Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қулайликлар яратиш мақсадида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тадбиркорлар ва ишбилармонларга вилоят ҳокимининг МУРОЖААТИ
2019-11-17 | Жамият
Қадрли дўстлар ва азиз ишбилармонлар!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2019 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пировардида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобига халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, шунингдек аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, муҳтарам юртбошимиз «Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди» деган устувор ғояни илгари сурдилар.
Бундан ташқари, “ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишга сарфлаши лозимлиги” таъкидлаб ўтилди.
Тадбиркорлик – бу энг аввало ҳудудни ҳар томонлама ривожланишининг асосий иқтисодий воситаси ва тараққиёт локомотиви ҳисобланади.
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, муҳтарам юртбошимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари бежизга эмас. Сабаби мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ривожланган давлатлар сафидан жой олишда кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни ва роли ўта муҳимлигини барчамиз виждонан ҳис қилишимиз лозим.
Тарихдан ҳам маълумки, улуғ бобоколонимиз Амир Темурнинг «Тажрибамда кўрилганким, ишбилармон ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир», деган хулосасини келтириб ўтиш ўринлидир.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, кундалик фаолиятида учраётган муаммоларни Ҳукумат даражасида ҳал этилиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналари ташкил этилганлиги ҳам бунинг яққол исботидир.
Қабулхоналар ташкил этилгандан кейинги давр мобайнида улар томонидан вилоят бўйича 1108 нафар тадбиркорларнинг 984 та муаммоли масалалари ижобий ҳал этиб берилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Оддий қилиб айтганда бугун ҳар бир тадбиркор давлат ҳимоясида эканлигини англаб етмоқда.
Ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес субъектлари жаҳон мамлакатларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ривожланган давлатларда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдини ташкил этади ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди.
Бугунги кунда вилоятимизда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сони 10189 тани ташкил этиб, уларда жами иш билан банд аҳолимизнинг 60 фоизи меҳнат қилмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар! Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига вилоятимизда бюджет даромадлари 1,1 трлн.сўмни ташкил этиб, уларнинг 830 млрд.сўми ёки 74 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Маҳаллий бюджет харажатларини таҳлил қиладиган бўлсак, 835 млрд.сўм ёки 67 фоиз харажатлар айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ соҳаларга йўналтирилмоқда.
Шу жумладан, таълим соҳасига 484 млрд.сўм, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасига 305 млрд.сўм, маданият ва фан соҳасига 10 млрд.сўм, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар учун 36 млрд.сўм маблағлар ажратилган.
Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоят бўйича 11 та туман, шаҳарлардаги 32 та қишлоқлар ва маҳаллаларда ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик сув объектлари, ички йўллар, ободонлаштириш ва пиёдалар йўлакларини қуриш ишларига 65 млрд.сўм маблағ сарфланди.
Бундан кўриниб турибдики, жамғарилаётган ушбу маблағлар асосан фарзандларимиз келажаги учун, ногирон, кекса ва беморлар соғлиқларини тиклаш учун йўналтирилмоқда.
Албатта, бугунги кунда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида Сиз азиз тадбиркорларимизнинг муносиб ҳиссангиз бор.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Муҳтарам Президентимизнинг сўзлари билан айтганда, “Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”.
Бу борада Ховос туманига юртбошимизнинг жорий йилдаги ташрифлари давомида биз сирдарёликларга ишонч билдириб, тадбиркорликни ривожлантиришда республика бўйича “Ховос тажрибаси”нинг жорий этилиши жуда катта масъулият юклади.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, вилоятда қуйидаги устувор вазифаларни белгилаб олдик:
биринчидан, ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улушини бугунги кундаги 76 фоиздан йил якунига қадар 80 фоизга ошириш;
иккинчидан, муҳтарам Президентимизнинг Фармони билан
897 гектар майдонда ташкил этилган Эркин иқтисодий зонадаги 41 та лойиҳаларни амалга ошириш ва уларга Фармонда назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш орқали импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
учинчидан, вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини уч тоифага ажратиш, хусусан, ўзи, ҳеч қандай ёрдамсиз мустақил фаолият кўрсатаётган субъектлар, тўлиқ қувватда ишламаётган субъектлар, фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари рўйхатларини шакллантириб, ҳар бирининг муаммоли масалалари ёки ишламаслик сабабларини аниқлаш ҳамда муаммоларини ечиш юзасидан йўл харитасини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;
тўртинчидан, сув танқислиги туфайли фойдаланишдан чиқиб кетган 4600 гектар экин майдонларига артезиан қудуқлар қазиш орқали кичик (1-5 гектарлик) боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа йўналишлар бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш;
бешинчидан, “Е-ижро аукцион” электрон савдо майдонига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 94 гектарлик 339 та ер участкаларини савдога чиқариш ва ушбу ер участкаларида савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчалари ва ишлаб чиқариш цехлари ташкил этиш;
олтинчидан, вилоятда мавжуд 551 та бўш турган объектларни ижарага бериш ёки сотиш орқали кичик бизнес субъектларини ташкил қилиш каби масалаларни биргаликда амалга оширамиз.
Бугунги кунда тадбиркорлар учун солиқ тизимида алоҳида имтиёз ва преференцияларнинг берилганлиги, жумладан, солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Солиқ турлари орасида энг юқори ставкали солиқ ҳисобланган қўшилган қиймат солиғининг амалдаги 20 фоиз ставкаси 2019 йил
1 октябрдан бошлаб, 15 фоизга пасайтирилди.
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, бугун кичик ва ўрта бизнес секторида ишлаётган ҳар юз ишчининг 60 нафари меҳнат қонунчилиги асосида расмийлаштирилмаганлиги, уларга конверт усулида иш ҳақи берилиши ушбу ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда.
Бошқача айтганда, келажакда улар пенсия ва бошқа нафақа олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда бугундан бошлаб, ҳар бир тадбиркор норасмий ишлаётган ишчи-хизматчиларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат дафтарчалари юритиш, ўрнатилган тартиб асосида иш ҳақи бериш тизимини йўлга қўйиб, уларнинг келажак ҳаётидаги ижтимоий нафақа ва пенсия олиш заминини яратиши керак.
Вилоятимиз кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун барча қулайликлар ва имкониятларга эга.
Жумладан, вилоятимиз пойтахтга яқинлиги, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадошлиги эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт қилиш имконияти юқорилигидан далолат беради.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун хом ашё базасининг етарли эканлиги, инфратузилма объектларининг, жумладан магистрал автомобил йўллари ва темир йўллари мавжудлиги билан бошқа вилоятлардан ажралиб туради.
Биргина мисол, вилоятимиздан ўтувчи М-34 ва А-373 автомагистрал йўлларидан бир суткада ўрта ҳисобда 45-50 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланишини инобатга олсак, ушбу автомагистрал йўл бўйларида аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш, жумладан умумий овқатланиш, автотранспорт воситаларига техник хизматлар кўрсатиш, меҳмонхоналар, мотеллар ва бошқа хизмат турларини ташкил қилишни йўлга қўйишимиз мумкин.
Шу ўринда барчангизни муҳтарам юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақираман!
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар, ўз фаолиятларингизни янада кенгайтириш, қўшимча имкониятларни ишга солиб, ҳар бирингиз камида 1 ёки 2 тадан иш ўринлари ташкил этиб, банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминласангиз вилоят бўйича янги иш ўринлари 10 мингдан 20 мингтагача ортади. Бу эса қанчадан-қанча оилаларнинг фаровонлигига ва турмуш даражасининг ортишига олиб келади. Ушбу ишларни амалга оширишда мен вилоят ҳокими сифатида Сиз азизларнинг биринчи даражадаги кўмакчингиз бўламан.
Бу борада эркин фаолият юритишингиз учун қонун устуворлигини таъминланишига;
ҳудудларда тадбиркорликни йўлга қўйишингизда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда ва ер майдони ажратилишида;
Сизнинг тадбиркорлик фаолиятингизга ноқонуний текширишларга барҳам берилишига, солиқ шаффофлигини таъминланишига кафолат бераман.
Шунингдек, барча масалаларда шахсан менга куннинг исталган вақтида, (67) 235-01-23 телефонига мурожаат этишингиз мумкин. Юқоридаги масалалар юзасидан вилоят прокурори Р.Машарипов (67 235-10-07)га, Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Мавлянов (67 225-55-50)га ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ж.Ғоибов (67 225-36-19) ларга ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.
Сизлар учун доимо вилоят ҳокимлиги ва барча ташкилотларнинг эшиклари очиқ.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилайман.
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги