Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эрон Ислом Республикаси Саноат, конлар ва савдо вазири Р.Рахмоний билан учрашув бўлиб ўтди
2019-12-12 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков жорий йил 11 декабрь куни вазирликлар, соҳа ташкилотлари раҳбарлари ва ишбилармонлардан иборат топган эрон делагациясининг юртимизга ташрифи доирасида Тошкентга келган Эрон Ислом Республикаси Саноат, конлар ва савдо вазири Р.Рахмоний билан учрашув ўтказди.
Учрашувда шунингдек Эрон Ислом Республикасининг Саноат, конлар ва савдо вазири ўринбосари, Савдони ривожлантириш ташкилоти раиси Х.Забдум ҳамда Ўзбекистоннинг Эрон Ислом Республикасидаги фавқулотда ва мухтор элчиси Б.Абдуллаев иштирок этди.
Ўзбек-Эрон савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 13-йиғилиши арафасида бўлиб ўтган мазкур учрашув чоғида икки томонлома алоқаларни жадаллаштириш бўйича мавжуд имкониятлар ва шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Мазкур мулоқот қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва қурилиш соҳаларида қўшма лойҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш ва товар айланмасини оширишга қаратилган ҳамкорликнинг биринчи навбатдаги устувор йўналишларини белгилаб олишга имкон берди.
Эронга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ошириш имкониятлари ва мазкур йуналишда икки мамлакат ташқи савдо ташкилотларининг ўзаро фаолиятини йўлга қўйиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Хусусан, фитосанитария назорати талабларини ўзаро тан олинишини таъминлаш орқали ўзаро савдони амалга ошириш шарт-шароитларини енгиллаштириш бўйича аниқ таклифлар баён этилди.
Шунингдек эрон делегациясининг ташрифи доирасида бир қатор тадбирлар, хусусан Эрон Ислом Республикаси ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмаси (11-13 декабрь), Ўзбек-Эрон бизнес-форуми, «В2В» учрашувлар ва кооперация биржасини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар аҳамияти қайд этилди. Бундан ташқари, эрон делегацияси ташрифининг якунлари бўйича Ўзбек-Эрон Ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши чоғида имзоланиши режалаштирилаётган Баён тафсилотлари ишлаб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги