Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупция — тараққиёт кушандаси
2019-11-29 | Жамият
Жамиятни таназзул сари етаклайдиган, ҳар бир миллат келажагини хавф остида қолдирувчи иллатлардан бири бу шубҳасиз коррупциядир. Бугунги кунда коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида республикамизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Транспорт вазирлиги томонидан коррупцияга қарши кураш йўналишида турли тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар тизимли равишда ташкил қилиб келинмоқда. Барча ҳудудий транспорт бошқармалари ва тизимдаги ташкилотларда ўтказилаётган бу каби тадбирлар ходимлар ўртасида муҳим тарбиявий-профилактик аҳамият касб этмоқда.
Хоразм вилояти транспорт бошқармаси томонидан Қўнғирот минтақавий темир йўл узели Хоразм вилоят бўлимида айнан шу мавзуда навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Хоразм вилояти транспорт бошқармаси бош юрисконсульт М.Каландаров, темир йўл бўлими бошлиғи Н.Йўлдашев ва бош мутахасис Д.Назаровлар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида Қўнғирот минтақавий темир йўл узели Хоразм ҳудудидаги корхона ва ташкилотлар, бекат ва вокзаллар раҳбарлари иштирок этишди. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни ҳар ким энг аввало, ўзидан бошлаши даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.Тадбир давомида кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги (2018 йил 12 апрель), “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги (2017 йил 3 январь) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2019 йил 27 май) Фармони қабул қилинди.
Давра суҳбатида ҳар бир фуқарода ушбу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш билангина коррупцияга том маънода барҳам бериш мумкинлиги, шу боис мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар оёққа турмоғи, курашмоғи зарур эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги