Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жамшид Ходжаев: муаммоларни ҳал этиш учун кучларимизни бирлаштиришимиз зарур
2019-12-06 | Иқтисодиёт
Анжуманда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Эрон, Покистон, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон сингари мамлакатлардан соҳа раҳбарлари, бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Маълумки, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 1985 йилда Туркия, Эрон ва Покистон сингари мамлакатлар ташаббуси билан ташкил этилган. 1992 йилдан бошлаб, унга янги аъзолар қўшила бошлаган. Жумладан, Ўзбекистон ҳам мазкур нуфузли ташкилотга қўшилган. ИҲТ унга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт, коммуникация, энергетика, минерал ресурслар, қишлоқ хўжалиги ва саноат, соғлиқни сақлаш ва маданият сингари соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини ўзида қамраб олади.
Анжуман доирасида Ж.Ходжаев самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ушбу йўналишдаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари хусусида тўхталиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжон ипакчилик, пахтачилик сингари соҳаларда кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади. Келгусида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ушбу соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, икки мамлакат аграр университетлари ўртасида қўшма факультетлар ташкил этиш, тажриба алмашиш зарурлиги таъкидланди.
Вазир томонидан дастлабки кўтарилган масала экологик тоза маҳсулот етиштиришга қаратилди.
Бир неча ўн йиллардан бери озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёни ўзгарди, глобал характер касб этди, бу жараёнга янги илмий ишланмалар, рақамли технологиялар жорий этилди. Ушбу соҳада бугунги кунда бир томондан ГМО (гени ўзгартирилган маҳсулотлар) кўпайиб бораётган бўлса, иккинчи томондан, органик маҳсулотларга талаб ортмоқда. Яқин йиллар ичида экологик тоза маҳсулотларга талаб янада ошиши кутилмоқда, деди Ж.Ходжаев.
Иккинчидан, бугунги кунда сайёрамизда аҳоли сонининг ўсиб бораётгани фақат экологик маҳсулотлар билан чекланиб қолишга имкон бермаяпти. Ривожланаётган мамлакатларда шу боис озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш учун ноқулай об-ҳавога чидамли, мустаҳкам, ҳаммабоп қишлоқ хўжалиги тизимини яратиш зарур. Бугунги кунда кам табиий ресурслар, кимёвий моддалар сарфлаб, кўпроқ ҳосил олиш талаб этилади. Бунинг учун, энг аввало, қишлоқ ҳудудларида яшовчи аҳолининг билим ва кўникмаларини ҳам ривожлантириш лозим бўлади.
Учинчидан, бугун Ўзбекистонда аграр соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 80 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. Бироқ, мавжуд муаммоларни бартараф этишда кучларимизни бирлаштиришимиз зарур.
Тўртинчидан, мазкур ташкилотга 10 та давлат аъзо бўлса-да, улардан фақат учтаси бевосита денгизга чиқа олади. Бу эса минтақада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узоқ ўлкаларга экспорт қилишда бир мунча қийинчиликлар туғдиради. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тез бузиладиган товарлар сирасига киради. Шу сабабдан транспорт ва логистика соҳасида ҳам мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ўзаро келишиб ишлаш мақсадга мувофиқ.
Яна бир жиҳати, Ўзбекистонда кенг ҳажмдаги аграр ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Яқинда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев тегишли Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар доирасида соҳани диверсификациялашга, сердаромад йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда юртимизда сайёҳликнинг янги йўналиши аграр туризм юзага келди. Буларнинг барчаси аграр соҳада ўтказилаётган ислоҳотларнинг меваларидир. Минтақа давлатларининг “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларига талабларини ошириш лозим.
Эътиборлиси, бугунги кунда ИҲТ мамлакатларида томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш бандлик ва қишлоқда самарадорликни оширишнинг асосий шакли бўлиб қолмоқда. Сабаби, томорқа хўжаликлари ва боғдорчиликни ривожлантириш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамият касб этмоқда. Шу боис биз кўпроқ қишлоқ хўжалиги ширкатларини кўпайтиришимиз, бу борадаги кадрлар тайёрлаш тизмини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Бу борада ҳар бир мамлакатнинг энг яхши тажрибалари ўрганилса, фикр алмашилса, муаммолар ҳал бўлади.
Орол муаммоси ҳам минтақанинг энг оғриқли нуқталаридан бири ҳисобланади. Афсуски, бу улкан сув ҳавзаси энди қайта тикланмайди. Лекин унинг ўзанида “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, энергия ва сув тежовчи каналларни жорий қилиш мумкин. Биз келгусида бу ҳудудни аграр ислоҳотлар учун ҳам муҳим тажриба майдонига айлантириш ниятидамиз.
Агротуризм бугунги кунда сайёҳликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Шаҳар муҳитида ўсиб улғайган одамлар учун қишлоқ шароитида, кундалик истеъмол маҳсулотларини етиштириш тарихи билан танишиш қизиқ, албатта. Бу борада ҳам кучларни бирлаштирсак, қишлоқ хўжалиги туризмини кучайтириш мақсадида ҳамкорликда турли фестваллар ташкил этсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди, дея билдирди Ж.Ходжаев.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Туркия Республикаси қишлоқ ва ўрмончилик хўжалиги вазири Бекир Пекдемирли билан ҳам учрашди.
Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари узоқ тарихга эга эканлиги, шунингдек, туркиялик билан ҳамкорлар билан билан биргаликда истиқболли ишларни амалга ошириш имкониятлари ҳақида гапирди. Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистонда узумчилик, сабзавотчилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар берди.
Жамшид Ходжаев, шунингдек, Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазири Инам Каримов, Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири Эркинбек Чодуев, Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазири Саттор Иззатулло билан ҳам учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги аграр муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги