Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муқобил усуллари
2019-11-21 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури доирасида 2019 йил 20 ноябрда Гулистон шаҳрида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ва унинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик судлари судьялари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, прокуратураси, адлия бошқармаси, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судлари, туманлараро судлар судьялари, адвокатлар, медиаторлар, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда “Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш: ҳуқуқий асослари ва ривожланиш босқичлари”, “Хорижий давлатларда медиация: ҳуқуқий асослари ва амалиёт”, “Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари ва ҳакамлик судларида иш юритиш тартиби” мавзуларида ҳуқуқшунос олимлар ва мазкур соҳанинг тажрибали мутахассислари маърузалар қилдилар.
Жамиятимизда ҳуқуқий маданиятнинг оширилиши, жумладан суд инстанцияларига мурожаатлар сонини кўпайишига ҳам олиб келади. Кўпгина мамлакатларда судларда кўриладиган ишлар сонини камайтиришнинг самарали усулларидан бири сифатида медиация институтидан унумли фойдаланилмоқда. Бунда низолашувчи тарафлар профессионал медиатор ёрдамида келишув йўлларини ахтариш орқали ўзаро мақбул қарор қабул қилишга эришмоқдалар. Ўзбекистон ҳам мазкур йўналишда олдинга интилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси, профессионал медиатор, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов ўз маърузасида низоларнинг муқобил ҳал қилиш усулларининг ҳуқуқий асослари яратилганлиги, жумладан ҳакамлик судлари ва медиация тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинганлигини таъкидлади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунида ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари, уларни ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тартиби, мазкур судлар томонидан ҳал этиладиган низолар, ҳакамлик битими шакли ва мазмуни, ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар, ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҳакамлик муҳокамаси, ҳакамлик судининг ҳужжатлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ва уни ижро этишга оид нормалар белгиланганлигини қайд қилди.
“Медиация тўғрисида”ги Қонунда: медиациянинг мақсади, асосий принциплари, медиаторларга қўйиладиган талаблар, медиаторларнинг ва медация тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиаторлар реестрини юритиш тартиби, медиация тўғрисида келишув, медиация жараёни, медиация натижасига низони ҳал қилинганлиги тўғрисидаги келишувга оид нормалар мустаҳкамланганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Низоларни нафақат давлат судлари (фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар), балки ҳакамлик судлари воситасида ҳал қилиш кўлами ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Бунга сабаб ҳакамлик судларида низоларни кўришнинг қуйидаги афзаллик жиҳатларидир: тарафларда судьяни мустақил танлаш имконияти мавжудлиги; низолар битта инстанцияда ҳал этилиши; иш кўриш қисқа муддатларда амалга оширилиши; ҳакамлик суди харажатлари низоларни иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриш ва ҳал этиш учун кетадиган суд харажатларидан камлиги; ҳакамлик суди муҳокамаси махфий ва ошкор қилиниши мумкин эмаслиги; ҳакамлик муҳокамаси тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланиши мумкинлигига эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди раисининг ўринбосари, профессионал медиатор Рустам Шаймардонов семинар иштирокчиларини эътиборини ҳакамлик муҳокамасининг юқоридаги афзалликларига қаратган ҳолда Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судлари томонидан 2019 йилнинг 10 ойи мобайнида жами 7745 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 233,5 млрд. сўм, 2,3 млн. АҚШ доллари, 875,5 минг Еврони ташкил қилганлигини, бу ўткан йилнинг шу даврида кўрилган ишлар сонига нисбатан 2478 тага кўпайганлигини таъкидлади.
Юридик фанлар номзоди Дилбаҳор Якубова ўз маърузасида семинар қатнашчиларини Австрия, Англия, АҚШ, Германия, Россия, Франция, Қозоғистон каби хорижий мамлакатларда медиациянинг ҳуқуқий асослари ва уни қўллаш амалиётини Ўзбекистон қонунчилиги билан таққослаган ҳолда батафсил таништирди. Хабиба Махкамова – низоларни ҳал қилишда медиациянинг ўрни мавзусини ёритиш жараёнида аниқ мисоллар билан семинар иштирокчиларининг эътиборини жалб қилди.
Семинар тадбиркорларнинг фаол иштирокида, баҳс-мунозарали ўтди, шунингдек унда маърузачиларга низоларни муқобил ҳал қилиш усулларини қўллашда юзага келаётган масалалар бўйича саволлар берилди.
Илмий-амалий семинар якунида низоларни муқобил ҳал қилишнинг афзалликларини тарғибот қилиш доирасини тубдан кенгайтириш ва кучайтириш, шунингдек ҳакамлик судлари фаолиятини янада оммалаштириш, барча ҳудудларда медиация марказларини ташкил қилиш, профессионал медиаторларни тайёрлаш сонини кўпайтириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси