Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Илк бора бошланғич синф ўқувчиларининг билим даражаси халқаро тизим бўйича АҚШнинг молиявий кўмаги билан баҳоланади

2019-11-14 | Таълим

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг 70 та умумтаълим мактабларидан 2,8 минг нафар ўқувчи ўзбек-америка лойиҳаси доирасида бошланғич синфда ўқиш (EGRA) ва математика (EGMA) кўникмаларини баҳолаш бўйича тадқиқотларда иштирок этади.

14 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги 238-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм иштирокида EGRA ва EGMA пилот лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

EGRA ва EGMA тадқиқотлари бошланғич синфларни ўқитишда тизимли бўшлиқларни ташхислаш ва уларни ҳал этишнинг энг мақбул ечимларини аниқловчи, ўқиш ҳамда саводхонлик кўникмаларини синовчи илмий асосланган моделлар ҳисобланади.

Ушбу тадқиқотлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа 2019 йил 28 сентябрда ХТВ ва USAID ўртасида 50 миллион долларга имзоланган беш йиллик ривожланиш мақсадлари тўғрисидаги битимнинг биринчи таркибий қисмидир.

EGRA ва EGMA тадқиқотлари юртимизнинг 12 вилоятида 7 тилда ҳамда инглиз тилида олиб борилиши режалаштирилган.

Пилот тадқиқотлар икки ҳафта давомида мамлакатимизнинг 70 та мактабида ўтказилади ҳамда 1,4 мингта 2-синф ва 1,4 мингта 4-синф ўқувчиларини қамраб олади.

Синовнинг асосий мақсади ҳар бир тил учун воситаларни синаб кўриш, маълумотларни йиғиш, шунингдек ушбу тилларда имтиҳон топшириш амалиётини синаб кўришдан иборат.

Тест ўтказиш учун 5 нафар имтиҳон олувчилардан таркиб топган гуруҳлар ташкил этилди.

2020 йилнинг май ойида Ўзбекистон мактабларида тўлиқ тадқиқотлар ўтказилиши режалаштирилган. Тадқиқотлар 10 кун давомида тасодифий танланган 940 та мактабда ўтказилади. Мазкур жараёнга 11,28 мингта 2-синф ва 4-синф ўқувчилари қамраб олинади. Синовларда ҳар бир синфда 12 нафар ўқувчи иштирок этади.

EGRA ва EGMA тадқиқотларининг якуний натижалари 2020 йилнинг август ойида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугунги кунга қадар ўқувчилар билимини баҳолашнинг объектив тизими йўқлигини таъкидлади:

- Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги халқаро тажриба ва тадқиқотлар асосида бу каби тизимларни жорий этиш устида ишламоқда. Илк бора халқаро тизим асосида ўқувчилар билими баҳоланяпти. Ушбу тадқиқотлар Ўзбекистон натижаларини бошқа давлат маълумотлари билан таққослаш ва уларни ҳал этишнинг энг яхши усулларини топиш имконини беради. Шу муносабат билан директор ва ўқитувчиларни баҳолашнинг холислигини таъминлашга чақираман. Чунки маълумотлар таълим тизимидаги муаммоларни аниқлашга ёрдам беради, - дейди вазир.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениел Розенблюмнинг таъкидлашича, EGRA ва EGMA бошланғич синф ўқивчиларнинг саводхонлиги ва математика бўйича кўникмаларини баҳоловчи оддий, арзон ва кучли воситадир. Мен “баҳолаш” сўзи бекорга танланмаганлигини таъкидламоқчиман. Бу восита боланинг билими, ўқитувчининг дарс бериши ёки директорнинг мактабни бошқарув кўникмаларини текширмайди. Шунингдек, жараёнда ўтиш ёки ёмон баҳо бўлмайди. Тиббиёт ходимлари беморга муолажа белгилаш, кўрикдан ўтказишдан аввал уни текширади. EGRA ва EGMA эса бошланғич синфларда ўқиш ҳамда математика бўйича кўникмаларига баҳо беради. Баҳолаш натижаларига кўра янги ўқув дастурлари, ўқитиш услуби ва ёндошувлар Ўзбекистон ёшларининг яхши натижа кўрсатиши учун мослаштирилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться