Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида стратегик шерикчиликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма Баёнот

2019-12-20 | Сиёсат

Япония Бош вазири Абэ Синдзо таклифига биноан 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи бўлиб ўтди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Абэ Синдзо (кейинги ўринларда - Томонлар) 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилган кундан бошлаб икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари барқарор ривожланиб бораётганини юқори баҳоладилар. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи унутилмас ва муҳим йилда - Рейв даврининг биринчи йилида ташкил этилганлигидан фойдаланиб, «Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида стратегик шерикчиликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма Баёнот» ва аввалги баёнотлар асосида икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларини амалга оширишга келишиб олдилар.

I. Икки томонлама муносабатлар

1. Томонлар турли соҳаларда, шу жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг кенгайтирилганини ҳамда икки томонлама мулоқот ва алмашинув фаоллашганини мамнуният билан эътироф этдилар.

2. Томонлар сиёсий мулоқот, хусусан, юқори мансабдор шахсларнинг ташрифлари икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини қайд этдилар. Икки томонлама алоқаларни муҳокама этиш ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш мақсадида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишни давом эттириш ниятида эканликлари таъкидланди. Шу боис, Томонлар Японияга амалга оширилган мазкур ташриф чоғида «Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастури» имзоланганлигини мамнуният билан эътироф этдилар.

3. Томонлар икки давлат парламент вакилларининг ўзаро ташрифлар билан фаол алмашинувини юқори баҳолаб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Япония Парламенти» парламентлараро гуруҳи ва Япония Парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигасининг икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва ривожлантиришдаги аҳамияти ва ролини алоҳида таъкидладилар, шунингдек, икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.

4. Томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар ўз салоҳиятини янада кенгроқ намойиш этиши лозимлигини таъкидладилар. Томонлар, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония қўмитасининг қўшма йиғилишини ўтказиш чоғида икки мамлакат ҳукуматлари вакилларининг учрашувини ташкил этиб, икки давлат мутасадди идоралари ўртасида иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар. Япония томони Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиётни либераллаштириш ва диверсификациялашга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, Ўзбекистонда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, томонлар «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Битим» ҳамда янгиланган «Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Конвенция»нинг имзоланишини олқишладилар.

5. Томонлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида муваффақиятли ҳамкорликка мисоллар мавжудлигини таъкидлаб, электроенергетика соҳаси, соғлиқни сақлаш, магистрал телекоммуникация тармоқлари, кимё ва тўқимачилик саноатлари, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, япон технологиялари бўйича иссиқхоналар қурилиши, автобуслар ва юк машиналарини ишлаб чиқариш, автомобиллар савдоси ва фойдали қазилмалар конларини қидириш соҳалари билан боғлиқ лойиҳаларни илгари суришга янада кўмаклашиш ниятида эканликларини билдирдилар. Шунингдек, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши япон компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтиришга қўшимча туртки бўлишига умид билдирилди. Томонлар Япония халқаро ҳамкорлик банки («ЖЕЙБИК») ва Япония экспорт ва инвестицион суғурталаш агентлигининг («НЕКСИ») Ўзбекистонда япон компаниялари иштирокида устувор инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишдаги муҳим ўрнини таъкидладилар.

6. Томонлар 2019 йилнинг май ойида Тошкентда ўтказилган Инфратузилмани ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Япония конференциясининг учинчи йиғилиши натижалари Ўзбекистон инфратузилмасини Японияда мавжуд бўлган янги технологияларни жорий этиш орқали янада ривожлантиришга ҳисса қўшишига умид билдирдилар. Томонлар, шунингдек, ушбу йиғилишда «шаҳар инфратузилмаси» соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланганини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик давом этаётганлигини олқишладилар.

Томонлар «Юқори сифатли инфратузилмага инвестиция киритиш бўйича G20 тамойиллари»га асосланган ҳолда, очиқлик, шаффофлик, иқтисодий самарадорлик ва қарз олувчи давлатларнинг қарз мажбуриятини бажариш барқарорлиги каби элементларни ўз ичига олган халқаро стандартларга мувофиқ юқори сифатли инфратузилмага инвестиция киритиш муҳимлигини тасдиқладилар.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жалб қилинган япон мутахассисининг билим ва тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини яна бир бор таъкидладилар.

7. Ўзбекистон томони Япония Ҳукуматининг «Тараққиётга расмий кўмак» дастури (ТРК) доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий инфратузилмасини янгилаш ва яхшилаш, бозор иқтисодиёти, корпоратив бошқарув ва саноатни ривожлантириш учун инсон ресурсларини тайёрлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий тизим яратиш ҳамда соғлиқни сақлаш, тиббиёт, минтақавий тараққиёт ва бошқа ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда кўп йиллик қўллаб-қувватлаши учун Япония томонига миннатдорлик билдирди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон томони мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган стратегик муҳим лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кредит ва грант маблағлари ажратиш орқали янада изчил ҳамкорлик қилишга чақирди. Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги («ЖАЙКА») ўртасида ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорликнинг устувор йўналишларини келгусида муҳокама қилишга қаратилган Баённома имзоланганини мамнуният билан эътироф этдилар.

8. Ўзбекистон томони, хусусан, иссиқлик электр станцияларини қуриш орқали Ўзбекистон электр таъминоти салоҳиятини ривожлантириш ва электроенергетика тармоғини модернизациялашда кўрсатилаётган молиявий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, ТРК доирасида шу каби кўмак кўрсатишнинг давом этишига умид билдирди ҳамда юқори сифатли япон технологияларидан фойдаланишга қизиқиш билдирди.

Томонлар «Навоий иссиқлик электр станциясини (ИЭС) модернизациялаш (2-босқич)» дастури доирасида Навоий ИЭСда юқори энергия самарадорлигига эга бўлган учинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш (Навоий-3), шунингдек, «Електренергетика тармоғи салоҳиятини ривожлантириш (2-босқич)» дастури доирасида Ўзбекистондаги иссиқлик электр станцияларининг амалдаги буғ-газ қурилмалари учун эҳтиёт қисмларини етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун йенада кредитларни тақдим этишга оид ноталар алмашинуви ва молиявий битимлар имзоланганини олқишладилар. Ўзбекистон томони, шунингдек, Навоий ИЭСда юқори энергия самарадорлигига эга бўлган тўртинчи буғ-газ қурилмасини барпо этиш (Навоий-4) учун Япония томонидан йенада кредит ажратиш орқали келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Бундан ташқари, Томонлар «Мева-сабзавотчилик соҳасидаги қиймат занжирини илгари суриш бўйича лойиҳа»га оид ноталар алмашинуви ва молиявий битимлар имзоланганини мамнуният билан эътироф этдилар. Ўзбекистон томони қишлоқ хўжалиги ва ирригация соҳаларида Япония билан изчил ҳамкорликни юқори баҳолади.

9. Ўзбекистон томони кадрлар салоҳияти ва ҳуқуқий тизимни ривожлантиришда Япониянинг кўп йиллик ҳамкорлигини, шу жумладан, Ўзбекистон-Япония инсон ресурсларини ривожлантириш марказининг фаолияти, ёш давлат хизматчиларига йўналтирилган кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш дастурини амалга ошириш, шунингдек, Япония Молия вазирлигининг Сиёсий тадқиқотлар институти ва Япония Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тадқиқотлар институти томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ва банк-молия соҳаларидаги ҳамкорликни юқори баҳолади. Томонлар 2019 йилнинг март ойида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Япония Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум доирасида ҳуқуқ ва адлия соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга умид билдирдилар.

10. Томонлар икки мамлакат ўртасида барча соҳаларда шахслараро алмашинувларни кенгайтириш икки халқ ўртасидаги азалий маънавий алоқалар ва дўстликнинг янада чуқурлашишига ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишига хизмат қилади, деган якдил фикрдалар.

Томонлар икки давлат ўртасидаги авиарейслар маршрут тармоғининг кенгайтирилиши, Ўзбекистон томонидан 2018 йилнинг феврал ойида Япония фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилиши ва икки мамлакат ҳукуматлари кўмагида суратга олинган филмнинг яратилиши каби турли тадбирлар сайёҳлик оқимининг кўпайиши ва гуманитар алмашинувларнинг ривожланишига ҳисса қўшаётганини мамнуният билан эътироф этдилар.

Томонлар ўз фуқаролари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга умид билдирдилар, бу эса ўз навбатида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва ўзаро манфаат касб этувчи бошқа соҳалардаги алоқаларнинг барқарор ривожига кўмаклашишдаги муҳим шарт ҳисобланади.

Томонлар «муайян билим ва кўникмалар»га эга бўлган хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга асосланган шерикчилик орқали Ўзбекистон фуқаролари иккала мамлакат учун ҳам фойдали бўлган шаклда Японияда меҳнат фаолиятини юритишларига умид билдирдилар.

11. Томонлар икки давлатнинг минтақалараро алоқалари фаоллашаётганини қайд этиб, мазкур расмий ташриф давомида Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасида шерикчилик тўғрисидаги Битим имзоланганини ҳамда 2019 йилнинг август ойида Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида Таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланганини мамнуният билан алоҳида таъкидладилар.

Томонлар, шунингдек, икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқалар ривожланаётганини, шу жумладан, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияларини қабул қиладиган Киото префектурасидаги Маидзуру, Аити префектурасидаги Нагоя ва Гунма префектурасидаги Такасаки каби шаҳарларнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Томонлар шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан Япония Спорт агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланганини ҳамда бу соҳадаги алоқалар чуқурлаштирилаётганини олқишладилар.

Томонлар икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари ўртасидаги алмашинувнинг ривожланаётганини юқори баҳолаб, 2019 йил июлда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Япония олий ўқув юртлари ректорларининг учинчи конференцияси ва Тошкент Давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази олий таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишига умид билдирдилар.

12. Томонлар илмий-техникавий ва инновацион йўналишларда ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини қайд этдилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Япония Фан ва технология агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланганини мамнуният билан эътироф этдилар.

II.Минтақавий ҳамкорлик

13. Ўзбекистон томони «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг ролини юқори баҳолади, бунда Япония Марказий Осиё мамлакатларининг, шу жумладан, бутун дунё учун очиқ бўлган барқарор ва мустақил субект ҳисобланадиган Ўзбекистоннинг изчил тараққиёти учун катализатор сифатида минтақавий ҳамкорликка кўмаклашиши қайд этилди. Япония томони ҳам Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги барча қўшни давлатлар билан муносабатларини дўстлик, ўзаро ишонч ва аҳил қўшничилик асосида мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақа фаровонлиги ва хавфсизлигига эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Томонлар «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг ҳар бир иштирокчи-давлати вакиллари 2019 йилнинг май ойида бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг еттинчи йиғилиши давомида мазкур форматдан қишлоқ хўжалиги, транспорт логистикаси ва туризм соҳаларидаги амалий ҳамкорликни илгари суриш учун платформа сифатида янада фаол фойдаланиш бўйича келгусидаги фаолият йўналишларини белгилаб олганликларини таъкидладилар.

Томонлар «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида Токиода ўтказилиши режалаштирилган Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг саккизинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

14. Япония томони Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш орқали рўй бераётган динамик ва ижобий жараёнларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Япония томони 2019 йил 29 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувининг муваффақиятли ўтказилишини олқишлади. Томонлар, шунингдек, Марказий Осиёда халқаро ва минтақавий даражада кўмаклашишни янада илгари суриш мақсадида яқин ҳамкорликни, жумладан, «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида ҳам давом эттиришга келишиб олдилар.

15. Томонлар терроризмнинг барча шакллари ва кўринишларини кескин қораладилар ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, хусусан, терроризм, зўравон экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, уюшган жиноятчилик ва Марказий Осиё минтақасига қаратилган бошқа таҳдидларга қарши курашиш масалаларида маслаҳатлашувлар ва алоқаларни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар. Шунингдек, мазкур масалалар 2020 йилнинг апрель ойида Японияда ўтказиладиган БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий судлов бўйича ўн тўртинчи конгресси (The Kyoto Congress) кун тартибига киритилганини олқишладилар.

Ўзбекистон томони «Идоралараро мобил гуруҳларни ташкил этиш йўли орқали Ўзбекистонда афғон гиёҳванд моддалари контрабандасига қарши курашиш бўйича лойиҳа» ва «Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашишда чегара алоқа офисларини очиш ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича лойиҳа» кабиларнинг амалга оширилишида Япония томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган беғараз молиявий ёрдам дастурлари натижаларини юқори баҳолади.

Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш минтақа ва халқаро ҳамжамият учун муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаб, Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига, терроризм ва зўравон экстремизмга қарши курашиш, жумладан, самарали чегара назорати бўйича тадбирларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришни мамнуният билан эътироф этдилар.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Япония Ҳукумати томонидан амалга оширилаётган Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўмаклашишга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишладилар ҳамда Афғонистон Ислом Республикасини қайта тиклаш ва тинч йўл билан ривожлантириш жараёнларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини қайд этдилар.

16. Япония томони минтақанинг барқарор ривожланишига ҳамда маҳаллий аҳолининг соғлиғи ва келажагига таҳдид солаётган Орол денгизи муаммоси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига ижобий баҳо бериб, ушбу соҳада минтақавий ҳамкорликнинг ривожланишига умид билдирди.

Ўзбекистон томони Япония томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Оролбўйи минтақаси маҳаллий жамоасини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган 346 миллион йена миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ноталар алмашинуви имзоланганини юқори баҳолади. Шунингдек, ушбу ҳамкорликни амалга ошириш Ўзбекистон Ҳукумати томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг мақсадларига мос келиши таъкидланди.


III. Халқаро майдонда ҳамкорлик

17. Томонлар қонун устуворлиги, минтақа ва дунёда тинчлик, барқарорлик, ҳамкорлик ва фаровонликни таъминлаш учун БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принсипларига, шунингдек, давлатлар мустақиллиги ва суверенитетини ҳурмат қилишга асосланган эркин ва очиқ дунё тартибига риоя қилиш муҳимлигини таъкидладилар. Томонлар ушбу мақсадларга эришишга кўмаклашадиган ҳисса ва саъй-ҳаракатларни олқишладилар.

18. Томонлар БМТ Хавфсизлик Кенгашини юқори вакилликни таъминлайдиган ва XXI аср халқаро ҳамжамиятидаги ҳақиқий вазиятни акс эттирадиган янада самарали органга айлантириш мақсадида ислоҳотларнинг муҳимлигини яна бир бор тасдиқладилар. Томонлар матнлар асосида музокараларни зудлик билан бошлаш муҳимлигини таъкидлаб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ислоҳотларини тезкор амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро музокараларни самарали давом эттириш, шу жумладан, ҳам доимий, ҳам доимий бўлмаган аъзолар сонини кенгайтириш йўлида қатъий эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон томони Японияни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари сафига қўшилишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади, Япония томони эса Ўзбекистон Республикасига давомли қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.

19. Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома (ЯҚТЦҳ) бўйича 2020 йилдаги Кузатув конференциясида муҳим натижаларга эришиш учун Томонлар ядровий қуролсизланиш, ядро қуролини тарқатмаслик ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятларини яна бир бор тасдиқладилар.

Томонлар Марказий Осиё мамлакатларининг ихтиёрий келишувларига асосланган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома ядро қуролини тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам эканлигини таъкидладилар.

20. Томонлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига тўлиқ риоя қилиш ҳамда ушбу резолюциялардаги мажбуриятларга мувофиқ Шимолий Кореянинг барча оммавий қирғин қуроллари ва ҳар қандай масофали баллистик ракеталардан бутунлай, текширув остида ва қайтарилмас тарзда воз кечиши тарафдори эканликларини яна бир бор таъкидладилар. Томонлар Шимолий Кореяни ушбу мақсадларга эришиш учун аниқ чоралар кўришга чақирдилар.

Томонлар гуманитар масалаларни, шу жумладан, дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган Шимолий Корея томонидан одамлар ўғирланиши муаммоларини ҳал қилишнинг муҳимлигини ҳам таъкидладилар.


IV. Якуний қоидалар

21. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Императори Ҳазрати Олийлари ва унинг рафиқаси Ҳазрати Олияларига, Япония Ҳукумати ва халқига Ўзбекистон Раҳбари ва делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон томони Япония Бош вазири Абэ Синдзони ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистон Республикасида ташриф билан бўлишга таклиф қилди. Япония томони таклиф учун ўз миннатдорлигини изҳор этди.

Мазкур Қўшма Баёнот 2019 йил 19 декабрда Токио шаҳрида икки нусхада ўзбек ва япон тилларида имзоланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев

 

Япония Бош вазири Абэ Синдзо

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Поделиться