Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми иш бошлади
2019-12-03 | Соғлиқни сақлаш
Юртимизда бўлиб ўтаётган “Саломатлик ҳафталиги” доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми ҳам ташкил этилди. Унда Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Фахруддин Қовжа бошчилигидаги нуфузли делегация иштирок этмоқда.
Қайд этиш жоизки, икки давлат соғлиқни сақлаш вазирлари шу йил феврал ойида Туркиянинг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг юқори даражадаги вазирлар иштирокидаги соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлардан одамларни ҳимоя қилиш учун кучларни бирлаштириш мавзусига бағишланган йиғилиш пайтида Тошкентда ўзбек-турк форумини ташкил этишга келишиб олишган эдилар. Шунингдек, икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари Алишер Шадманов ва Фахруддин Қовжа 2019-2020 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни ҳам имзолашган эди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ ташкил этилган мазкур бизнес форумнинг расмий очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг олий даражадаги учрашувлари, дўстона сиёсати туфайли қардош халқларимиз ўртасида кўп асрлик умумий тарихга, маданият ва урф-одатларга эга бўлган дўстлик ришталари, шунингдек, ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини таъкидлашди. Ушбу ҳамкорликни соғлиқни сақлаш мисолида оладиган бўлсак, тиббиёт муассасаларини ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш, етакчи илмий марказлар ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашишга кўмаклашиш борасидаги қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон-Туркия муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТİКА) алоҳида ўрин тутади. Ўтган йил март-июл ойларида ТİКА гуманитар ёрдам сифатида юртимизга 50 та «Toyota » русумли тез ёрдам машиналарини етказиб бериш бўйича лойиҳани амалга оширди.
Яна бир эътиборли жиҳати, 2018 йил апрел ойидан бошлаб трансплантация соҳасида таниқли туркиялик олим, профессор Маҳмуд Хаберал раҳбарлигида Анқара шаҳридаги Бошкент университети мутахассислари иштирокида Ресупублика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак трансплантацияси операцияси бошланди. Айни пайтга қадар юртимизда 300 дан ортиқ буйрак трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
Таъкидлаш жоизки, Туркия Тиббиёт фанлари университети (Sağlık Bilimleri Üniversitesi) билан келишувга биноан шу йил ёзда Бухоро давлат тиббиёт институти базасида ушбу университетнинг филиали очилган бўлиб, у ерда Тиббиёт факултети ва Олий тиббиёт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу масканда 130 дан зиёд талабалар таҳсил олмоқда.
«Kanimed saglik gozumlari» компанияси билан Термиз, Наманган, Андижон ва Тошкентда 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лаборатория диагностика марказларини ташкил этиш, шунингдек, хусусий касалхоналар қуриш бўйича 30 миллион АҚШ долларилик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқинда Термиз шаҳрида замонавий «Kani-med» лаборатория маркази очилганини алоҳида таъкидлаш керак. Бу ерда, 30 та янги иш ўрни яратилиб, 300 га яқин турдан ортиқ лаборатория таҳлиллари бажарилмоқда.
Шунингдек, «Alles Tek Group» турк компанияси билан телемедицина, гемодиализ хизмати ва лаборатория хизматларини ташкил этиш борасида давлат-хусусий шериклик асосида фаол ишлар олиб борилмоқда. Бу каби соғлиқни сақлаш йўналишидаги хайрли ишларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Форум доирасида ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолият акс этган кўргазма кўпчиликка манзур бўлди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик бўйича учрашувлар, тақдимотлар, давра суҳбатлари ҳамда турк делегацияси вакилларининг давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларига ташрифлари ташкил этилади. Жумладан, икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси фаолияти билан яқиндан танишишиб, ўзбек-турк шифокорлари ҳамкорлигида тиббиётнинг турли йўналишларида ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилган беморлар ҳолидан ҳам хабар олишади.
Бундан ташқари, форум дастурида мамлакатимиз учун катта маданий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган қадимий Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташрифи ҳам режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги