Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
SAMAUTO компаниясининг янги автомобили тақдимоти бўлиб ўтди
2019-11-28 | Иқтисодиёт
27 ноябрь куни Тошкент шаҳрида SamAuto компаниясининг янги автомобили тақдимоти бўлиб ўтди. У аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади.
Бунинг ўзига хос жиҳати шундаки, автомобиль Ўзбекистонда шу пайтгача ишлаб чиқарилган бундай маҳсулотлардан фарқли равишда пикап шаклидадир.
Isuzu D-Max пикаплари учта модификацияда ва еттита рангда ишлаб чиқарилади. Сотувлар 2020 йилнинг январь ойидан бошланади, аммо ҳозирданоқ уларга буюртма беришни бошлаш мумкин.
Вазни 865-1100 кг.ни ташкил қилувчи Isuzu D-Max пикапи 2002 йилдан буён Япониянинг Isuzu Motors компанияси томонидан дунёнинг кўплаб давлатларида ишлаб чиқариб келинмоқда. Ўзбекистонда бу автомобилнинг 2017 йилда ишлаб чиқарилган Isuzu D-Max модификациясининг иккинчи авлоди танлаб олинган.
SamAuto компанияси Isuzu D-Max пикапининг 3 хил– 2 ўриндиқли, двигатель ҳажми 2,5 литрли D-Max SAHAR, 4 ўриндиқли, двигатель ҳажми 2,5 литрли D-Max OKSUS, 4 ўриндиқли, двигатель ҳажми 3 литрли D-Max IRBIS модификацияларда ишлаб чиқаради ва тақдим этади.
Йилига 500 тагача ишлаб чиқарилиши мўлжалланган бу моделларнинг нархлари 270-380 млн сўм оралиғида бўлади.
Тантанали равишда бўлиб ўтган тақдимот маросими олдидан матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.
– Бу автомобиллар Японияда ишлаб чиқарилувчилари билан айнан бир хил, ҳар икки давлатда синаб кўрилганда 12-13 литр атрофида дизель ёқилғиси сарфлаши маълум бўлган. Агар Япония тарафи метанга мослаштирса, биз ҳам андоза олиб, бу ишни амалга оширишимиз мумкин. Аммо айни лойиҳада метан ёқилғиси кўзда тутилмаган.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги