Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарёда адлия вазири ўринбосарининг фуқаролар учун шахсий қабули ташкил этилди
2019-12-05 | Жамият
Сирдарё вилоят адлия бошқармасида адлия вазири ўринбосари Акбар Ташкуловнинг фуқаролар учун шахсий қабули ташкил этилди.
Хусусан, фуқаро Жамшид Баратов Янгиер шаҳридаги педагогика коллежида ҳуқуқшунослик фанидан дарс беради.
— 2019 йилги Давлат дастурида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5 йил ва ундан ортиқ муддат давомида бенуқсон фаолият кўрсатаётган ўрта ва ўрта-махсус маълумотли ёки бошқа (ноюридик) мутахассислик бўйича олий маълумотга эга ходимлар олий юридик таълим муассасалари сиртқи бўлимларига имтиёзли равишда киришлари мумкинлиги ва ўқитиш шартнома асосида кейинчалик тегишли органларда камида 5 йил ишлаб бериш шарти билан амалга оширилиши ҳақида ўқидим, — дейди мурожаатчи. — Мен олий маълумотли педагогман, ўқув даргоҳида ҳуқуқшунослик фанидан дарс бераман. Бошқа олий ўқув юртини битирган, 5 йилдан кам бўлмаган фуқаролар ҳам хоҳишига кўра кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5 йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериш шарти билан ўқиса бўладими, деб сўрадим. Менга ҳуқуқий тушунчалар бердилар. Қарор лойиҳаси тайёрланяпти экан, янги йилдан бошлаб сиртқи бўлим очилар экан. Жуда мамнунман.
Вазир ўринбосарининг қабулига келган Сайхунобод туманилик Озода Абсаломова юридик коллежга жорий йил ўқишга кирган. Аммо, контракт тўловини тўлай олмаган. Керакли ҳужжатларни ҳам вақтида тақдим этолмаган.
— Онам вафот этган, уч нафар укам бор, дадам устачилик қилади, — дейди О.Абсаломова. — Бу йил ишлашим керак. Ҳозирда туман пахта қабул қилиш корхонасида мавсумий ишчиларга овқат пиширяпман. Бу йил ўқиш имкониятим йўқ, кириш имтиҳонидаги балларим билан янаги йил ўқишни давом эттирсам бўладими, деб сўрамоқчи эдим.
Унга вазир ўринбосари томонидан дастлабки тўловни амалга оширишда кўмак таклиф этилди. Озода суҳбат давомида ўзига керакли маслаҳатларни олди.
Гулистон туманидан Зайнаб Хўжақулова қизи Одина Норқўзиеванинг уйини расмийлаштириб беришга амалий кўмак сўраган. Унга уйнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам берилди.
Айтиш жоизки, мурожаатлар давомида фуқаролар ўз муаммолари билан айнан адлия органларига мурожаат қилишни маъқул кўришаётгани маълум бўлди.
Адлия халққа энг яқин орган бўлиб қолди, юридик маълумотга эга бўлсам, албатта, адлия тизимида ишлашни орзу қиламан, — дейди О.Абсаломова.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги