Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил этиш чоралари белгиланди

2019-12-10 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 декабрь куни мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерлар ташкил этиш, мева-сабзавотлар етиштириш сифати ва экспорти ҳажмини ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Аграр соҳада ҳосилдорлик ва меҳнат унумдорлигини янада ошириш мақсадида Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Унда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳада илғор технологияларни қўллаш бўйича қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди. 

Қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластер тизими яхши самара бермоқда. Хусусан, шунинг натижасида пахтачиликка янги технологиялар кириб келди, ҳосилдорлик ўтган йилгига нисбатан 20-30 фоизга кўтарилди, моддий манфаатдорлик ошди. Жорий мавсумда пахта ҳосилининг 73 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келди. 

Мамлакатимиз мева-сабзавотчилик тармоғи ҳам катта салоҳиятга эга. Лекин бундан оқилона фойдаланилмаяпти. 

Статистик маълумотларга кўра, юртимизда йилига 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Лекин, уларнинг бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинади.

Чунки ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулот етиштирмаймиз. Боғ ва токзорларда ҳосилдорлик жуда паст. Масалан, хорижий давлатларда бир гектар интенсив боғдан 70-100 тонна, айрим мевалардан 130 тоннагача ҳосил олинса, юртимизда бир гектардан 10-30 тонна, анъанавий боғ-токзорларда эса 4-5 тонна маҳсулот олинади.

Маҳсулотни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича 31 та агрологистика маркази ташкил этилган. Лекин айланма маблағлар етишмаслиги ва доимий маҳсулот йўқлиги оқибатида уларнинг аксарияти мавсумий ишлаб, мавжуд қувватлардан бор-йўғи 10-15 фоиз фойдаланмоқда, холос.

Маркетинг йўқлиги, жаҳон бозоридаги ҳолат ўрганилмаслиги оқибатида экспорт талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар етарли миқдорда етиштирилмаяпти. Деҳқон, қайта ишловчи ва экспортчи корхоналар ўртасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Миришкор экинларни ўз билганича жойлаштириб, етиштирилган маҳсулотини сота олмаяпти, экспортёр эса мева-сабзавот қидириб юрибди. Бу хорижлик харидорлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга салбий таъсир этади.

Давлатимиз раҳбари шу боис мева-сабзавотчиликда ҳам кластер тизимини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Соҳада кўп йиллик тажрибага эга, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмаси бор тадбиркорларни бунга жалб қилиш яхши самара бериши қайд этилди.

Мутасаддиларга маҳсулот етиштирувчи билан кластер корхонаси ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, икки томоннинг ҳам манфаатларини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. 

Деҳқонларга моддий ресурслар ва аванс маблағларини ўз вақтида етказиб бериш, самарадорлиги паст боғ-роғларни янгилаш, ҳосилдорликни ошириш кластерларнинг асосий вазифаси бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Хорижий экспертларни жалб қилиб, кластер ташаббускорлари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиш, ўз навбатида, кластерлар томонидан фермерлар учун илғор технологияларни қўллаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича амалий семинарлар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Ҳар бир вилоятдаги олий таълим муассасаларида ихтисослашган кафедралар ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди. 

Президентимиз кластерлар ташкил қилишда уларни айланма маблағлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Фаолиятини йўлга қўйиб олгунча уларга молиявий кўмаклашиш, хусусан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан зарур маблағлар ажратиш чоралари белгиланди. 

Кластерлар томонидан ташкил қилинадиган интенсив боғ, токзор ҳамда иссиқхоналарни аҳоли ва тадбиркорларга имтиёзли шартлар асосида бериш, боғ-роғлар ҳосилга кириб, эгаси даромад кўргунча уларга кредит тўловлари бўйича енгиллик яратиш муҳимлиги қайд этилди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳар бир туманда етиштириладиган маҳсулотлар ҳажми, тури, сифати ва экспортбоплигини чуқур таҳлил этган ҳолда, экинларни диверсификация қилиш вазифаси қўйилди. 

Давлатимиз раҳбари бўш турган ерлар, самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида ҳосилдор плантациялар ташкил этиш, мева-сабзавотларни экспортёрлар талаби асосида етиштириш ва экспортни кенгайтириш асосий вазифа бўлиши зарурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимлари ахборот берди. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться