Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий Осиё тараққиёти йўлидаги мулоқот

2019-11-28 | Сиёсат

2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мунтазам ишончли мулоқотни амалга ошириш ва минтақанинг долзарб масалаларига биргаликда ечим топиш мақсадида мазкур форматдаги учрашувлар ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида бундай учрашувларни ўтказиш таклифи илгари сурилган эди.

Ўша йил ноябр ойида Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуида ташкил этилган халқаро конференцияда мазкур ғоя ривожлантирилиб, яхлит дастур ишлаб чиқилган эди. Унинг амалга оширилиши минтақадаги сиёсий муҳитни тубдан ўзгаришига олиб келади.  

Ўзбекистоннинг Маслаҳат учрашувини ўтказиш бўйича ташаббуси минтақанинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи учрашуви 2018 йил 15 март куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтди. Мулоқот мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи бошланганини ифода этди, ҳамкорликни фаоллаштириш ва мустаҳкамлаш, қўшни давлатлар ўртасида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилди. 

Сўнгги йилларда эришилган натижалар сифатида Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлган давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масаласидаги ижобий силжишлар, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг фаоллашгани, республикалар пойтахтлари ўртасида авиақатновларнинг тиклангани, янги назорат-ўтказиш пунктларининг очилгани ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин. 

Минтақадаги ҳамкорликнинг янги босқичи ҳақида сўз кетар экан, муҳим тарихий воқеа, я'ни 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинганини эслаш лозим. Ўзбекистон ташаббуси билан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳамкорлигида тайёрланган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.  

Резолюцияда Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик ва тараққиёт бўйича йирик минтақавий ва халқаро ташаббуслари, уларнинг икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим, илм-фан, технологиялар, инновациялар, туризм, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштиришга содиқлиги ижобий баҳоланган.

Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашдаги муҳим роли, замонавий таҳдидларга қарши саъй-ҳаракатлари таъкидланган, 2018 йил март ойида Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Маслаҳат учрашувининг якунлари қўллаб-қувватланган.

Минтақа давлатлари ўртасидаги яқинлашувга бўлган интилиш халқаро эксперт доиралари томонидан ижобий баҳоланиб, ушбу жараён “янги тарихий ютуқ", “Марказий Осиё давлатлари муносабатлари янги тарихидаги янги давр", “ўзбек дипломатияси ва Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати муваффақияти", деб таърифланмоқда.

Экспертлар минг йиллар давомида дунё маданиятлари, тиллари ва динларининг ўзаро мулоқоти ва бир-бирига таъсир ўтказишига хизмат қилган Марказий Осиё бугун бой энергетика ва табиий ресурслар салоҳияти, ўта ноёб транспорт-коммуникация имкониятларига эга бўлиб, Евросиё қитъасида тинчлик, барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш тизимидаги муҳим бўғин сифатида яна алоҳида геосиёсий аҳамият касб этаётганини таъкидламоқда. 
 
Шу маънода Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг Тошкент учрашуви давлатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорликнинг асосий тамойилларидан бири - ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ушбу муқаддас заминда яшаётган халқларнинг фаровонлиги ва тараққиётига қаратилган тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться