Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) катта вице-президенти Я.Танака билан учрашув бўлиб ўтди
2019-12-04 | Иқтисодиёт
Жорий йил 4 декабрь куни Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) катта вице-президенти Я.Танака билан учрашув ўтказди.
JICA раҳбарияти юзага келайтган масалаларни ҳал қилишда мутасадди идоралар билан тезкор алоқа қилиш, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда янги лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этиш орқали ҳамкорликни изчил кенгайтириш нуқтаи назаридан, Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги фаоллик ва тизимлиликни юқори баҳоламоқда.
Ҳозирги вақтда, JICA ва Ўзбекистон ўртасидаги ўрта муддатга мўлжалланган ҳамкорликнинг устувор йўналишлари жорий йилнинг декабрь ойида Японияга юқори даражадаги ташриф давомида имзоланиши режалаштирилган Ҳамкорлик тўғрисидаги баёнда белгиланган.
Конструктив ва мазмунли музокаралар икки томонлама ҳамкорликнинг кенг доирасини, шу жумладан JICA кўмагида амалга оширилаётган лойиҳаларни ва ўзаро муносабатларнинг устувор бўлган – иссиқлик ва электроэнергетика, технология, мева-сабзовотчилик, соғлиқни сақлаш, таълим ва давлат бошқаруви соҳаларидаги ташаббусларни қамраб олди. Мулоқот давомида ҳар бир қўшма лойиҳа бўйича долзарб масалалар манзилли тарзда кўтарилди ва ишлаб чиқилди, бу эса уларни амалга ошириш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш имконини беради.
JICA раҳбарияти Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик тарафдори эканлигини таъкидлаб ўтиб, Ўзбекистон ва Япония компаниялари томонидан амалга оширилаётган янги инвестиция лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якуни билан томонлар кейинги ҳаракатлар изчиллиги тўғрисида умумий фикрга келиб, иш жараёнида маълумотлар алмашинувини тезкор ташкил қилиш учун яқин алоқани сақлаб туришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги