Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрамига марҳабо, азизлар!
2019-12-02 | Жамият
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, декабрь ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда агросаноат мажмуи соҳаси ишчи-меҳнаткашларининг байрами сифатида кенг нишонланиши белгилаб қўйилди.
Бу йилда учинчи маротаба катта шодиёна қилиниши кутилаётган мазкур тантанада бухоролик миришкор деҳқонлар, донгдор пахтакор-у ғаллакорлар, чорвадор-чўпонлар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари жамоаларининг ҳам машаққатли меҳнати мужассам, албатта.
Шу йилнинг 8 декабри-мамлакатимиз Бош Қомуси — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кунга тўғри келаётган байрамга тайёргарлик кўриш ва уни катта шодиёна, хурсандчиликлар билан юқори савияда ўтказишга оид ташкилий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра Бухоро вилоятининг ҳар бир шаҳар-тумани марказида санага бағишланган байрам тадбирлари ташкил этилиб, аграр соҳанинг тармоқларида самарали фаолият юритиб, юқори натижаларга эришиб келаётган деҳқон, фермер, мутахассис-омилкорлар, томорқа ер эгалари, фермер хўжаликларида банд ишчилар, қишлоқ хўжалигининг механизациялаштирилган хўжаликлари ишчи-ходимлари, йиғим-терим мавсумида ғайрат-шижоат кўрсатган отрядлар, кенг жамоатчилик таклиф этилади ва улар орасида илғорлари алоҳида рағбатлантирилади.
Ўзига хос азалий тарихига эга “Ҳосил байрами” тантаналари ҳам миллий спорт ўйинларисиз ўтмаган. Албатта, халқимиз суйган кўпкари, миллий кураш мусобақалари, дорбозлар чиқишлари, шунингдек, қўл жанги, бокс, гимнастика ва бошқа спорт турларидан кўргазмали чиқишлар ташкил қилинади.
Шу куни эрта тонгдан юртдошларимиз, вилоятимиз аҳли махсус павильонларда сархил ноз-неъматлар, жаннатмакон юртимиз заминида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларидан баҳраманд бўладилар.
Бир томонда бадиий ҳаваскорлик жамоалари концерт дастурлари, санъат усталари ва таниқли хонандалар куй-қўшиқлари байрамга алоҳида файз бағишлайди. Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтадиган шодиёналар иштирокчилари ва чет элликлар учун байрам дастурхони ёзилиб, миллий таомларимиз, ош дамланади.
Декабрь ойининг иккинчи якшанбаси - “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан ташкил этилаётган катта байрам тантаналарига марҳамат, азиз юртдошлар!
Манзил: Когон-Қоровулбозор йўли ёқаси
Мўлжал: “Кнауф гипс Бухара” корхонаси
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги