Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гендер ва Ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга бaғишланган халқаро форум ўз ишини бошлади
2019-11-28 | Жамият
2019 йил 28 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган “XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш“ мавзусида халқаро форум ўз ишини бошлади. Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева очиб берди.
Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, БМТ, ЕХҲТ ДИИҲБ, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) каби нуфузли халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, ННТ вакиллари, шунингдек хорижий ва миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз кириш сўзида гендер тенгликни таъминлаш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари бутун дунёда уз долзарблигини йукотмаганинн таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас, чунки гендер тенгликка эришиш ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш жамият ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор тараққиётга эришиш учун асосий пойдевор яратиб беради. Мазкур йуналишдаги самарали сиёсат умр кўриш давомийлиги, таълим сифати, бандлик ва умуман ривожланишнинг белгиланган кўрсаткичларига эришишга кўмаклашади. Айнан шу сабабли Ўзбекистонда бу масалалар давлатимизнинг доимий диққат марказидадир.
Жорий йил да бу йўналишда муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, хотин - қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашни назарда тутувчи “Хотин - қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида“ги, “Хотин - қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонунлар қабул қилинди, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатида эса Хотин - қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолият бошлади.
Сўнгги йилларда ёшлар сиёсати масалалари бўйича ҳуқуқий база ҳам такомиллаштирилди. Жумладан, бу йуналишда 40 та норматив - ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 3 та қонун, Президентнинг 5 та фармони ва 8 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 18 та қарори қабул қилинди. Ёшлар билан боғлик деярли 70 та норматив - ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ўсиб келаётган авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги бешта муҳим ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш бўйича изчил фаолият амалга оширилмоқда. Мамлакатда ёшларнинг ижодий ривожланиши, шу жумладан имконияти чекланган шахслар учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Форум иштирокчилари хорижий мамлакатларда ёшлар манфаатларини рўёбга чиқариш, ёшлар ташкилотлари етакчиларини ўқитиш ва тайёрлаш халқаро дастурларини амалга ошириш, Европа, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидаги ёшлар сиёсатини амалга ошириш тенденциялари ҳақида ҳам хабардор этилди.
Форум доирасида халқаро экспертлар ҳамжамияти вакиллари жамият ва давлатни бошқаришда хотин - қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар манфаатларини қўллаб - қувватлаш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йуналишлари, шунингдек Ўзбекистоннинг хотин - қизлар ва ёшлар ташкилотлари фаолияти, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларида уларнинг иштироки билан танишдилар.
Хавфсиз меҳнат миграциясини тартибга солиш ва таъминлаш, одам савдосига қарши курашиш, мазкур турдаги трансчегаравий жиноятлар қурбони бўлган шахсларни, шу жумладан хотин - қизлар ва ёшларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳам Ўзбекистон Республикаси сўнгги уч йилда катта натижаларга эришгани таъкидланди. Жумладан. мамлакатимиз тарихида илк бор “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида“ги Қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб - қувватлаш ҳамда ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди, Минтақада ягона бўлган ва давлат томонидан тўлиқ молиялаштириладиган Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида“ги, “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Халқаро миграция ташкилоти аъзосига айланди.
Шу билан бирга, бу йуналишларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамай, сиёсий ҳаётда хотин - қизлар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллиги даражаси ҳали ҳам замон талабларига жавоб бермайди. Шу нуқтаи назардан гендер ва ёшлар масалаларига етарлича эътибор қаратилмаслиги кўплаб ижтимоий - иқтисодий муаммолар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Норасмий меҳнат миграцияси, мажбурий меҳнат, одам савдоси ва бошқа салбий ҳолатлар шулар жумласидандир. Ушбу иллатларга барҳам бериш масалаларида давлатлараро ҳамкорлик зарурлиги таъкидланди.
Халқаро форум якунлари бўйича билдирилган фикрларни ҳисобга олиб, шунингдек жамият ва давлат учун гендер, ёшлар ва миграция масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини эътиборга олиб, тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати
Манба: «Халқ сўзи»