Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Афғонистон учун олий маълумотли кадрлар тайёрламоқда
2019-12-04 | Таълим
Сурхондарё вилояти Термиз туманида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази қўшни давлат учун етук малакали кадрлар тайёрлаш ва азалий дўстлик, ўзаро ҳамкорлик алоқаларни юксалтиришнинг тамомила янги қирраларини намойиш этди.
Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунларданоқ қўшни мамлакатлар билан дўстлик ришталарини, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Ён қўшнимиз Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, тинчликни таъминлаш, барқарорликни тиклаш, иқтисодиёт, таълим, фан, маданият ва бошқа соҳаларни ривожлантириш таклифини илгари сурди.
Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, афғон халқининг ўз тақдирини мустақил, тинч йўл билан ҳал қилишига эришиш масаласини халқаро миқёсда кўтаргани бунга яққол далилдир.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида барпо этилган дунёда муқобили йўқ замонавий таълим муассасаси Ўзбекистоннинг қўшни давлат келажагига қаратаётган юксак эътиборини кенг намоён этди. Барча замонавий шароитларга эга ўқув даргоҳида Афғонистоннинг иқтисодий-ижтимоий ва бошқа соҳалари учун олий маълумотли малакали мутахассислар тайёрланаётгани, мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстлик, қўшнилик, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг тамомила янги қиёфасини кўрсатаётгани жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.
– Таълим муассасамизда қўшни давлат томони эҳтиёжларидан келиб чиқиб 18 олий ва 19 ўрта махсус, касб-ҳунар таълим йўналиши ўқув режаларининг модуллаштирилган шакли ишлаб чиқилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази раҳбари О.Рўзиев. – Бу ерда қўшни мамлакат ёшлари ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганиши учун юртимиздаги энг нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари дарс ўтади. Марказ олий таълим муассасалари корпоратив тармоғи орқали “Электрон таълим тармоғи”га уланган. Жорий йилда илк қалдирғочларимиз бўлган 96 афғон ўғил-қизи Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг олий малакали мутахассис дипломига эга бўлиб, ўз ватанига қайтди. Улар қўшни мамлакатнинг турли ҳудудларида мутахассислиги бўйича меҳнат қилмоқда. Беш нафари ўқишни давом эттириб, Термиз давлат университети магистратура босқичида таълим олаётир.
Термиз туманида уч йилдан буён фаолият юритаётган мазкур таълим муассасасининг кўп қаватли салобатли ўқув биноси, 350 ўринга мўлжалланган талабалар ётоқхонаси, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва спорт майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилмоқда. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар, турли тўгараклар фаолият юритмоқда. Афғон ёшлари учун тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилаётир. Ранг-баранг маданий тадбирлар, қизиқарли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Қўшни давлат ўғил-қизлари мамлакатимизда ўтказилаётган байрам шодиёналари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб, ўз маҳоратини кенг намойиш этмоқда, совринли ўринларни қўлга киритаётир.
– Шундай тинч, обод Ўзбекистонда таълим олиш бахти насиб этганидан бағоят хурсандман, – дейди Афғонистоннинг Шибирғон шаҳрида вояга етган Муборакшоҳ Фулодий. – Биз учун бунёд этилган замонавий таълим марказида устозлардан ўзбек тили ва адабиёти фани сирларини чуқур ўргандим. Шу соҳада билимимни янада ошириш ва келажакда илмий изланиш олиб бориш мақсадида Термиз давлат университетининг магистратура босқичига ўқишга кирдим. Афғон ёшлари келажагига алоҳида эътибор қаратиб, бизга чексиз ғамхўрлик кўрсатаётган Ўзбекистон Президентидан ғоят миннатдормиз.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган бундай эзгу ишлар кўлами бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам кенг қулоч ёзмоқда. Хусусан, Ўзбекисто
н Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикасидаги махсус вакили лавозими таъсис этилгани, Термизда Афғонистоннинг консуллик идораси фаолияти йўлга қўйилгани мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик, яқин биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жумладан, эндиликда қўшни давлат фуқаролари барча замонавий шароитларга эга ихтисослаштирилган шифохоналарда саломатлигини тикламоқда. Афғон фуқароларига мамлакатимизда яратилаётган бу каби қулайликлардан самарали фойдаланиши учун ихчамлаштирилган виза тартиби жорий этилгани яқин дўстлик, азалий қўшнилик муҳитида икки мамлакат ишбилармонлари доирасининг тенг шерикликка асосланган алоқаларини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон кўмаги билан қўшни давлатда юқори вольтли электр энергияси ва оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи, кўприклар барпо этилган. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Ҳайратондан Мозори-Шарифгача темир йўл линиясини қуриб берган. Мамлакатимиз қўшни давлатда тоғ-кон саноати, қурилиш, энергетика, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётир. Афғон халқига юртимиздан озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари, электр энергияси, минерал ўғитлар, транспорт воситалари экспорт қилинмоқда. Термизда фаолият юритаётган “Termiz kargo” экспорт маркази мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонлар доирасининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қулай шароит, кенг имконият яратди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларининг янги босқичда ривожланаётгани афғон ёшларининг Ўзбекистонда таълим олиш истак ва иштиёқини янада ошираётир. Шунга мувофиқ жорий йилги ўқув йилида қўшни давлатдан ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, тиббиёт ходими, ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплутацияси сингари йўналишлар бўйича 147 йигит-қиз таълим марказида ўқиш истагини билдирди.
– Осойишта ва фаровон Ўзбекистонда ўқиб, касб ўрганиш насиб этганидан қувончим чексиз, – дейди Афғонистоннинг Самонган вилоятидан келган Файзи Шоҳиста. – Аслида бугун ҳар бир афғон ўғил-қизи бу мамлакатда бўлишни орзу қилади. Бу ерда ўқиш менинг ҳаётимни тубдан ўзгартиришига ишонаман. Ҳозир 18 ёшдаман. Келгусида олий маълумотли тиббиёт ходими бўлиб, ўз мамлакатим тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқчиман. Биз, афғон ёшлари ҳам ватанимизда тинчлик, барқарорлик бўлишини истаймиз. Ўқув даргоҳимизда замонавий таълим олиб, ўзимиз танлаган касб сирларини мукаммал эгаллашимиз учун барча шароит яратилган. Дарсдан бўш вақтларимизда турли тўгараклар фаолият юритмоқда. Жаннатмонанд Ўзбекистоннинг турли тарихий шаҳарларига саёҳатлар уюштирилаётир. Бундай ғамхўрликлардан мамнунмиз.
Марказда мамлакатимиз таълим тизимида қабул қилинган нормалар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган ўқув режа ва дастурларга мувофиқ икки йиллик кундузги таълим шакли бўйича сабоқ берилмоқда. Ўз мутахассислиги бўйича дастурни муваффақиятли ўзлаштирган талабаларга давлат намунасидаги тегишли ҳужжат берилади. Зеро, халқимизнинг "Ён қўшнинг – жон қўшнинг" деган ҳикматли сўзида чуқур маъно бор. Азалдан яқин қўшни бўлиб келган давлатнинг ўғил-қизларига мамлакатимиз чегарасидаги қадимий гўшада жаҳон андозаларига мос таълим берилаётгани ҳам ана шу пурмаъно гапнинг амалдаги ифодасидир.
Манба: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги