Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси

2019-12-11 | Сайлов

10 декабрь куни видеоконференц алоқа шаклида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Буюк Британияда очилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси М.Абдусаломов хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайловга оид ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

МСКнинг қарорига биноан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида 55 та сайлов участкалари ташкил этилган ва улар Тошкент шаҳрида тузилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 12 та сайлов округларига бириктирилган. Хориждаги участка сайлов комиссияларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида ташкилий-услубий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мамлакатимизнинг Лондон шаҳридаги элчихонаси билан ўрнатилган бевосита видеоконференц алоқа орқали Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамовнинг ахбороти тингланди.

Такидланишича, Лондон шаҳрида очилган ва Тошкентдаги 140-Дархон сайлов округига бириктирлиган 26-сайлов участкаси фаолияти амалдаги сайлов қонунчилигига биноан  ташкил этилган. Саид Рустамов ҳозир ватандошларимиз  мазкур элчихонанинг расмий веб-сайтидан сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, овоз бериш манзили ва куни, вақти ҳамда бошқа кўплаб ахборотларни олишлари мумкинлигини маълум қилди.

Мажлисда мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатишда хорижий кузатувчиларнинг иштироки сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашнинг муҳим чора-тадбирларидан бири эаканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Марказий сайлов комиссияси шу йилнинг 20 сентябрь куни сайлов кампаниясини эълон қилгач, халқаро ташкилотларга, бир қатор хорижий мамлакатларга сайловни кузатишда иштирок этиш учун таклифнома юборди. Бу билан юртимизда сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини, Ўзбекистоннинг халқаро ҳужжатлар доирасида олган мажбуриятларига масъуллигини ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга содиқлигини намойиш қилди. Бугунги кунга қадар, МСК томонидан 168 нафар халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилди.

«Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида» ги Низомга мувофиқ Ташқи ишлар вазирлиги томонидан навбатдаги тақдимномада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти  кузатувчилар миссиясининг  аъзоларининг ҳужжатларини тақдим қилинди.

Комиссия аъзолари томонидан  бир овоздан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти  кузатувчилар миссиясининг  18 нафар  аъзосини халқаро кузатувчи сифатида  рўйхатга олиш бўйича қарор тасдиқланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш жараёнлари давом этмоқда.

Мажлисда «Uzlife» нодавлат ахборот агентлиги, Хиндистонинг «Outlook» журнали, Индонезиянинг  «Metro TV» телеканали, Малайзиянинг «TV Alhijrah» Малайзия давлат телеканали, Қатарнинг  «Ал-Жазира» телеканали журналистлари  аккредитациядан ўтказилди.  Комиссия аъзолари  сайловларни ёритишда иштирок этувчи навбатдаги 12 нафар маҳаллий ва хорижий журналистни аккредитациядан ўтказиш бўйича қарор қабул қилди.

Ҳозирги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 267 тага  ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса 125 нафарга етди.

Мажлисда сайлов жараёнида иштирок этаётган сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқоти сайлов қонунчилиги доирасида олиб борилаётганлиги, номзодлар томонидан сайловчилар билан 22 мингга  яқин учрашув ўтказилганлиги, ОАВ, Интернет мессенжерлар, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда партия ва номзодларнинг сайловолди ташвиқотига оид 25 мингдан ортиқ материаллар чоп этилганлиги ва эфирга берилганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда олиб борилаётган мониторинг натижалари, шунингдек, «Call center» (Ишонч телефони) келиб тушаётган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан олиб борилаётган сайловолди ташвиқоти ишлари ҳали барча сайловчиларни ҳам тўла қамраб олаётгани йўқ. Аҳоли барча депутатликка номзодлар, уларнинг дастурий йўналишлари тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас. Хусусан, Тошкент шаҳрининг барча кўчалари, маҳаллалари ва бошқа аҳоли гавжум жойларида ҳам сайловларга оид кўргазмали ташвиқот воситаларини учратиш қийин.

Буларнинг барчаси номзодлар кўргазмали тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириб, аҳоли билан бевосита учрашувларни кўпайтиришлари зарурлигини кўрсатмоқда. Бундан аввало сиёсий партиялар ва номзодлар манфаатдордир. Сайловолди ташвиқоти энг қизғин палласига кириб, яна 11 кундан сўнг бу жараён тугайди.

Тадбирда шунингдек,  пойтахтимиз кўчаларида сайлов ҳақидаги баннерлар жуда кам кўринаётгани, айниқса, партиялар ва номзодлар ҳақидаги баннерлар умуман кўзга ташланмаётгани қайд этиб ўтилди. Мажлис сўнгида Марказий сайлов комиссияси аъзоларига пойтахт кўчаларидаги сайловолди ташвиқотига бағишланган баннер ва плакатлар статистикасини ўрганиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган топшириқлар берилди.

Манба: Марказий сайлов комиссияси

Поделиться