Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фарғона вилояти ҳокимлигининг тадбиркорларга МУРОЖААТИ

2019-11-17 | Жамият

Азиз ҳамюртлар!

Ўзбекистон халқи буюк ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Дунё нигоҳи бугун юртимизга қаратилган, чунки у янги Ўзбекистонни кашф этмоқда. Давлатимиз раҳбари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини энг буюк қадриятга айлантиришни, ҳар бир фуқаро ўз ҳаётидан рози бўлиб яшайдиган янги жамиятни қуришни муҳим вазифа деб топширганлар.

Шу асосда вилоятимизда 3 йилдан буён – Янги марралар”, “Янгича фикрлаш”, “Янгича ёндашув деган шиорни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, турмуш тарзида рўй бераётган ўзгаришлар, ечимини кутаётган муаммолар замиридаги олий мақсад - аҳолини айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг иш билан бандлиги, кам таъминланган қатламни тадбиркорликка жалб этиш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига жиддий эътибор қаратган эдилар. Бу вазифаларни бажаришда иштирок этиш ҳар бир фарғоналик учун фаҳр бўлиб қолмоғига ишонаман.

 Азалдан бир ақида бор: “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган. Бугуннинг юқори авлоди “аввал сиёсат” ҳукмрон бўлган жамият фожиасини ўз бошидан ўтказган. Шукурки, мамлакат мустақилликка эришгач эркин иқтисодий сиёсатга устуворлик берилди.

Аҳолиси деярли 4 миллион нафарга етаётган вилоятимиз ҳар жиҳатдан мамлакат миқёсида муносиб ўринга эга. Жумладан, тадбиркорлик борасида ҳам. Биргина тадбиркорлик субъектларининг вилоят саноат маҳсулотларидаги улуши 42,6 фоиздан ошди.

Тадбиркорлик йўналишида Давлат мукофоти билан тақдирланган - “Сайқал” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ниёзов Абдурахмон, “Наримтекс” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси раҳбари Аминова Наргиза, “Махсус пласт полимер” МЧЖ таъсисчиси Йўлдашев Шавкат, “Агромакс долина” хорижий корхонаси таъсисчиси Маматов Хакимназар, “Страус Фарм” қўшма корхонаси таъсисчиси Хожиахмедов Мамасабир, шунингдек, бугунги кунда фаоллик кўрсатаётган – “Меҳригиё” МЧЖ раҳбари Нуриддинов Хондамир, “Олтин водий” МЧЖ раҳбари Юнусов Эркин, “Шаффоф омадли саноат” қўшма корхонаси раҳбари Тошматов Улуғбек, “Глобал текстил” МЧЖ раҳбари Раззоқов Музаффар, “Модерна керамик индастрис” қўшма корхонаси раҳбари Ахмедов Дилмурод, “Экспо коллор принтекс” МЧЖ раҳбари Абдуқаххор Жўрабоев каби тадбиркорларнинг номи мамлакатимиз ташқарисида ҳам таниш. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар янги Ўзбекистон брендини дунёга танитмоқда.

Аммо ҳали жамиятимизда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, вилоятимизнинг барча ҳудудларида юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, замонавий ва фаол тадбиркорлар сафини кенгайтиришимиз зарур.

Шаҳар ва қишлоқларимизнинг чиройи, ижтимоий соҳаларнинг ривожланиб бориши ва такомиллашуви, одамлар ҳаётининг фаровонлашуви – буларнинг ҳаммасида Сиз, азиз тадбиркорларнинг ҳиссангиз катта. Сиз тўлаётган солиқлар туфайли мамлакат бюджети ўсиб боряпти ва бу маблағлар Ватан равнақи, халқ фаровонлигига йўналтирилмоқда. Ўзини шу юрт ва халқнинг асл фарзандиман деган ҳар бир тадбиркор фаолиятини кенгайтириш мамлакатимиз истиқболига хизмат қилишини англаб турганига шубҳам йўқ.

 Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг қонуний асослари яратилиши туфайли мамлакатимиз дунёдаги энг яхши 20 та ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди.

 

Азиз фарғоналиклар!

Қадим-қадимдан халқимиз зиёли ва тадбиркор бўлган. Тадбиркорлик қобилиятини ривожлантиришда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 32 мингта фуқароларга 563 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Тикувчилик, чорвачилик, ёғочсозлик каби соҳаларга ихтисослашган ўнлаб оилалар элга танилди. Уларда “Устоз-шогирд” лойиҳаси доирасида минглаб ёш йигит-қизлар ҳунар ўрганмоқда.

Натижада юзлаб муҳтож оилаларда уй меҳнати, касаначилик ва бошқа турдаги тадбиркорлик ташкил этилди. Ўз навбатида шу йўл билан оилаларнинг қўшимча даромад манбаи яратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз асосий эътиборни кафолатланган иш ўрни ташкил этадиган ва ялпи ички махсулот ҳажми ошишига таъсир кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратамиз.

 Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизнинг фаолиятингизни ривожлантириш, самарадорлигини ошириш, янги ишчи ўринлар яратиш борасидаги ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлаш учун вилоят, шаҳар ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари ҳамда барча даражадаги раҳбарларнинг кичик бизнес соҳасини ривожлантириш борасидаги иш услуби тубдан ўзгартирилмоқда. Бундан буён ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари 70 фоиз иш вақтини тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга сарфлайди, ҳафтанинг душанба, сешанба ва чоршанба кунлари фақатгина тадбиркорлик масалалари билан шуғулланади 

Шу кунга қадар, 4 та сектор раҳбарлари ва бошқарма, ташкилот раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида ҳамда 15 мингга яқин тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда тушган 1960 та мурожаатлар, Бош вазир қабулхонасига тушган 1361 та муаммоли масалалар ижобий ҳал этилди (кредит ажратиш, бино ва ер ажратиш масаласида).

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг вилоят, шаҳар ва туманлардаги Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорлик фаолиятидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб борувчи доимий Штаблар фаолияти йўлга қўйилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, вилоятимизда 4903 та юридик шахслар ва 4500 та ЯТТлар фаолият кўрсатмаяпти. Биз биринчи навбатда уларнинг фаолиятини тиклашга кўмаклашиш вазифасини олдимизга қўйганмиз. Шу кунгача уларнинг 3793 таси фаолияти қайта тикланди. Уларга 3,4 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди, бошқа юридик шахслардаги дебитор ҳақдорлигини ундиришга ёрдам берилди, маҳсулотини ички ва ташқи бозорда сотишга, шартномалар тузишларига амалий кўмак кўрсатилди. 3192 та тадбиркорлар билан бирма-бир суҳбатлашилиб, уларнинг электр, газ, сув, ер ва бошқа масалалардаги муаммоларини ҳал этиш орқали фаолиятларини тиклашга эришилди.

Тадбиркорлар дуч келадиган муаммолардан бири уларга ер-мулк ажратиш билан боғлиқ. Муаммо ечими йўлида қўйилган дастлабки қадамлардан бири шуки, вилоятимизда бўш ер участкалари электрон аукцион савдога чиқарилмоқда. Шу йилнинг ўзида 34,3 гектар

495 та бўш ер участкалари электрон аукцион савдога жойлаштирилди.

Халқимизнинг таянчи бўлган тадбиркорларга шуни айтмоқчиманки, бундан буён хақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади. Бирон бир мансабдор кимгадир ўзгача йўл билан ер ажратишига йўл қўйилмайди. Шундай бўлган ҳолда унинг қарори бекор қилиниб, ўзи жавобгарликка тортилади.

Яна бир гапни айтмоқчи эдим, шу пайтга қадар кредитлар айниқса, имтиёзли кредит маблағлари мурожаат қилган “муҳтож” тадбиркорларга бериб келинди. Бундан буён иш ўринлари мавжуд ишлаб чиқариш ташкил этиш “хоҳиши бор” тадбиркорга устуворлик берилади. Мақсадимиз кредит маблағларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишдир.

Маълумки, шу кунгача тадбиркорга кредит ажратилиши масаласида банклар ўзининг вилоят, республика раҳбарияти хулоса ва тасдиғини олиши зарур эди. Муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари асосида бундан буён вилоят, республика банклари ваколатларини туман, шаҳар банкларига бериш йўли билан ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жорий йилни Фарғонада саноатни ривожлантириш ва инвестиция олиб кириш йили бўлади ва уни Фарғона тажрибаси деб атаймиз” дегандилар.

Биргина рақам келтирмоқчиман, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят иқтисодиётига 332,5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тадбиркорлар киритди.

 Бугунги кунда вилоятда 401 та хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Йил якунига қадар уларнинг сонини 500 тага етказиш бўйича ишларни ташкил қилмоқдамиз. Сиз азиз тадбиркорларга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, ҳар бирингиз ана шу қўшма корхоналарнинг муассисларидан бири бўлиш имкониятингиз бор. Вилоятимизга Россия, Хитой, Корея каби кўплаб давлатлардан сармоядорлар маҳаллий ҳамкорларни излаб келиб туришибди. Биз ўтказаётган “Бизнес форум” ва ярмаркаларда фаол иштирок этиб, ўзингизга ҳорижий ҳамкор танлаб, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этишингизни ҳамиша қувватлаймиз.

Тадбиркорлик фақат саноат корхоналари билангина белгиланмайди. Келгуси йилдан Фарғона вилояти пахта етиштиришда 100 фоиз кластер усулига ўтади.

Илгарилари пахта хом-ашёси экспорти устувор йўналиш бўлган бўлса, эндиликда уни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. Бу эса тўқимачиликдан ташқари озиқ-овқат, қурилиш материаллари, ҳатто фармацевтика саноатини ташкил этиш имконини беради.

Шахсан мен, вилоят ҳокими вилоятимиз тадбиркорларини ташкил этилган ва этилаётган кластерлар билан шу соҳаларда ҳамкорлик қилиш борасида ташаббус кўрсатишларини илтимос қиламан.

Фарғона вилоятида 2019-2020 йиллар давомида Олтиариқ, Қува туманлари ва Қувасойда жами 7 минг гектар майдонда узум, анор ва гилос боғлари ташкил этилиши лозим. Мақсад фақат мева етиштириш эмас, уни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш каби тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ йўналишларни ҳам ташкил этишдир. Ишонаманки, сиз, менинг тадбиркор дўстларим бу соҳада ҳам фаоллик кўрсатасиз.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, шахсан мендан тортиб, барча сектор раҳбарлари, хизмат кўрсатиш идоралари, хатто жамоат ташкилотлари ҳам тадбиркорга хизмат қиладилар. Ҳар бир идоранинг кун тартибида устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилиш бўлади.

Бундан буён тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи куч эканини ҳис қилиш лозимга. Барча маҳаллий давлат идоралари фаолиятига баҳо беришда улар энг аввало тадбиркорлар манфаатига қандай хизмат қилаётганига қаралади. Уларнинг бу борадаги фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Вилоятимиз шаҳар ва туманларида тадбиркорликни ривожлантиришда ҳар жойнинг ўз хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ихтисослашувни ташкил этиш заруратга айланди. Вилоятда аҳоли жон бошига саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ўртача 3,9 млн.сўмни ташкил этмоқда. Аммо Фарғона, Қўштепа, Учкўприк туманларида бу рақам 1,0 млн.сўм атрофида. Демак, бу туманларда тадбиркорликни ривожлантиришга қўшимча шарт-шароит яратишимиз зарур.

Бешариқ, Ўзбекистон туманлари вилоятнинг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати марказига айланмоқда. Аммо биламизки, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва полизчилик, айниқса пиллачилик учун ҳам қулай шароитлар ва анъаналар мавжуд. Тадбиркорларга ўз махсулотларини қайта ишлайдиган лойиҳалар тузиши ва амалга оширишида кўмакдошмиз.

Фурқат, Данғара туманларида тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника ва чарм-пойафзал саноати, балиқчилик ҳамда чорвачиликни ривожлантиришда тадбиркорларга суянамиз. Улар шу йўналишларда ташкил этган фаолияти доимо бизнинг эътиборимизда бўлади.

Бувайда шоликорлари, Учкўприк тўқимачилари, Бағдод мебелсозлари эл тилига тушган. Энди бу туман тадбиркорлари енгил саноат, балиқчилик, фармацевтика, мева-сабзавотни қайта ишлаш каби соҳаларда ҳам ибрат кўрсатадилар, деб ишонаман.

Кулолчилик ва боғдорчилик маркази бўлган Риштон ҳамда Олтиариқ туманларида мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари саноати йўналишида корхоналар, логистика марказлари ташкил этишга устиворлик берилади.

Ёзёвон ва қўштепа яқин вақт ичида фармацевтика, тўқимачилик-трикотаж саноати ривож топган туманларга айланади. Тадбиркорларнинг бу соҳаларни яратиш ва кенгайтириш борасида олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

 Сўх туманида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, интенсив усулда пистазорлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Қува туманида мевани қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш, логистик марказ очиш учун қулай шароитлар мавжуд. Тошлоқда енгил саноатни чуқурлаштириш, пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришнинг янги, замонавий кичик технологияларига асосланган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, Фарғона туманида эса ҳамон Тошкентдан келтирилаётган пардоз ғиштлари ва черепица плиталар ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш имкониятлари ҳалигача ишга солинмади. Мавжуд тадбиркорлик субъектлари, энди фаолиятини бошламоқчи бўлган тадбиркорлар бу соҳаларга жиддий эътибор беришларини сўраймиз.

 Тадбиркорлар Қувасойда масалан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоқлари қулай имкониятларидан ҳамон самарали фойдаланмаяптилар. Биз шу борада ўз ишини юритаман деган ҳар бир тадбиркорга энг қулай шароит яратиб берамиз. Шунингдек, меваларни қадоқлашни йўлга қўйиш ҳам устивор вазифалардан. Ўйлайманки, қувасойлик тадбиркорлар бу масалада ўз таклифларини киритадилар.

Қадим-қадим тарих Марғилон ва Қўқон шаҳарларида заргарлик, чарм-пойабзал ва албатта ҳунармандчиликнинг ипакчилик билан боғлиқ турлари етти иқлимга донг таратганини ёзади. Бугунга келиб шаҳарда заргарлик, миллий оёқ кийимлари кичик корхоналарини ташкил этишни тақозо қилмоқда. Тадбиркор дўстларим айнан шу йўналишга алоҳида эътибор қаратсалар айни муддао бўларди.

Ўзбекистонда кимё ва нефт саноати тараққий топган шаҳарлардан бири – шубҳасиз Фарғонадир. Бу икки йирик саноат тармоқларида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар жуда кўп. Таъминот, қадоқлаш, хом-ашёдан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқариш, уларни экспорт қилиш... Булар тадбиркорларни кутмоқда. Энг муҳим жиҳатлардан яна бири – тармоқ раҳбарияти ҳамкорлик қиламан деган тадбиркорларни кутмоқда.

Бу борада, 2019-2020 йилларда “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖда 450 млн. долларлик, “Бешариқ Ясин қурилиш моллари” қўшма корхонасида 120 млн. долларлик “Кварц” АЖда 71 млн. долларлик, “ВNBM” қўшма корхонасида 50 млн. долларлик, “Қўқон супер фосфат заводи” АЖда 20 млн. долларлик, лойиҳалар амалга оширилади.

Биламан, ҳар қандай ишлаб чиқариш ёки тадбиркорликнинг бошқа йўналишларини амалга ошириш газ, сув, электр таъминоти каби масалалар билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам бундай ресурслар билан энг аввало тадбиркорлик субъектлари таъминланмоқда. Ишонинг, мен вилоят ҳокими сифатида бу масалада тадбиркорлик фаолиятини бошлаган инсонларнинг энг яқин кўмакчисиман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 июнь куни “Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги барча кичик саноат зоналари вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси” тасарруфига бирлаштирилди.

Айни дамда вилоятимизда умумий майдони 103 гектардан иборат 14 та кичик саноат зоналарида амалга оширилаётган, қиймати 800 млрд. сўм бўлган 91 та лойиҳалардан бугунги кунда 125 млрд.сўмлик 46 та лойиҳалар ишга туширилди.

Ҳали бу кичик саноат зоналарида ўзлаштирилмаган қувватлар, имкониятлар тадбиркорларни кутмоқда.

Қўқон эркин иқтисодий зонаси хақида батафсилроқ тўхталмоқчиман. Чунки у вилоят тадбиркорлик субъектлари учун имкониятгина эмас, балки тажриба мактаби ҳамдир.

Қўқон эркин иқтисодий зонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги Фармонига асосан ташкил этилган. У жами 3 та ҳудуддан иборат бўлиб, 709,3 гектар ер майдонда жойлашган.

Қўқон эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган лойиҳаларда 60 млн.доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилди, шундан 15 млн.доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ташкил этди. Хусусан: “Дўст текстил” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси, “Шаффоф омадли саноат” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси, “Хат Декор” хусусий корхонаси, “Имкон пласт сез” МЧЖ шулар жумласидан.

Амалга оширилган лойиҳалар доирасида Қўқон эркин иқтисодий зонаси иштирокчилари томонидан январь-октябрь ойларида 475 млрд.сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ва 4,7 млн.долларлик маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ва шу каби бошқа давлатларга экспортга йўналтирилган.

Юқорида таъкидлаганимдек, Қўқон эркин иқтисодий зонаси 3 та ҳудуддан иборат бўлиб, катта майдонни экаллаган гектар майдонни эгаллаган. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари йўлга қўйилган. Табиий газ, электр, ичимлик ва оқава сув тармоғи, автомобиль йўллари, алоқа билан таъминлаш ишлари ҳал этилган. Куни кеча қуввати 50 минг кВа бўлган 29 млрд. сўмлик трансформатор пункти ўрнатилди, темир йўл тармоғига уланиш борасида қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда.

Қўқон эркин иқтисодий зонасига яна юзлаб тадбиркорлар ўз лойиҳаларини жойлаштиришлари, яратилган қулай шароит ва имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Билиб қўйинг, ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги мажбуриятимиздир.

Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – вилоятимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли вилоятда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Келаётган 2020 йилга режаларимиз янада катта. Ҳар бир ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз.

Шу ўринда мен халқимиз бунёдкор деб ардоқлайдиган қадрли қурувчиларга мурожаат қилмоқчиман. 2020-2024 йилларда Қўқон шаҳрида 156 та 12 минг квартирали, Марғилон шаҳрида 123 та 10 минг квартирали, жами 279 та 22 минг квартирали 9,12,16 қаватли уйлар қурилади.

Шаҳар, туманларда ишлаб чиқариш корхоналаридан ташқари ўнлаб ижтимоий, хизмат кўрсатиш иншоотлари, турар-жойлар қуриш вазифаси турибди. Вилоятда пок ниятли “Файз бинокор Олтиариқ” МЧЖ, “Барака файз инвест” МЧЖ, “426-ХКМК” МЧЖ, “296-ХКМК” МЧЖлар каби тадбиркор-қурувчилар жамоалари шаклланган. Ишонаманки, қурилиш соҳасида ўз қобилиятини намойиш этиш ниятида бўлганлар ҳали талайгина ва улар бизнинг қанотимиз, ҳурматимиз ва доимий кўмагимиз остида бўладилар.

Тадбиркорга давлат ва ҳуқуқ назорат идоралари илгари қандай кўз билан қарагани сир эмас. Бундай муносабат маълум муддат одамларда тадбиркорликка қизиқишни сусайтирди. Аммо энди ҳеч қачон бундай бўлмайди. Тадбиркорликка ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади. Ҳар бир тадбиркорнинг мулки даҳлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, асоссиз равишда унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади.

Тадбиркорни ўз ишидан қолдириб мажлисбозлик қилишга бутунлай чек қўйилади.

Тан олиш керак. Баъзида тадбиркорга унинг ихтиёрига қарамай ҳомийлик қилиш каби вазифалар ноўрин равишда юкланган. Фарғона вилояти ҳокимлиги номидан шуни алоҳида таъкидлайманки, бундай ҳолатга ҳеч қачон йўл қўйилмайди. Тадбиркор мулки ва маблағини ўз инон-иҳтиёри билан тасарруф этади. Бирон бир идора уни фаолиятига аралашмайди, унинг амалий-молиявий ҳолатини ноқонуний текширишларига батамом чек қўйилади.

 Муҳтарам тадбиркорлар!

Инновацион ривожланиш йўлида илғор ғоялар, “ноу-хау” ва ақлли технологияларга асосланган тадбиркорлик йўналишларини кенгайтирайлик.

Ташқи бозорга чиқараётган махсулотларимиз сифатлилиги билан юртимизга кўпроқ инвестиция жалб этилишига муносиб ҳисса қўшайлик.

Президентимизнинг “Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман” деган сўзлари ҳар бирингизга куч-қувват бўлсин.

Сизларни бугунгидек янги жамиятни шакллантириш даврида фаоллик кўрсатишга чақираман.

Юқорида таъкидлаганимдек вилоятнинг барча бошқарув идоралари масъуллари, мен – вилоят ҳокими сизларнинг энг яқин кўмакдошингиз ва ёрдамчингиз бўламиз деб кафолат бераман. Бутун куч, бор билим ва тажрибангизни тадбиркорликни ривожлантиришга сарфланг! Бирон бир муаммо, таклиф туғилганида менинг ва барча ўринбосарларимнинг эшиги Сиз учун ҳамиша очиқ, телефон орқали ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.

Фарғонани янги Ўзбекистоннинг энг ривожланган ҳудудига айлантириш йўлидан биргаликда борайлик!

Тадбиркорларнинг мурожаатлари учун телефонлар:

Фарғона вилоятининг ҳокими:

Шухрат Ғаниев +998 93 979-06-52

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари:

Фарход Тошпўлатов +998 94 660-41-30, +998 73 244-02-22

Вилоят ҳокимининг ўринбосари:

Мухсинхўжа Абдураҳмонов +99890 976-14-28

Манба: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Поделиться