Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаевнинг ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТИ

2019-12-10 | Иқтисодиёт

Ҳурматли ишбилармон ва тадбиркорлар!

Барчамизга маълум, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш - бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”-деган сўзларининг нақадар тўғрилигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорларга сезиларли даражада енгилликлар яратилди ва бу ишлар ҳали давом этмоқда.

Шиддат билан ўзгараётган ва янгиланаётган бугунги жараёнларда шаҳримиз тадбиркорлари сони ҳам ортиб бораяпти.

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ўтган 10 ойида 16 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Йил якунига қадар яна 8 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши кутилмоқда.

Фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг 4 мингтаси ўз фаолиятини 10 ой ичида қайта тиклади.

Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган жами корхона ва ташкилотларнинг 88 фоизи кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. 

Тошкент шаҳрининг ҳар 1000 нафар аҳолисига 27 та кичик корхона тўғри келмоқда ва уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62 фоизга етди. 

Тошкент шаҳрида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 66 фоизи кичик бизнес томонидан ишлаб чиқарилмоқда. 

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида, 

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Тошкент шаҳри учун узоқ муддатли “Барқарор” прогнозли “BB” суверен кредит рейтингини тақдим этди ҳамда қарз юкига чидамлилиги бўйича “АА” рейтинги билан баҳоланди. 

Fitch Ratings агентлигидан ижобий рейтинг баҳо олиш, шаҳарнинг молиявий ва иқтисодий барқарор ҳамда ишончли эканлигини англатади, инвесторлар учун қулай бизнес муҳити мавжудлигини кафолатлайди. 

Қадрли, ҳамшаҳарлар!

Шу билан бирга, тан олиб айтишимиз керак, ишбилармон ва тадбиркорлар дардига қулоқ солиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, улар фаолиятига кенг йўл очиш ва уларга яқиндан ёрдам бериш бўйича олдимизда турган вазифалар ҳали жуда-ям кўп.

«Бизнес юритиш - 2020» (Doing Business) ҳисоботида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, жумладан, ер ажратиш, қурилиш ва мол-мулкни рўйхатга олиш борасида қулайликлар яратишимиз керак.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, биз-раҳбарлар тинмай изланишимиз, муаммоларнинг оқибати билан эмас, балки уларнинг туб негизига етиб бориб, ақл билан, илм билан ечимини излашимиз лозим деб ҳисоблайман.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш йўналишларида таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишга эҳтиёжи туғилмоқда. Бу ишларга олимларни жалб этиб, шаҳримиз иқтисодиёт кўрсаткичларининг жорий ҳолатини баҳолаш ҳамда ривожланган ҳорижий давлатлар илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда, қисқа ва узоқ муддатли ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишни режалаштирмоқдамиз.

Таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, Тошкент шаҳрида тадбиркорликни йўлга қўйишдаги муаммоларнинг 30-40 фоизи ер ёки бино ажратиш масаласи билан боғлиқ. 

Бу масала аввало, бизнинг - ҳокимият вакилларининг тадбиркорларни рози қилишдаги энг оғриқли муаммоларимиздан бирига айланган.

Бу йўналишда биз албатта очиқ, шаффоф ва адолатли янги тизим яратамиз.

Бунинг учун, қисқа муддатларда Тошкент шаҳрининг 

Бош режасини ишлаб чиқиб, тасдиқланишини тезлаштиришимиз зарур.

Бунда, биринчи навбатда шаҳримизда яратилган истироҳат боғлари ва яшил ҳудудларни келажак авлодга сақлаб қолиш, уларни бузилиб, қурилиш майдонига айланиб кетишини олдини олиш учун барча чораларни кўрамиз.

Пойтахтимизда бўш ёки самарасиз фойдаланилаётган ер майдонлари ва бинолар негизида замонавий бизнес учун биноларни жойлаштириш концепциясини ишлаб чиқиб, концепция асосида тадбиркорлар учун биноларни тайёр ҳолда қуриб беришни режалаштирмоқдамиз.

Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи дарё ва каналларимиз атрофидаги ерлардан оқилона фойдаланиш мақсадида, лойиҳалар асосида тадбиркорлар учун жойлар ажратамиз.

Энг асосийси, юридик ва жисмоний шахслар хусусий мулкларининг даҳлсизлигини кафолатлаш борасида, Муҳтарам Президентимизнинг қатъий топшириқларига биз оғишмай риоя қиламиз.

Азиз дўстлар!

Яна бир масала, тадбиркорликка оид қонунчиликни соддалаштириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш, солиқ юкини камайтириш йўналишидаги ислоҳотлар муҳокамаларида фаол қатнашамиз.

Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш ва бизнес учун адолатли муҳит яратишда “чеклов” ва “таъқиқ” механизмларидан воз кечиб, тадбиркор бўладими ёки оддий фуқаро, солиқ тўлашдан манфаатдор бўлиши учун янги ғоялар ишлаб чиқамиз.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Жадал суръатларда ривожланиб бораётган бугунги бизнес жараёнларида малакали мутахассисларга талаб тобора ортиб бормоқда. 

Бизнеснинг турли соҳа, тармоқ ва йўналишларида илғор тажрибаларни қўллаш, замонавий техника ва технологияларни тадбиқ этиш ва уларни бошқариш кўникмаларига эга ёшларимизни мутахассис сифатида етиштириш борасида иқтидорли фарзандларимизни ўқитиш ҳамда тажриба орттиришлари учун шароит яратиш борасида ишлаймиз.

Шунингдек, тадбиркор бўлиш истагида бўлган ёшлармизни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз йўлларини топишга кўмаклашиш мақсадида, қўшимча имкониятлар яратамиз. Бунда, ўз бизнесини йўқдан бор қилган, тажрибали тадбиркорлар “Маҳорат дарслари”ни ташкил этишга чуқур эътибор қаратамиз.

Ҳулоса қилиб айтганда, пойтахтимизда тадбиркорлик мавқеини янги босқичга кўтариш устида тинмай изланамиз.

Азиз, ишбилармонлар!

Ушбу мурожаатимнинг асосий мақсади, бундан кейин тадбиркорлар учун ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, Тошкент шаҳрида халқ депутатлари, шаҳар ҳокими, барча раҳбарлар, ҳокимлар Сизларга яқиндан кўмакчи бўлишимиз, доимий равишда тадбиркорлар оғирини енгил қилиш билан шуғулланиб, тадбиркор учун барча йўллар очиқлигини Сизларга етказишдан иборат.

Ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларига мурожаат қилиш учун тўғридан-тўғри алоқа воситаларини Сизларга эълон қиламиз. Исталган вақтда уларга бевосита мурожаат қилиб, тадбиркорлик соҳасида учраётган тўсиқлар, муаммолар ва таклифларингизни мутасадди раҳбарларга етказиш шароитларини яратамиз.

Ҳудудий ишчи гуруҳлар жойларда юриб, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари билан бирга тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш билан шуғулланишади.

Юртбошимиз айтганларидек: “Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади”.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Бир нарсани ёдда тутинг, ўз бизнесини ҳалол ва пок юритаётган, қонунга итоаткор тадбиркорларимиз кафолат билан айтишимиз мумкинки, албатта шаҳар ҳокимлиги томонидан юксак қадрланади. 

Тадбиркор сифатида Ватанимиз равнақи, ҳалқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган машаққатли меҳнатингизга муваффаққиятлар тилаймиз! 

Омад Сизга ёр бўлсин, азиз тадбиркорлар!

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев,

2019 йил 9 декабрь.

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Поделиться