Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Японияда Нагоя шаҳри мэри Т.Кавамура билан учрашув бўлиб ўтди
2019-12-17 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида Японияда сафарда бўлган инвестициялар ва ташқи савдо вазири жорий йил 17 декабрь куни Нагояга ташриф буюриб, Нагоя шаҳри мэри Т.Кавамура билан учрашди. Ўзбекистон делегацияси таркибида учрашувда Тошкент шаҳри ҳокими Ж.Ортиқхўжаев ҳам иштирок этди.
Суҳбат чоғида Т. Кавамура яқинда Ўзбекистонга амалга оширган сафари тўғрисидаги умумий таассуротлари билан ўртоқлашиб, ўзбек маданиятининг ёрқин колорити ва ўзига хослиги ҳамда мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан ҳайратда эканлигини билдирди.
Юқори даражадаги ташрифга тайёргарлик олиб борилишининг ҳолати ҳам кўриб чиқилди – Япония томони ушбу тадбир икки давлатнинг яқинлашиши, кенг кўламли истиқболли йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш учун алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.
Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди - шу нуқтаи назардан, шаҳар раҳбари куни-кеча Токиода бўлиб ўтган ва Япониянинг 500 дан ортиқ ишбилармонлар доираси вакилларини жалб этган Япония-Ўзбекистон бизнес-форумининг кўлами ва аҳамиятини юқори баҳолади. Бу эса, Япония компанияларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга бўлган ва тобора ортиб бораётган қизиқишларидан далолат беради.
Учрашувда Нагоя ва Тошкент шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича "Йўл харитаси”ни амалга оширишнинг амалий механизмлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Бунда, қўшма инвестиция лойиҳаларни бошлаш, икки мамлакат учун устувор ва катта салоҳиятга эга бўлган соҳаларда савдони фаоллаштириш ҳамда туризм секторини ривожлантириш – Ўзбекистонга ташриф буюраётган Япониялик туристлар сонини ошириш, туристик инфратузилмаларни ташкил қилиш ва ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларни жадаллаштириш борасида истиқболли чоралар назарда тутилди.
Учрашув самимий руҳда якунланди: томонлар аниқ ишланмалар ва ташаббусларни шакллантириш учун келгусидаги ўзаро муносабатлар йўналишларини белгилаб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги