Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ўринбосари Набил Ганжи бошчилигидаги конференцияга тайёргарлик кўриш бўйича ишчи гуруҳи аъзоларининг Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев билан учрашуви бўлиб ўтди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти (ФАО)нинг Италия пойтахти Римда бўлиб ўтган 41-сессиясида Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё 32-минтақавий конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
2020 йилнинг 5-7 май кунлари Марказий Осиё давлатларида орасида илк маротаба мамлакатимизда ўтказиладиган мазкур ҳудудий конференцияни юқори даражада ташкил этиш учун тайёргарлик ишлари ҳозирги вақтда қизғин олиб борилмоқда.
Ж.Ходжаев Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги ҳамкорлик 2001 йилда Ўзбекистон ушбу ташкилот аъзосига айланган пайтдан бошлаб давом этиб келаётганини, 2014 йилда ташкилотнинг Тошкент шаҳрида ваколатхонаси очилиши ва шериклик тўғрисидаги янги келишув имзоланиши натижасида ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Хусусан, ФАО Ўзбекистонда ўндан ортиқ муҳим лойиҳалари амалга ошираётганини, ташкилот экспертлари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқишда яқиндан ёрдам берганини алоҳида қайд этиб, бугунги кунда ФАО қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш борасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббусини қўллаб-қувватлагани, мазкур дастурни тайёрлашда ташкилот мутахассисларининг иштироки учун миннатдорлик билдирди. Вазир Европа ва Марказий Осиёнинг 50 дан ортиқ давлатлари вакиллари иштирокида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган ушбу нуфузли конференцияни юқори савияда ўтказиш учун Ўзбекистон – мезбон томон барча зарурий тайёргарлик ишларини амалга ошираётганини, бу борада ҳам ФАО мутасаддилари билан узвий ҳамкорлик давом этаётганини маълум қилди.
ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ўринбосари Набил Ганжи ФАО ва Ўзбекистон ўртасида кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш борасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилганини, ташкилотнинг 2020 йил май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган минтақавий конференцияси мазкур ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Н.Ганжи, шунингдек, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, аграр соҳада ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ФАО катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кузатиб бораётганини таъкидлаб, бу борада амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Учрашув якунида томонлар Тошкентда ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё 32-минтақавий конференциясига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар юзасидан келишиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги