосида қишлоқ хўжалигига хусусий инвестициялар жалб қилинди. Бошқа соҳалар учун ҳам ана шундай янгиликларга эҳтиёж бор.
– Ижтимоий соҳадаги ривожланиш, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига инновацияларни жорий этиш борасида қандай янгиликлар бор?
– Аввало шуни айтиш керакки, шу пайтга қадар олий таълим билан илм ўртасида узвий боғлиқлик бўлмагани учун биз кўп нарсани бой бердик, деб ўйлайман. Фанлар академияси билан олий ўқув юртлари бир-бирига уйғун бўлиб ишлаши зарур. Мана, бугун шунга интиляпмиз. Янгиликлар кўп. Масалан, таълим тизимида “форсайт” марказларини ташкил қиляпмиз. Ушбу тизим таълимдаги муаммоларнинг келажагини ишлаб чиқади.
Урганч давлат университети олимлари томонидан “Ақлли мактаб” дастури ишлаб чиқилди. Синов тариқасида Фарғона вилоятининг 10 та мактабига ушбу дастурни киритдик. Хўш, бу нима дегани? Ҳамма ўқувчиларда кундалик бор, аммо бир ўқувчи математикадан душанба куни “2” баҳо олса, жума кунига бориб баҳоси аълога кўтарилиши мумкин. Яъни бунда “Ақлли дарс жадвали” ёрдамга келади ва бу боланинг интеллектини белгилаб беради.
Бундан ташқари, “Офлайн” режимида “Wi-Fi” тизими орқали ишловчи, Интернет ва Миллий кутубхона электрон маълумотлари базаси мавжуд 100 дона “Q-Box” ахборот ресурс мосламаларини олис ҳудудлардаги таълим муассасаларига ўрнатдик. Мазкур мослама республикамизнинг чекка ҳудудларидаги мактаблар, коллежлар, ОТМлар ва бошқа таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчи ҳамда талабаларга “Wi-Fi” тизими шаклида таълим дастурларини ва маълумотлар базасини ўз ичига олган улкан контентдир. Унга компьютер, смартфон, планшет, ноутбук орқали худди “Wi-Fi” ускунасига улангандек кириб, ўзи истаган ресурслардан фойдаланиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, интернетга уланмасдан туриб, айнан ушбу тармоқ бера оладиган маълумотларга эга бўлиш имкониятини тақдим этади.
Соғлиқни сақлаш борасида ҳам бир қанча инновацион лойиҳаларни қўллашни бошладик. “Ақлли тиббиёт” концепциясини ишлаб чиқдик. “Ақлли тиббиёт” тизими диагностика, профилактика ва даволашнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутади. Шунингдек, биотехнология, фармакология ва нанотехнология соҳасидаги сўнгги ютуқлардан фойдаланишни таъминлайди. Инсон танасига ўрнатилган чип ёки махсус браслет орқали беморнинг умумий ҳолати, нафас олиши, қон босими, юрак уриши каби маълумотлар тиббиёт муассасасига бориб туради. Бу орқали шифокорлар касалликнинг олдини олишга ёки зарур ҳолларда ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўладилар.
Телетиббиёт дастуримиз ҳам бор. Унга кўра, илк манзил қилиб Мўйноқни танладик. Бу ерда инновацион поликлиника қурилди. Аҳолиси 35 мингдан зиёд бўлган ушбу ҳудудда тиббиёт бўйича кадрлар етишмайди. Инновацион поликлиниканинг аҳамиятли томони шундаки, масофадан туриб, пойтахтдаги энг малакали шифокорлар беморга ташхис қўя олади. Кейинчалик бу тизимни ҳам кенг йўлга қўймоқчимиз. Кейинчалик нафақат маҳаллий шифокорлар, балки хориждаги тажрибали мутахассислар ҳам масофадан туриб беморларга маслаҳатлар беришлари, узоқда жарроҳлик амалиётларида иштирок этишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, вазирлигимиз ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология маркази фаолият юритмоқда. Вазирлик ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология марказида мавжуд 260 дан ортиқ аллергенларни ДНК-чип технологияси ёрдамида таҳлил қилиш ва генетик паспорт бериш тизими йўлга қўйилди. Аллергенларни аэробиологик мониторинг тизими технологияси трансфери қилинди. 4 та энг сўнгги авлод “VPPS 2010” гул чанги қопқонлари ўрнатилди. Улардан иккитасини Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларига жойлаштирдик. Бу қурилма 80 км. радиусдаги гуллаган дарахтлар ҳақида маълумот йиғади ва махсус базага киритади. Аэробиологик мониторинг лабораториясида ўз навбатида ҳаводаги аллерген турларини, аллерген ўсимликлар гулчангининг аэробиологик мониторингини ва чангланиш прогнозини аниқлаш ишлари олиб бориляпти.
– Жаҳон фани ютуқлари, хорижий тажрибани ўзлаштириш бўйича яна қандай ишлар олиб борилмоқда? Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорлик масалалари ҳақида ҳам тўхталсангиз?
– Тўғри, жаҳон фани ютуқлари ва хорижий тажриба биз учун муҳим. Шу боис, олтита давлат билан ҳамкорликда ишлаш борасида шартнома тузилган. Шартномага кўра, олимларни молиялаштириш ҳар бир давлатнинг ўз зиммасида. Аммо яратилган инновациялардан тенг фойдаланамиз. Вазирлигимиз ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан бир ярим йил ичида 300 га яқин олимни хорижга малака оширишга юбордик. Улар билим олиш қаторида ўша давлатнинг энг кўп фойда берадиган инновацион лойиҳаларини ўрганишди. Яқинда бир гуруҳ ёшларни Беларусь давлатига жўнатдик. Бу масалада ҳудудий дастурларимиз ҳам бор, энг чекка туманлардаги олимлар ҳам бундай янгиликдан баҳраманд. Қолаверса, рағбат фақат ёш олимлар учунгина эмас, катта ёшли олимлар ҳам чет давлатларга бориб тажриба алмашиб келяпти. Умуман, янгилик яратаман деган иштиёқ билан кўзи ёниб турган одам борки, у инновацион лойиҳа билан қайтиб келишига ёки бошқа ихтиро қилишига кўзимиз етса, ҳамкор давлатларга жўнатяпмиз.
Жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган “InnoWeek — 2019” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ташкил этилган Халқаро инновацион–инвестицион форумида 108,7 млн. долларга тенг англашув меморандумлари ва инвестиция шартномалари имзоланди.
Бу йил ўтказилган робототехника мусобақаси илк маротаба Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ўтказилди. Мазкур мусобақада ИҲТга аъзо 25 давлатдан жамоалар қатнашди. Мазкур халқаро мусобақада юртимиз ёшларининг жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллагани бизда иқтидорли ёшлар кўплигининг далолатидир.
Қолаверса, бугунги кунда вазирлигимизда 6 нафар хорижлик маслаҳатчилар фаолият юритмоқда. АҚШ, Германия, Корея, Қозоғистон, Австрия давлатларидан келган халқаро маслаҳатчилар доимий тарзда ўз мамлакатларидаги энг илғор инновацион техника ва ускуналар ҳақидаги маълумотни бизга етказиб туради.
– Охирги 25 йилликда давлатимизга инвестиция кириб келиши жуда қийин бўлган. Ишни бошлаган кезларингизда хорижий инвесторларни жалб қилиш осон бўлмагандир?
– Ҳақсиз, инвесторларни соҳага жалб қилиш фақат биз учун эмас, ҳамма соҳа раҳбарларига қийин бўлди, аслида бу ҳозир ҳам осон эмас. Чунки чет давлатлар шу йиллар ичида республикамиз рейтинги, олий ўқув юртларимиз, фанимиз ютуқлари, моддий-техника базамиз қай аҳволдалигидан бехабар бўлган. Бу эса уларга инвестиция киритишга тўсқинлик қилган. Шунинг учун ишни, энг аввало, норматив базамизни ривожлантиришдан бошладик.
2018 йилда Братиславада ўтган халқаро анжуманда Жаҳон банки мутасаддилари билан суҳбат чоғида улардан илм-фан натижаларини тижоратлаштириш учун маблағ сўрагандик. Улар “Фаолиятингизни кузатамиз” дейишди. Дарҳақиқат, бир ярим йил давомида ишларимизни, давлатимиз салоҳиятини кузатишди. Айни кунларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Жаҳон банки бир тўхтамга келиб, Ўзбекистон илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича лойиҳа тайёрламоқда. Лойиҳани молиялаштириш ишлари 2020 йилнинг бошидан бошланиши кутилмоқда. Январь ойидан бошлаб Жаҳон банкининг пул маблағлари илмий лойиҳаларни тижоратлаштириш, илм-фан ва саноат ҳамкорлигини ўзида мужассам этувчи ишланмалар молиялаштириш учун йўналтирилади.
– Бугунги кунда кўпгина соҳаларда муносиб кадрлар етишмаслиги сир эмас. Иқтидорли, уддабурон, кўп тилларни мукаммал биладиган, иш юритиш қобилиятига эга кадрлар вазирликда етарлими?
– Кадрлар масаласи бизда ҳам муаммо. Вазирлик ташкил этилганидан бери кўп кадрлар ишга жалб қилинди, улар орасида талабларимизга жавоб бермаганлари ҳам бўлди. Инновация жиддий тартиб талаб этади. Бу ишда истеъдоддан ташқари интизом ҳам юқори бўлиши лозим. Биз ҳар куни янгилик билан ишлайдиган одамлармиз. Президентимиз айтганларидек, “Инновацияда бугун – муҳим. Эртага у эскириши мумкин”. Дунё жуда тез ривожланмоқда. Бугунги кунда бир қадам олдинда юрмасангиз, кўп нарсадан бехабар қолишингиз мумкин. Бизга ҳам бир қадам олдинда юрадиган кадрлар зарур. Ҳозир ўзимизда бор ёшларни тарбиялаяпмиз. Соҳага кўниктиряпмиз. Вазирлигимиз раҳбарлигидаги ўринбосарлардан бири Араб Амирликларида кадрлар билан ишлаш техникасини ўрганмоқда. Бизда ишлайдиган кадрлар “инновация офицерлари” бўлиши лозим. Бир сўз билан айтганда, “энциклопедик” кадрлар бизнинг ютуғимиз бўлади. Сабаби, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалигида ҳам бирдек тафаккур қиладиган, билими, салоҳияти етадиган ёшлар бўлиши лозим. Юқорида айтганимдек, вазирлигимизнинг иши мураккаб...
– Бугун вазирлар матбуотдан узоқлашиб кетди, деган қарашлар йўқ эмас ва бу қарашларда тўғрисини айтганда лоф йўқ. Сиз бир вазир сифатида бу фикрни қандай изоҳлайсиз?
– Мен матбуотга энг кўп интервью берадиган вазир бўлсам керак. ОАВга муносабатимни шундан ҳам билса бўлади. Мана, бугун матбуот хизматлари такомиллашди, бизнинг матбуот котибимиз ҳам ОАВда тез-тез чиқишимни сўраб туради. Имкон қадар матбуотда чиқишлар қилишга ҳаракат қиламиз. Ўзбек матбуоти қатори хорижникини ҳам ўқиб бораман. Олим сифатида қатор илмий журналларда муҳаррирман. Ўзим ҳам монографиялар ёзиб тураман. Қандай кўринишда бўлмасин оммавий ахборот воситаларини кузатиб бормаган раҳбар тўлақонли раҳбар бўлолмайди...
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Холида ФАЙЗИЕВА
ва Феруза РАҲИМОВА
суҳбатлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги