Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг филиали очилиши режалаштирилмоқда
2019-12-10 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ва Мактабгача таълим вазирликлари мутасаддилари А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети вакиллари билан видеоконференция ўтказишди. Унда Тошкентда мазкур нуфузли университетнинг филиалини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу олий таълим муассасаси филиалини 2020 йилда очиш режалаштирган. Бу ерда алоҳида эҳтиёжга муҳтож болалар билан ишловчи педагог, мактабгача таълим, психология соҳаларида кадрлар тайёрлаш, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилади.
— А. И. Герцен номидаги университет самарали ўқув дастурлари ва ўқитиш методикаларига эга Россиянинг етакчи педагогика олий ўқув юртларидан биридир, — дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. — Юртимизда ушбу олий таълим масканининг филиали ташкил этилиши соҳанинг малакали кадрларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳамкорлигимиз изчил давом этмоқда. Яқинда Нукус мактабгача таълим ташкилоти ва “Имкон” реабилитация маркази мутахассислари мазкур университетда малака ошириб қайтишди.
Кейинги учрашувлар давомида томонлар факултетларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантиришни, шунингдек, бакалавр ва магистратура дастурларини ишлаб чиқишни режалаштириб олишди.
Дилшод КАРИМОВ
Манба: «Халқ сўзи»