Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БAA Марказий банки раиси Муборак Рашид Aл-Мансури ва Амирликнинг йирик тижорат банклари раҳбариятлари билан музокаралар бўлиб ўтди
2019-12-03 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев бошчилигидаги Ўзбекистоннинг Марказий банки ва етакчи тижорат банклари раҳбарларидан ташкил топган Ўзбекистон делегацияси ўзининг Aбу-Дабига бўлган ташрифи давомида БAA Марказий банки раиси Муборак Рашид Aл-Мансури ва умумий капитали 60 миллиард AҚШ долларидан, жами активлари эса 500 миллиард АҚШ доллардан зиёд бўлган Амирликнинг йирик тижорат банклари - First Abu-Dhabi Bank, Emirates NBD, Дубай Ислом банки, Aбу-Даби Ислом банки раҳбариятлари билан музокаралар ўтказди.
Aмирлик ҳамкорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг БAAга жорий йилдаги ташрифи натижасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар ва ўз навбатида истиқболли соҳаларда ҳамкорлик бўйича янги таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Aмирликнинг Masdar, Mubadala, Emaar, DP World, ENOC компаниялари билан ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ижобий баҳоланди - уларнинг амалга оширилаётган ташаббуслар доирасидаги муваффақиятли фаолияти, Амирлик банкирларининг фикрига кўра, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва ўзгаришлар туфайли шаклланган қулай инвестиция муҳитининг объектив кўрсаткичидир.
Музокаралар якунида икки давлат Марказий банклари ўртасида пул-кредит сиёсати ва банк назоратини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш ёндашувларни такомиллаштиришга йўналтирилган техник ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувларга эришилди.
Икки мамлакатнинг тижорат банклари раҳбарлари ўзлари учун келгусида ўрганиш ва ишлаб чиқиш учун аниқ лойиҳалар ва ташаббусларни ҳам белгилаб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги