Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЕХҲТ ДИИҲБ Миссияси раҳбари билан учрашув
2019-11-25 | Сайлов
2019 йилнинг 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲР) Сайловни кузатиш миссияси раҳбари Каетана де Зулуэта Оутрам билан учрашди.
Музокаралар чоғида 22 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давомида Ўзбекистон томонининг ЕХҲТ ДИИҲБ тўлақонли миссияси билан ўзаро муносабатларининг амалий масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 5 та партия иштирок этаётган ҳозирги сайлов жараёни “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида ўтмоқда. Шу муносабат билан халқаро экспертизадан ўтган ва ЕХҲТ ДИИҲБ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг янги сайлов кодекси аҳамияти қайд этилди. Ушбу концептуал ҳужжат сиёсий партияларнинг мавқеи ва ролини мустаҳкамлаш, квоталашни бекор қилишни назарда тутади, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашди, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини тузишни назарда тутади.
Умуман олганда, Ўзбекистон фуқароларининг сайловда қатнашиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида 38 мамлакатда 55 та сайлов участкаси ташкил этилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жаҳоннинг 50 та мамлакати ва халқаро ташкилотлардан 700 дан ортиқ халқаро кузатувчилар Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Каетана де Зулуэта Оутрам маълум қилишича, сайловни кузатиш учун ЕХҲТ ДИИҲБ 300 га яқин кишини кўнатишни режалаштирмоқда, ушбу кузатувчилар мамлакатнинг барча минтақаларига ташриф буюриш, аксар сайлов участкаларини қамраб олиш ва сайловда қатнашаётган бешта сиёсий партиялар вакиллари билан учрашишни мўлжалламоқда.
Учрашувда сайлов жараёни давомида ҳамкорлик механизмлари ва шакллари тўғрисида келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги