Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нобель мукофоти лауреатлари иштирокидаги Халқаро симпозиум Тошкентда ўтказилади
2019-11-27 | Инновация
Илм-фан ривожланиши учун илмий-амалий конференциялар, симпозиумларнинг ўтказилиши муҳим.
Айнан шундай тадбирларда соҳа муаммолари муҳокама қилинади, фан йўналишидаги сўнгги тадқиқотлар тақдим этилади, илм аҳли ўзаро фикр алмашади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги делегациясининг Россия Фанлар академияси Биорганик кимё институти ва Биокимёгарлар жамияти раҳбарияти билан учрашуви натижасида Нобель мукофоти лауреатлари иштирокида Россияда анъанавий тарзда ташкил этиладиган Халқаро симпозиумни 2020 йил сентябрида Тошкентда ўтказилиши бўйича келишувга эришилди.
Оқсиллар ва пептидлар биокимёси соҳасидаги ушбу халқаро симпозиум Тошкентда 1978 йили ўтказилган, унда 5 та Нобель мукофоти лауреати ва дунёнинг қатор етук олимлари иштирок этган. Шундай нуфузли анжуманнинг пойтахтимизда ташкил этилиши мазкур соҳанинг ривожига хизмат қилади, жаҳон илмий ҳамжамиятининг юртимиз илм-фани вакиллари ва уларнинг тадқиқотларига қизиқишини уйғотади.
Россия Федерацияси Фанлар академияси билан ҳамкорлик илм-фан, технологияларни ўрганиш мақсадида тадқиқотлар ва мутахассислар билан алмашиш йўли билан илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда тадқиқотлар, технологик инновациялар ва ишланмалар соҳасида алоқаларни ўрнатиш учун тадқиқот институтлари, олий таълим муассасаларини ҳамкорлигини рағбатлантириш бугунги кун талабидир. Шу мақсадда академик конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, ўқув курслари ва кўргазмалар ташкил этилиши илмий-техник маълумотлар, ғоялар, адабиётлар, мақолалар, материаллар ва ускуналарни тарғиботига хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги