Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Инсонпарварлик акция доирасида 500 нафардан кўпроқ беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди
2019-12-09 | Соғлиқни сақлаш
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, сайёрамизда қирқ ёшдан ошган ҳар олти кишидан биттаси катаракта билан хасталанади.
Туғма ёки орттирилган кўз гавҳарининг хиралашиши билан кечадиган бу касаллик инсоннинг кўриш қобилиятини пасайтиради, баъзида кўрликка ҳам олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва Хитой Халқ Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида 2019 йил 5 ноябрь куни имзоланган меморандум ижроси доирасида пойтахтимизда қарийб бир ой мобайнида амалга оширилган инсонпарварлик акция катарактадан азият чекаётган ана шундай беморларни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим қадам бўлди.
Мазкур хайрия акциясини ташкил этишда Хитой Халқ Республикасида фаолият юритаётган“Lifeline express” хайрия ташкилоти яқиндан кўмак берди. Айтиш керакки, 1997 йилда ўз фаолиятини бошлаган ушбу хайрия ташкилоти даставвал Хитойда катарактага чалинган беморларга бепул тиббий жарроҳлик ёрдами кўрсатган. Бугунги кунда мазкур хайрия лойиҳаси қамрови кенгайиб, ҳамкор давлатларда ҳам ўз ишини муваффақиятли давом эттирмоқда.
Мамлакатимизда бўлиб ўтган хайрия акциясини ташкил этиш мақсадида юртимизга “Lifeline express” лойиҳаси раҳбари Гуо Леи бошчилигида Пекин университети халқ госпиталининг 9 нафар малакали офтальмолог шифокорлари ва мутахассислар ташриф буюрган эди. Улар иштирокида дастлаб Самарқанд вилоят кўз касалликлари шифохонасида, сўнгра пойтахтимиздаги Республика кўз касалликлари клиник шифохонасида катаракта ташхиси қўйилган, кам таъминланган оила вакилларидан 500 нафардан кўпроқ беморлар бепул операция қилинди.
Мазкур лойиҳа хитойлик шифокорлар ва маҳаллий офтальмологлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш имконини ҳам берди.Республика кўз касалликлари клиник шифохонасида ва Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида хитойлик офтальмолог мутахассислар иштирокида илмий-амалий машғулотлар ўтказилди.
Куни-кеча мазкур хайрия акциясининг якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, олимлар, хорижлик меҳмонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизда қарийб бир ой мобайнида ўтказилган инсонпарварлик акция доирасида амалга оширилган ишлар таҳлили этилди. Келгусида тиббиёт соҳасида амалга ошириладиган ҳамкорлик режалари хусусида фикрлашилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова ва Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги