Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
IT Парк ва Инҳа университетининг халқаро ва миллий компаниялар билан ҳамкорлигини ривожлантириш муҳокама қилинди
2019-11-15 | Технологиялар
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов иштирок этди. Шу билан бирга, Huawei, KT, UZBEKTELECOM, UMS, UCELL, BELINE, ZTE, RWC компаниялари раҳбарлари иштирок этдилар.
—"Бугунги кунда IT Парк умумий майдони 2800 квадрат метр бўлган биринчи биносини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари якунланди. Унда 300 нафар мутахассисга эга резидент компаниялар, шунингдек, электрон тижорат, сунъий ақл, ахборот технологиялари таълими, молия ва тиббиёт технологиялари йўналишлари бўйича дастлабки 15 та стартап ташаббуслари акселерация ва инкубация дастурларида иштирок этиш учун жойлаштирилди.
Ахборот технологиялари йўналишига инвестицияларни жалб қилиш, шу жумладан, мамлакатда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун масъул бўлган янги ташкил этилган корхона IT Парк мажмуасида мамлакатимиздаги барча ахборот технологиялари жамоалари, шу билан бирга бутун Марказий Осиёнинг консентрацияси кутилмоқда. Ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича энг яхши мутахассисларни халқаро даражага мос юқори технологик комплекс яратиш учун жалб қилиш режалаштирилмоқда"— деди АКТ вазири Ш.Содиқов бўлиб ўтган очиқ мулоқатда.
Учрашув якунида томонлар ахборот технологиялари соҳасида изчил ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, ўзаро амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳолати билан боғлиқ бўлган масалалар муҳокама қилинди ва Ўзбекистондаги лойиҳалар портфелини янада кенгайтириш йўллари ишлаб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги