Бутун дунёда ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича PISA халқаро тадқиқотининг натижалари эълон қилинди
Жорий йилнинг 3 декабрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан PISA-2018 натижалари расман эълон қилинди.
Маълумки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ташкил этилган PISA халқаро тадқиқотлари дунё бўйича умумий ўрта таълим тизимига оид энг нуфузли ахборот манбаларидан бири ҳисобланади.
2010 йилдан буён ҳар 3 йилда ўтказиб келинаётган, жами 10 миллион нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этган ушбу тадқиқотларда 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар йўналишлари бўйича саводхонлигига баҳо берилди.
PISA тадқиқотларида ўқувчи дастурни ўзлаштирганлигини эмас, балки билим ва кўникмаларни ҳаётда қай даражада қўллай олишини баҳолайди.
PISAда бутун дунё ўқувчиларининг таълимда эришган натижаларининг сифатли ва ҳаққоний эканлигига эътибор қаратилади, шу билан бирга, ўқитувчилар, таълим соҳаси вакиллари ва сиёсатчилар учун бошқа мамлакатлардаги таълимга оид давлат сиёсати ҳамда амалиёти ҳақида тасаввурларни бойитиш имконини беради.
2018 йилги тадқиқотларда 78 та давлатдан 600 минг нафар ўқувчи иштирок этган бўлиб, рейтинг бўйича энг юқори ўринларни Хитой ва Сингапур мамлакатлари эгаллаган бўлса, Косово, Доминикан Республикаси ва Филиппин мамлакатлари охирги қаторлардан жой олган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таълим ва кўникмалар дирекцияси директори, PISA дастурининг асосчиси Андреас Шляхернинг таъкидлашича, тадқиқотда қатнашган дунё ўқувчиларининг аксарияти ўқиш саводхонлиги бўйича тест саволларига жавоб беришга қийналган. Шунга қарамай, таҳлиллар хитойлик ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги бўйича натижалари дунё бўйича ўртача даражадан юқорироқ эканлигини намоён қилмоқда. Ўқувчиларнинг ҳар ўнтадан бир нафаригина топшириқлар мазмунидаги далиллар билан фикрларни фарқлай олиш кўникмаларига эга эканлиги маълум бўлган.
Шунингдек, давлатларнинг мазкур рейтингда юқори натижаларга эришиши ҳамда таълим сифат кўрсаткичлари ортишида кам имкониятга эга бўлган оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш алоҳида ўрин тутиши маълум қилинди. Шундай экан, давлат томонидан кам имкониятга эга бўлган қобилиятли ўқувчилар учун алоҳида синфлар ташкил қилиш, уларнинг салоҳиятларини ошириш учун тажрибали ўқитувчиларни тайинлаган ҳолда машғулотлар олиб бориш лозимлиги таклиф этилди.
PISAда доимий равишда қатнашиб бориш орқали кўплаб мамлакатлар ўзларининг таълим тизимидаги ўзгаришларни кузатиш ва таҳлил қилиб бориш имкониятига эга бўлишлари мумкин. Мисол учун, тадқиқотларда узлуксиз равишда иштирок этиб, Португалия, Албания, Қатар, Молдавия, Перу мамлакатлари 2003 йилдан 2018 йилгача барқарор ўсиш суратларига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2021 йилда илк маротаба PISA халқаро тадқиқотларида иштирок этади. Ҳукуматимизнинг 2018 йил 8 декабрдаги қарори (http://lex.uz/docs/4097073) билан шу каби халқаро тадқиқотларга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ташкил этилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси