Андижон давлат университетида Токио Санъат университети илмий-тадқиқотчиси, доктор Шого Кумье билан талабаларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув олдидан япониялик олим Андижон давлат университетидаги таълим жараёнлари, талабаларга яратилган шарт-шароитлар, олий муассасада халқаро ҳамкорлик борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Университет профессор-ўқитувчилари, талабалари, шунингдек, Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археологик тадқиқотлар институти олимлари иштирок этган учрашувда доктор Шого Кумье “Ипак йўлининг пайдо бўлиши: Фарғона водийси ва Тянь-Шань тоғларидаги бронза даври археологияси” мавзусида маъруза ўқиди. Маърузада Марказий Осиёда чорвачиликнинг пайдо бўлиши ва унинг Фарғона водийсига кириб келиши ҳамда ўзбек ва япон олимлари ҳамкорлигида Жалалқудуқ тумани Ойим қишлоғидаги бронза даврига оид илк шаҳар маданияти бўлган Далварзин шаҳар харобасида олиб борилаётган археологик, илмий-тадқиқот ишлари натижалари ҳақида тўхталди.
Учрашувда талабалар бронза даврига оид манзилларнинг ўрганилиши, Фарғона водийсида чорвачилик, зироатчилик ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари, Буюк ипак йўлининг тармоқлари, савдо-иқтисодий алоқалар тарихига доир кенг маълумотларга эга бўлди.
– Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон инсоният цвилизациясининг бешикларидан бири ҳисобланади, – дейди доктор Шого Кумье. – Шу жумладан, Андижонда Далварзин, Мингтепа сингари тарихимизнинг энг қадим даврларига оид археологик масканлар мавжуд. Уларни ўрганиш, тадқиқ этиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бизнинг ана шу давр ҳақидаги билимларимизни янада бойитади.
Доктор Шого Кумье айнан ана шу масканларда талабалар учун дарслар, машғулотлар ўтказиш мозийни ўрганишда ижобий самаралар беришини таъкидлади, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Япониялик олим Андижон давлат университети қошидаги “Қатағон қурбонлари” музейида бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида Андижонда сақланган япон ҳарбий асирлари ҳаёти, фаолияти, тақдири билан боғлиқ тарихий ҳужжатлар билан танишди.
Шундан сўнг университет тарих факультети ҳамда Токио Санъат университети ўртасида қўшма дастур асосида 2020 йилдан талабалар мобиллиги, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши юзасидан ҳамкорлик бўйича келишиб олинди.
Манба: ЎзА