Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг ҳамкорликдаги қўшма ўқув машғулотлари ўтказилди
2019-12-04 | Хавфсизлик соҳаси
Шарқий ҳарбий округ “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонда “Шарқ – 2019” Ўзбекистон ва Россия Федерация ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди.
Ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларида қатнашиш учун юртимизга келган Россиялик ҳарбий хизматчилар ўзбекона меҳмондўстлик билан кутиб олинди.
Дастлаб, “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирокида брифинг ўтказилиб, ҳамкорликлаги машқларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар келишиб олинди.
“Шарқ – 2019” ҳамкорликдаги ўқув машғулотларининг очилишига бағишланган маросимда таъкидланганидек, ушбу машқлар ҳар икки томон учун ҳам жанговар салоҳият, профессионал тайёргарлик бўйича билимларни ошириш ҳамда халқаро терроризмга қарши курашда тажриба алмашишларида муҳим ўрин тутади.
Бир нечта ўқув жойларида иштирокчилар билан жанговар ва махсус тактик тайёргарлик йўналишларида машғулотлар ташкил этилди. Бўлинмалар олдига қўйилган ўқув вазифага кўра, шартли душман объектларини қидириб топиш, ҳаракатланиш вақтида қўққисдан пайдо бўлган кичик гуруҳларни яксон қилиш талаб этилди. Бунда асосий эътибор, ҳарбий хизматчиларнинг жипслигини таъминлаш, бир-бирини қўллаган ҳолда душман объектига талофат етказиш кабилар бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Машғулотлар давомида ҳамкорликдаги ўқув қатнашчилари қурол-аслаҳа ва анжомлари билан 5 км масофага марш югуриш машқларига жалб этилиб, бунда уларнинг абжирлиги, чидамлилиги синовдан ўтган бўлса, тоғ тайёргарлигидан мураккаб тўсиқлар йўлагидан ўтиш, ярадорларни эвакуация қилиш машқларини ҳам катта маҳорат билан бажаришди.
“Шарқ – 2019” ҳамкорликдаги ўқувлари давомида тунги шароитда ҳам машғулотлар ўтказилди. Режага кўра, чегара худудларида қўпорувчилик ҳаракатларини режалаштирган жангари тўдани аниқлаш ва яксон қилиш вазифаси юклатилди.
Шартли душман эҳтимол тутилган ҳудудда разведка ишлари ўтказилиб, олинган маълумотлар зудлик билан юқори қўмондонликка етказилди. Бўлинма командири томонидан тегишли қарор қабул қилингач, қўққисдан ҳужум бошланди. Шартли душман объектлари ва уларнинг жанговар техникалари нишонга олинди. Ҳамкорликдаги бўлинмаларнинг тезкор ва шиддатли ҳаракати туфайли шартли террорчилар тўдаси батамом тор-мор қилинди.
Ҳамкорликдаги ўқувларининг тантанали ёпилиш маросимида машғулотлар юксак савияда ўтганлиги, машқлар икки давлат ҳарбийларига тажриба алмашишлари учун катта имконият яратгани алоҳида эътироф этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги