Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Токиода "Ўзбекистон - Япония" парламентлараро дўстлик лигасининг йиғилиши бўлиб ўтди
2019-12-02 | Иқтисодиёт
Жорий йил 2 декабрь куни Токиода икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини намойиш этиш учун институционал платформа бўлган, юқори даражадаги тадбир –"Ўзбекистон - Япония" парламентлараро дўстлик лигасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Япония Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Т.Aсо ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков иштирок этишди.
Тадбир давомида Япония парламенти вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг олиб борилиши, уларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, ўсиб бораётган инвестиция жозибадорлиги ва жаҳон иқтисодий тизимига изчил интеграциялашувининг омиллари билан танишдилар.
Лига раиси Т.Aсо йиғилишни очиб, кўп қиррали давлатлараро мулоқотнинг мисли кўрилмаган даражада фаоллашишини олқишлади. Бу эса, унинг фикрича, икки томонлама муносабатларни кенгайтириш учун мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш имконини беради.
Тадбирда доирасида С.Умурзаков сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати номидан – Ўзбекистон Япония билан барқарор ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишда ҳамда инвестиция ва савдо-иқтисодий соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг янги кўринишини тезкорлик билан шакллантиришда қатъий ниятга эгалигини билдирди.
Бугунги кунда ушбу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди: биргаликда амалга оширилаётган ташаббуслар доирасида ҳам, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини излашда япониялик шериклар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун интерактив механизмлар яратилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Г.Фазилов, Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Х.Уяма сузга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш руҳида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш тўғрисида фикр алмашдилар.
Маълумот учун: “Ўзбекистон-Япония” парламентлараро дўстлик лигаси 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига Япония парламентининг Маслаҳатчилар палатаси ва Вакиллар палатаси депутатлари киради.
Ўзбекистон билан Дўстлик Лигаси раиси Япония Бош вазирининг ўринбосари ва молия вазири Таро AСО ҳисобланади. Дўстлик Лигаси 44 нафар аъзолардан иборат бўлиб, улар асосан (97 фоиз) ҳукмрон партия – Либерал-демократик партияси депутатларидир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги