Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди
2019-12-09 | Иқтисодиёт
Жорий йил 9 декабрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков бошчилигидаги ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Туман ва шаҳарлар ҳокимлари ўринбосарлари билан бўлиб ўтган учрашувда Комиссия вакилларидан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт учун масъул бўлган туман ва шаҳарларнинг раҳбарларидан, шунингдек, вазирлик марказий аппаратининг туман ва шаҳарларга бириктирилган ходимларидан иборат ишчи гуруҳларнинг бир неча бор жойларга чиқиб ўрганишлари давомида олинган жорий йилнинг 11 ойи натижаларига кўра инвестициялар ва ташқи савдо фаолияти прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши ҳолати кўриб чиқилди.
Ташрифлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир экспортчи ва инвестиция лойиҳасининг ташаббускори билан жорий фаолияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқдилар ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ҳисобига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги истиқболли бозорларни ўзлаштириш орқали экспорт салоҳиятини кенгайтириш имкониятларини биргаликда ўрганиб чиқдилар.
Ҳар бир кейс индивидуал равишда масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди – ташриф якуни бўйича 61 та кўриб чиқилган масалалардан 49 таси жойида ечилди, қолган 12 таси бўйича устида ишлаш ва жорий йилнинг декабрь ойи охиригача тегишли чоралар кўришни назарда тутган топшириқлар берилди.
Шунингдек, вилоятга аввалги ташрифлар чоғида Комиссия томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг бажарилиши мониторинги ўтказилди ва мазкур чораларнинг самарадорлиги, улар асосида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг тизимли алгоритмларини ишлаб чиқиш истиқболида, кузатиб борилди.
Бундан ташқари, йиғилиш давомида инвестиция ва ташқи савдо фаолиятининг йиллик прогноз кўрсаткичларининг кутилаётган натижалари тўғрисидаги ҳисоботлар тингланди ва ушбу параметрларнинг ҳудудлар ва тармоқлар кесимидаги 2020 йилга ва 2020-2022 йилларга мўлжалланган прогнозлари муҳокама этилди.
Йиғилиш натижаларига кўра вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларига йил охирига қадар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши ҳамда ушбу кўрсаткичларнинг қисқа ва ўрта муддатга мақбул прогнозларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги