Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда Президент мактаби очилди
2019-12-06 | Таълим
Бугун вилоятда энг замонавий таълим даргоҳи - Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлди.
80 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига қурилиш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилган замонавий лойиҳа асосидаги мактаб биноси 168 ўринга мўлжалланган бўлиб, ундан икки қаватли ўқув биноси, ошхона, уч қаватли ётоқхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона ўрин олган. Инновацион ёндашув асосида барпо этилган спорт зали ва сузиш ҳавзаси келажагимиз эгаларининг жисмоний чиниқишига хизмат қилади. Ўқув хоналари 16 та интерактив доска ва таблолар, шунингдек, 36 та компьютер жамланмаси ва бошқа техник жиҳозлар билан таъминланган.
Мактабда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича Cambridge университети билан ҳамкорликда ўқув режалари ва дастурлар ишлаб чиқилди. Ўқув машғулотлари юқори малакали ўқитувчи ва мураббийлар томонидан олиб борилади. Шу мақсадда хорижий мутахассисларни ишга ёллаш бўйича хизмат кўрсатувчи халқаро рекрутинг компаниялари томонидан 11 нафар чет эллик педагоглар танлаб олинди. Шунингдек, бой тажриба ва малакага эга бўлган 20 нафар маҳаллий ўқитувчилар ҳам таълим жараёнларига жалб этилди.Ўқувчиларга таҳсил беришда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмаларидан фойдаланилади. УларCambridge university,Oxford university pressва Collins сингари нуфузли нашриётлар томонидан тақдимэтилган.
Айтиш лозимки, келажагимиз эгаларини халқаро андозалар даражасида ўқитиладиган таълим даргоҳида энг иқтидорли фарзандларимиз таҳсил кўради. Жорий йилнингиюль ойида уларни саралаш ва танлаб олиш бўйича имтиҳонлар ўтказилди. Саралаш босқичида 7682 нафар ўғил-қиз ўз билимини синовдан ўтказган бўлса,иккинчи босқичда 2875 ўқувчи ҳал қилувчи имтиҳонни топширди. Cambridge Assesment international Edication (Буюк Британия) ташкилоти томонидан эълон қилинган якуний рўйхатга кўра 144 нафар ўқувчи мактабнинг 5-10 синфларида таҳсил оладиган бўлди.
Президент мактаби тақдимотида ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С. Бобохўжаев, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров ва республика Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси А. Саъдуллаев иштирок этдилар.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
Манба: «Халқ сўзи»