Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган сана арафасида Фарғона вилояти Қўштепа тумани Давлат хизматлари маркази учун янги бино фойдаланишга топширилди.
Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани 1952 йилда Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жараёнида ташкил этилган. Ҳудудда 148 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айни кунларда туманда 1 минг 802 тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 11 ойи давомида 244 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Туман Давлат хизматлари маркази аввал мослаштирилган бинода жойлашган эди. Аҳоли қатновнинг ноқулайлиги сабаб давлат хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондиришда бироз қийинчиликларга учраётганди. Янги бино эса кенг имкониятлар эшигини очди.
Давлат хизматлари марказининг тантанали очилиш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ибратли ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Марказ биноси миллий архитектура ва дизайн билан уйғунлашган ҳолда бунёд этилган. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси ташкил этилган. Ташриф буюрувчи ҳар бир мижоз инфолэнд орқали кўрсатиладиган барча хизматлар ҳақида тўлиқ маълумот олиши мумкин.
Марказда бир вақтнинг ўзида 20, бир кунда 500 фуқарога хизмат кўрсатиш имкони мавжуд. 3 мониторда 130 дан ортиқ давлат хизматлари юзасидан маълумотлар тақдим этиб борилади.
Шу бинода тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси ҳам иш бошлади.
Манба: ЎзА